Таҳорат учун қулайликлар (маҳси ва яра юзасига масҳ тортиш)

Масҳ - уқалаш, силаш деганидир. Икки турли масҳ бор:

1.Маҳси юзасига масҳ:Таҳоратда оёқнинг ювилиши фарз бўлган жойларни бекитиб турадиган, сув ўтказмайдиган оёқ кийимга, маҳси ёки масҳ дейилади. Мамлакатимизда маҳси деб юритиладиган бу оёқ кийим агар каттароқ бўлиб, бармоқлар маҳсининг учигача бориб турмаса ва тортилган масҳ бўш жойга тўғри келса, унга масҳ тортиш жоиз бўлмайди. Маҳси кийилиб бир соат қадар юрилганда ҳам, оёқдан ечилиб кетмайдиган даражада соғлом, яъни мустаҳкам ва оёққа уйғун (лойиқ) бўлиш керак.

Таги билан усти чарм ёки фақатгина таги чармдан бўлган пайпоқлар устига масҳ тортиш жоиз.

Бир соатча йўлда юрганда оёқдан ечилиб ва титилиб кетмайдиган қаттиқ ва қалин пайпоқ устига ҳам масҳ тортиш жоиз.

Маҳсилар таҳоратсизликнинг оёққа ўтишига тўсқинлик қилмоқда. Оёқларни ювгандан кейин маҳсиларни кийиш ва ундан кейин таҳорат олиш ҳам жоиздир.

Масҳ маҳсининг устига тортилади. Тагига тортилмайди.

Суннатга уйғун, мос масҳ торта олиш учун, ўнг қўл ҳўлланиб бармоқлари билан ўнг маҳсининг устига, чап қўл бармоқлари ҳам айни усулда чап маҳсининг устига босилиб, бармоқ учларидан юқорига қараб тортилади. Кафт текказилмайди. Тортилган масҳ (яъни намлик)нинг эни ва бўйи, учта қўл бармоғининг эни ва бўйи қадар бўлиши фарз.

Масҳни қўлнинг ташқи қисми билан тортиш жоиз бўлса ҳам, қўлнинг ич қисми билан тортиш суннатдир.

Шудринг тушган нам ўтлар устида юрилиб ёки ёмғир билан маҳсининг усти ҳўлланса, масҳ ўрнига ўтади.

Маҳси устига масҳ тортилгандан кейин ўша маҳсининг муддати муқим кимса учун йигирма тўрт соат. Мусофир, яъни сафарий учун, уч кун ва уч кечадир (етмиш икки соат). Бу муддат, маҳсини кийган вақтдан эмас, балки маҳси кийилгандан кейин илк таҳорат бузилиши билан бошланади. Маҳси кийган мўмин таҳорати бузилгандан кейин 24 соат ўтмасдан сафарга чиққудек бўлса, ўша маҳсисини ечмасдан устига масҳ тортиб, таҳорат олиб уч кун ва уч кеча фойдалана олади. Лекин, муддати тўлгандан кейин маҳсисини ечиб янгидан тўлиқ бир таҳорат олиш керак бўлади. Мусофир кимса, бирор жойга келиб ерлашса-ю маҳси кийганига 24 соатдан ошган бўлса, таҳорат олаётганда маҳсининг устига масҳ торта олмайди. Чунки у аллақачон муқим инсон ҳукмига кирган бўлади. У ҳолда, маҳсисини ечиб оёқларини ювиш шарти билан таҳорат олади.

Оёқнинг учта бармоғи сиғадиган катталикда йиртиғи бўлган маҳсининг устига масҳ тортиш жоиз эмас. Йиртиқ бундан бироз кичик бўлса, масҳ тортиш жоиз бўлади. Бир маҳсининг бир неча жойида кичкина-кичкина йиртиқлари бўлса, булар фаразан бир жойга тўпланади. Агар уларнинг йиғиндисидан ҳосил бўладиган йиртиққа учта оёқ бармоғи сиғадиган бўлса, бу маҳсига ҳам масҳ тортиш ярамайди. Агар кичик бўлса, масҳ тортиш жоиз бўлади. Маҳсиларнинг бