Бошқа жинс вакиллари билан гаплашиш

Савол: Бегона аёлга қараш гуноҳми?

Жавоб: Аёллар эркакларга ва эркаклар аёлларга заруратсиз ёки шаҳват билан қарашлари гуноҳ бўлади. Ояти каримада маолан буюрилганки:

“Эй Расулим, мўминларга айтгин ҳаромларга қарамасинлар ва аврат жойларини ҳаромлардан қўрғасинлар! Имонли аёлларга ҳам айтгин, ҳаромга боқмасинлар ва аврат маҳалларини ҳаромлардан сақласинлар!” (Нур, 30)

Ҳадиси шарифларда марҳамат қилинганки:

“Эркакнинг аёлга, аёлнинг ҳам эркакка (шаҳват билан) қараши ҳаромдир” (Табароний)

“Ҳаромга қараш, шайтоннинг заҳарли ўқидир. Аллоҳу таолодан қўрқиб бегона аёлга қарашдан ўзини тийганга имоннинг лаззатини туйиш насиб бўлади.” (Ромуз)

“Бегона аёлга шаҳват билан қараган кишининг кўзлари ўт билан тўлдирилиб, жаҳаннамга ташланади. Бегона аёлга қўли текканнинг қўллари энсасидан боғланиб жаҳаннамга улоқтирилади, заруратсиз ёки шаҳват билан гаплашган киши ҳар бир сўзи учун минг йил жаҳаннамда ёнади.” (Р.Носиҳин)

“Қўшнининг ва дўстининг аёлига шаҳват билан қараш бегона аёлга қарашдан, оилали аёлга қараш қизга қарашдан ҳам оғирроқ гуноҳдир. Зино ҳам шундай” (Р.Носиҳин)

Эркак кишининг номаҳрам аёл билан қўл бериб кўришиши (уни ушлаши), заруратсиз гаплашиши, ҳеч кимга кўринмайдиган ёпиқ жойларда ёлғиз қолиши ҳаромдир. Пайғамбаримиз ҳеч қачон аёллар билан қўл олишмаганлар. Бир ҳадиси шарифда марҳамат қилганларки: “Мен албаттаки ҳеч қачон аёл киши билан қўл бериб кўришмайман.” (Насоий, Ибни Можа, Табароний)

Оиша волидамиз айтганларки: “Расулуллоҳ ўзига ҳалол бўлган аёллардан бошқа ҳеч бир аёлнинг қўлини ушламаганлар.” (Бухорий, Муслим)

Яна бошқа ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Кишининг бошига темир қозиқ қоқилганда кўрадиган азоб, номаҳрам аёл билан қўл олишишнинг азобига нисбатан енгил бўлади.” (Табароний, Байҳақий)

“Бегона аёл билан қучоқлашган киши, шайтон билан бирга занжирбанд қилиниб ўтга ташланади.” (Ширъа)

“Номаҳрам аёллар билан бир жойда қолишдан сақланинг. Аллоҳга қасамки, бир киши бир аёл билан ёлғиз қолганда ораларига шайтон киради. Бир кишининг ифлос чўчқага ёпишиб туриши ўзи учун ҳалол бўлмаган аёлнинг қўлини ушлашидан афзалдир.” (Табароний)

Аёллар бирон зарур ҳолат юзага келмагунча номаҳрам эркаклар билан гаплаша олмайди. "Рамуз" китобининг 469-саҳифасида ёзилган ҳадиси шарифда қуйидагича марҳамат қилинган:

“Эй аёллар, фақат ўзингизга маҳрам бўлган эркаклар билан гаплашинг. Номаҳрамлар билан гаплашманг!” (Ибни Саид)

Агар эркаклар иффатсиз, яъни номуссиз бўлишса, фоҳишахона ва шунга ўхшаган жойларга борадиган бўлишса, хотин-қизлари ҳам ёмон йўлга тушиши мумкин. Чунки ҳадиси шарифларда қуйидагича марҳамат қилинган:

“Сиз иффатли бўлсангиз, аёлларингиз ҳам иффатли бўлади.” (Ҳаким)

“Бошқаларнинг хотин-қизини йўлдан оздирувчилар биздан эмас.” (И.Аҳмад)

“Зино қилган кимса, яқинларининг зино қилишига дучор бўлади.” (И.Нажжор)

"Ман даққа дуққа" яъни “Қоқсанг ўзганинг эшигин, қоқарлар сенинг ҳам эшигинг”, “Қайтар дунё” дейишган.

Қуръони каримда маолан: “Фуҳшнинг очиғига ҳам, яширинига ҳам яқинлашманг” деб буюрилган. (Анъом, 151)

Бу ерда “яқинлашманг” сўзи билан зинога олиб борувчи сабаблардан, ҳаракат ва ишлардан сақланинг, бегона аёлларни хаёлингизга ҳам келтирманг, улар билан гаплашманг, уларнинг овозларини ҳам эшитманг, уларга қараманг, дея огоҳлантирилмоқда. Бегона хотинларга қараш кўзни заифлатади, қалбни қорайтиради. Пайғамбаримиз “Кўз зиноси” ҳақида шундай марҳамат қилганлар:

“Бегона аёлга шаҳват билан қараш, кўзнинг зиноси, қўл текказиш қўлнинг зиноси, унга бориш оёқларнинг зиноси бўлади.” (Р.Носиҳин)

“Бегона аёлга кўзи тушганда Аллоҳдан қўрқиб юзини бошқа тарафга ўгирган кишига, Аллоҳу таоло ибодатларининг лаззатини ҳис қилдиради.” (Абу Довуд, И.Аҳмад, Ҳаким)

“Авратини очганга ва бошқаларнинг авратига қараганга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!” (Байҳакий)

“Аёлнинг юзи ва икки кафтидан бошқа бутун бадани авратдир.” (М.Анҳур)

Аёллар Қуръони карим, мавлуд, илоҳий ўқиганларида бегона эркаклар эшитадиган даражада овоз чиқариб ўқишлари ҳаромдир. Микрафон, радио, телевизор орқали овозларини эшиттиришлари эса, макруҳ бўлади. (Тарғиб-ус-салот, Ҳадиқа) 

Савол: Қуйидаги даъволар бир реформачига тегишли. Шунга жавоб берасизми?

“Икки дўст учрашганда бир-бирининг қўлини ўпиш суннат бўлади.”

Бунинг ҳаром эканлиги “Радд-ул мухтор” китобида ёзилган. “Пайғамбаримиз аёлларга қўлини ўптирмаган бўлсалар-да, улар билан мусофаҳа қилар эди. Чунки мусофаҳа қилиш суннатдир. Агар ҳозир пайғамбаримиз бўлганда аёлларга албатта қўлини ўптирган бўлар эди. Чунки олимларнинг қўлини ўпмоқ жоиздир.”

Жавоб: Жаноби пайғамбаримиз ҳақида "аёллар билан мусофаҳа қилганлар" дегани ёлғон. Олимнинг, ота-онанинг қўли ўпилади. Лекин номаҳрам аёл олимнинг қўлини ўпа олмайди. Имоми Раббоний ҳазратлари айтадики: “Жаноби пайғамбаримиз эркаклар билан мусофаҳа қилиб аҳдлашгандан сўнг, аёллар билан ҳам аҳд қилдилар. Аёлларнинг байъати фақат сўз орқали бўлди. Муборак қўллари аёлларнинг қўлига тегмади.” (3/41)

“Тибён”да Мумтаҳина сурасининг 12-оятининг шарҳида шундай ёзилган: Жаноби пайғамбаримиз ўзига байъат қилаётган бегона (номаҳрам) аёлларнинг ҳеч қайсиси билан мусофаҳа қилмадилар. Ҳазрати Ойша айтганларки: “Пайғамбаримиз аёллар билан фақат сўз орқали байъат қилар эди. Унинг қўли, бегона аёллардан ҳеч қайсисининг қўлига тегмаган” (Муслим) 

Савол: Эркак доктор бегона аёлга қўли тегса гуноҳ бўлмайди-ю, нимага энди менинг қўл олишиб кўришишим гуноҳ бўларкан?

Жавоб: Докторнинг зарурат бўлгани боис, эҳтиёж миқдорича аёл хастага қўл текказиши, текшириши жоиз бўлади.Эҳтиёжидан ортиқ жойларини очтириб қараши унга ҳам ҳаром бўлади. Қўл олиб кўришиш доктор билан муқояса қилинадигандек зарурий нарса эмас-ку. 

Савол: Фарзанд олим бўлса ҳам, жоҳил отага имом бўлолмайди.

Жавоб: Нотўғри. Фарзанд илмли бўлса отасига имом бўла олади. Бу ерда янглишиб, қулнинг имомлиги билан адаштирилган. Қул имомликка ўтса макруҳ бўлишининг сабаби, қул бўлгани учун эмас, балки хизмат билан машғул бўлгани боис илм ўрганишга вақти бўлмагани учундир. Агар олим бўлса, қулнинг имомликка ўтиши макруҳ бўлмайди. Кўр киши ҳам имомликка ўтса макруҳ бўлади, чунки у кийимларини поклай олмайди. Лекин кийими пок бўлса, кўр кишининг имомликка ўтиши ҳам макруҳ бўлмайди. Чунки пайғамбаримиз кўзи кўр бўлган Ибни Мактум ҳазратларини кўп маротаба ўз ўрнига имомликка чиқарганлар. (Неъмат-и Ислом) 

Савол: Баъзи атеистлар “Пайғамбар замонида аёллар ўраниб, беркиниб юрмас эди. Ялмоғизга ўхшаб ўраниб олиш у замонларда бўлмаган. Ҳазрати Ойша ҳам боши очиқ ҳолда юрарди. Ҳозирги замонда бурканиб, ўраниб олиш одатларини ақидапарастлар кейиндан тўқиб чиқаришган” дейишади. Уларнинг айтаётгани хижоб ояти келмасидан аввалги замонда эмасмиди? Яна атеистлар таъсирида юрган бир танишим “Аёлларга қараш, улар билан гаплашиш, ҳатто улар билан бирга ўтириш ҳам гуноҳ эмас. Аёллар билан эркаклар бирга намоз ўқисалар ҳам ҳеч қандай айби йўқ. Расулуллоҳ аёлларга орқанги сафга туринг деб намозини хушъу билан ўқиш учун, яъни чалғимасдан ўқиш учун айтган. Йўқса бирга ўқишга ҳеч қандай тўсқинлик йўқ. Тасаттур (ҳижоб) иккинчи даражали иш” дейди. Нима, аёлларнинг очиқ-сочиқ юришлари, уларга қараш ва гаплашиш гуноҳ эмасми?

Жавоб: Албатта гуноҳ бўлади. Ичкиликни тақиқлаган ояти карима келишидан аввал, ичкилик ичадиган мусулмонлар ҳам бор эди. Лекин буни мисол қилиб, ичкиликка чек қўйилмаганди дейиш нотўғри бўлганидек, ҳижоб ояти келишидан аввалги ҳолни мисол қилиб аёллар билан гаплашиш, уларга қараш, улар билан ўтириш гуноҳ эмас дейиш ҳам янглиш бўлади.

Ҳижоб (тасаттур = ўраниш) ояти келмасидан аввал, аёллар ҳали ҳижобга кирмаган эдилар. Улар ўша замонларда Расулуллоҳнинг ҳузурига келиб, билмаганларини сўраб ўрганар эди. Расулуллоҳ борган уйга аёллар ҳам боришарди, ўтириб тинглашарди, истифода қилишар эди. Байдовийда ва Бухорийнинг тафсир қисмида билдирилгани бўйича, ҳижратнинг учинчи йилида Аҳзоб сурасида ва бешинчи йилида Нур сурасида ҳижоб оятлари келиб, аёлларнинг эркаклар ёнида ўтириши ва гаплашишлари тақиқланди. Бундан кейин Расулуллоҳ аёллар билмаган нарсаларини, муборак аҳли аёлларидан сўрашсин деб буюрдилар.

Ҳижоб оятидан аввалги ҳолни мисол қилиб, аёлларнинг очиқ-сочиқ юришининг бузуқ жойи йўқ дейиш мусулмонларни алдашнинг йўлидир. Расулуллоҳнинг рафиқаси бўлмиш муборак Уммий Салама волидамиз баён қилади: Маймуна ва мен Расулуллоҳнинг ёнида эдик. Иккала кўзи кўрмайдиган Ибни Умми Мактум рухсат сўраб ичкарига кирди. Расулуллоҳ бизга “Ички хонага киринглар” дедилар. “У кўр эмасми, бизни кўрмайдику” дедим. “У кўрмаса, сизлар ҳам уни кўрмайсизларми?” Яъни у кўр бўлса ҳам сизлар кўр эмассизку, дедилар. (Термизий, Абу Довуд, И.Аҳмад)

Ҳадиси шарифларда қуйидагича марҳамат қилинган:

“Бегона аёлга кўзингиз тушганда ундан юзингизни ўгиринг! Тўсатдан кўриб қолиш гуноҳ бўлмасада, такрор қараш гуноҳ бўлади.” (Абу Довуд, Доримий)

“Балоғатга етган қиз, юз ва қўлидан бошқа аъзоларини номаҳрамга кўрсатмасин.” (Абу Довуд)

“Қўшиқчи аёлнинг топган пули ҳаром бўлганидек, уни тинглаш ҳам, юзига қараш ҳам ҳаромдир. Ҳаром билан ўсиб-унган бадан жаҳаннам ўтига лойиқдир.” (Табароний)

“Бир аёл атир сепиниб кўчага чиқса ва ҳидини сездириб кўпчиликнинг ёнидан ўтса, ўзига ҳам, унга қараганга ҳам зино гуноҳи (кўз зиноси) ёзилади.” (Насоий)

“Кўзлар зино қилади, қўллар зино қилади, оёқлар зино қилади, фарж (жинсий аъзо) зино қилади.” (Аҳмад, Табароний)

“Кўзнинг зиноси ҳаромга (номаҳрамга) қарашидир, тилнинг зиноси фуҳш сўзлар айтишидир.” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд)

“Бир аёл ёқимли ҳидлар сепиниб, кишининг эътиборини тортувчи чиройли кийимлар кийиб, кўпчиликнинг ёнидан ўтса, зино қилгандек гуноҳга ботади.” (Ибни Ҳиббон)

“Ҳаромга қарамаган кўзлар, жаҳаннам ўтини кўрмайди.” (Исфаҳоний)

“Бир аёлга шаҳват билан қараган кишининг кўзларига эритилган қўрғошин қуйилиб, жаҳаннамга ташланади.”(М.Анҳур)

“Қўшни аёлга, дўстининг аёлига шаҳват билан қарашнинг гуноҳи, бегона аёлга қараш гуноҳидан ўн баробар кўп бўлади. Оилали аёлга қарашнинг гуноҳи, қизларга қараш гуноҳидан оғир бўлади.” (Табароний)

Аёл кишининг сочлари ҳам авратдир. Аврат жойига бирон зарурат бўлмагунча, шаҳватсиз қараш ҳам ҳаром бўлади.

Имоми Ғазолий ҳазратлари айтдилар:

"Хотин-қизларнинг бошлари, қўллари, оёқлари очиқ ҳолда кўчага чиқишлари ҳаром бўлади. Шунингдек юпқа (ич кийими, авратлари кўринадиган ва сезиладиган), чиройли, тор, хуш ҳидлар сепилган кийим билан чиқишлари ҳам ҳаром бўлади. Бундай чиқишларига рухсат берган, рози бўлган ота-онаси, эри ёки ака-укаси, унинг гуноҳига ва азобига шерик бўлади." (Кимё-и Саодат)

Имоми Заҳабий ҳам шу хусусда айтганларки:

"Зийнатларини эркакларга кўрсатадиган аёлларга, масалан олтин, кумуш, марварид каби тақинчоқларини ёпинчиғининг сиртидан тақадиганларга, атир-упа қилиб, рангдор ва ипак газмол билан ўранганларга, енглари кенг бўлиб билаклари кўринадиган ва шунга ўхшаган ҳаракатлар билан эркаклар олдида ўзини кўз-кўз қиладиган аёлларга Аллоҳу таоло дунёда ва охиратда азоб беради." (Завожир - Ибни Ҳожари Маккий)

Тасаттурга (тўғри кийинишга) риоя қилмаслик ва зийнатларини кўз-кўз қилиш гуноҳи аёлларда кўп бўлгани боис Расулуллоҳ“Меърож кечасида жаҳаннамни кўрсатдилар, у ердагиларнинг кўпчилиги аёллар эканлигини кўрдим” деб марҳамат қилганлар. (Термизий) 

Савол: Кўчада юрган очиқ-сочиқ аёлларга қарамасликка ҳаракат қилсак-да, баъзида қараб қўямиз. Бундай ҳолларда гуноҳ ишламаслик учун нима қилсак бўлади?

Жавоб: Ҳаромга қарамаслик учун қуйидаги нарсаларни билиб олишимиз шарт:

А- Бегона аёлларга қараш кўзнинг кўриш фаолиятини ночорлаштиради, нурини заифлатади, қалбни қорайтиради.Кўзимизнинг заифлашишини, қалбимиз қорайишини истамасак қарамасликка ҳаракат қилишимиз керак. Имоми Раббоний ҳазратлари “Ҳаромлар чиройли нарсага ўралган нажс кабидир” деган. Кўриниши чиройли, лекин ичи барбод. Кўрганида шуни ўйлаган киши қарамайди.

Б- “Аврат жойини очганга ва унга қараганга Аллоҳнинг лаънати бўлсин” ҳадиси шарифини ўйлаб, лаънатга учраб қолмаслик учун доим шу ҳадиси шарифни эсда сақлаб юриш керак.

В- “Аллоҳнинг азобидан қўрқиб, юзини бошқа томонга ўгирган кишига, Аллоҳу таоло ибодатларининг лаззатини сездиради” деган ҳадиси шарифни ўйлаб, ибодатларнинг лаззатини ҳис қила олиш учун бегона аёлларга қарамаслик керак.

Г- “Бир аёлга шаҳват билан қараган кишининг кўзларига эритилган қўрғошин қуйилиб, жаҳаннамга ташланади” ҳадиси шарифини ўйлаб, кўзимизга эриган қўрғошин қуйилиб жаҳаннамга тушишдан қўрқишимиз керак.

Д- Бегона аёлга қараш иффатсизлик ва беномусликдир. Нимага энди биз беномус бўлишимиз керак?

Е-  Биз тикилган аёллар бировнинг онаси, опаси, қизи ёки умр йўлдошидир. Биров келиб бизнинг ҳам онамизга, опамизга, қизимизга ва рафиқамизга суқланиб қарашига розилик билдирамизми? Иффатли одам бунга албатта рози бўлмайди. Биз-чи, қандай қилиб бундай беномусликка бора оламиз? Бир ҳадиси шарифда “Эркаклар, сизлар номусли бўлингки, рафиқангиз ва қизингиз ҳам номусли бўлсин” деб марҳамат қилинган. Хотин қизларимизнинг беномус бўлишига сабабчи бўлишдан ҳам ортиқ аҳмоқлик бўлиши мумкинми?

Г- Халқимизда "қайтар дунё" ёки "бировга чоҳ қазсанг ўзинг тушасан" деган сўзлар бор. Ўзимизга раво кўрмаган нарсамизни бошқаларга раво кўриш одамгарчиликдан, мусулмончиликдан эмас. 

Савол:  Нимага Қуръонда “Зино қилманг” деб эмас, “Зинога яқинлашманг” дейилган?

Жавоб: Ҳа, Қуръони Каримда “Зинога яқинлашманг” деб буюрилган. (Исро 32)

Яна, Қуръони каримда “Ота-онани урма” дейилмаган, лекин “Ота-онага уф дема” деб буюрилган. (Исро 23)

Бу ояти каримадаги “уф дема” ибораси, уларни ранжитадиган сўз айтма деганидир. (Байзовий)

Қуръонда энг енгили зикр қилинган, бу билан ҳатто енгилидан ҳам эҳтиёт бўлиш кераклиги таъкидланган. Шу тариқа, ундан ҳам ёмон ишларнинг яқинига ҳам борманг дея амр қилинган.

“Зинога яқинлашманг” ифодаси, зинога олиб борувчи сабаблардан, ҳоллардан, ҳаракатлардан ва ишлардан сақланинг деганидир. Яъни эркакларга бегона аёлларни ўйламанг, уларга табассум қилманг, қараманг, салом берманг, эҳтиёж туғилмагунча улар билан гаплашманг, ҳол-аҳвол сўрашманг, уларга қаршисида туриб дуо қилманг, уларга хат, мактуб ёзманг, улар билан мэйл, чат, почта орқали ёзишманг, уларнинг овозларини эшитманг, уларга илтифот қилманг, қўл олиб кўришманг, улар билан бир хонада ёлғиз қолманг, улар билан рақсга тушманг ва ҳоказо деганидир.

Аёлларга ҳам эркакларнинг эътиборини тортувчи кийим кийманг, эрингиздан бошқасига безанманг, зийнатларингизни ўзгаларга кўрсатманг, кўчага атир сепиб чиқманг, номаҳрам эркакалар қараши, кўриши мумкин бўлган жойларда турманг, улар билан саломлашманг, табриклашманг, уларга олдида туриб дуо қилманг, қўл бериб кўришманг ва ҳоказо деганидир. 

Савол: Аёлларнинг бегона эркакларга шаҳватсиз ҳолда қараши жоиз эмасми?

Жавоб: Шаҳватсиз ҳолда, эҳтиёжи қадар, аврат жойлари очиқ бўлмаган бегона эркакларга қараши жоиздир.Шаҳватланмаслигига амин бўлган аёлнинг бегона эркакка қараши, эркакнинг эркакка ёки эркакнинг маҳрами бўлган аёлларига қрашидек жоиз бўлади, яъни гуноҳ эмас. Агар шаҳват билан қараса ҳаром бўлади. Лекин мен шаҳватланмаган ҳолда қараяпман дея бегона эркакларга қарашни одат қилиб олса, ҳеч қандай эҳтиёжи бўлмасдан қараши динимизга мувофиқ эмас. 

Савол: “Номаҳрамлар бир-бирини кўриб турмаганлиги учун телефонда суҳбатлашиш, чат ёки мэйл орқали хат ёзишиш жоиз” дейишади. Бунинг чекланган ёки тақиқланган жойи борми?

Жавоб: Эҳтиёжсиз гаплашиш жоиз эмас. Қуръони каримдаги “Зинога яқинлашманг” ифодаси, зинога олиб борувчи сабаблардан, ҳоллардан, ҳаракатлардан ва ишлардан сақланинг деганидир. Масалан эркакларга, бегона аёлларни ўйламанг, уларга табассум қилманг, мажбур бўлмагунча улар билан гаплашманг, салом берманг, ҳол-аҳвол сўрашманг, уларга эшиттириб дуо қилманг, уларга хат, мэйл ва чатдан ёзманг, уларнинг овозларини тингламанг, уларга қараманг деган маъноларни англатиши китобларимизда билдирилган. 

Савол: Бегона аёлнинг ич кийимига қараш жоизми?

Жавоб: "Шаҳват билан қараса ҳаром бўлади." (С.Абадия)

Савол: Бегона аёлларнинг расмларига ёки телевизордаги тасвирларига қараш жоизми?

Жавоб: Аёлларнинг соч, қўли каби қараш ҳаром бўлган жойларининг ойнадаги ёки сувдаги аксига шаҳватсиз қараш жоиз.Аксини кўрмоқ, ўзини кўриш билан бир эмас. Расмларига, телевизордаги, компьютердаги тасвирларига қараш, ойнадан кўринган аксига қарашдек бўлади. Буларнинг барчасига шаҳватсиз қараш жоиз бўлиб, шаҳват билан қараш ёки шаҳватланишга сабаб бўладиган тасвирларни кўриш ҳаром бўлади. Яъни шаҳватланишга сабаб бўлдиган нарсаларга шаҳватсиз қараш ҳам ҳаром бўлади. 

Савол: Телевизор ва газеталардаги шаҳватга сабаб бўлмайдиган тасвирларга қараш жоиз бўлганидек, буларни тарқатиш ҳам жоиз бўладими?

Жавоб: Буларга шаҳват билан қарайдиганлар ҳам топилиши мумкин бўлганлиги туфайли, ҳаромга сабаб бўладиган расмларни, тасвирларни тарқатиш жоиз эмас. 

Савол: Шаҳвати қувватли бўлган киши нималарга амал қилиши керак?

Жавоб: Инсон шаҳватини қўздирувчи шеър ва қўшиқлардан узоқ бўлиш керак, жинсий иштиёқни уйғотадиган китобларни ўқимаслик керак, шунингдек телевизор ва интернетдаги бундай кўрсатувлардан, тасвирлардан ўзини эҳтиёт қилиши керак.

Овқатга сирка қўшиб истеъмол қилиш керак, чунки сирка шаҳватни сустлаштиради. Қувватли озиқлардан ҳам ўзини тийгани маъқул. Рўза тутиш ва кечаси туриб ибодат қилишнинг ҳам фойдаси кўп бўлади. Ҳадиси шарифда марҳамат қилинганки: “Рўза ҳамда кечаси қилинган ибодат шаҳватни заифлатади.” (И.Аҳмад)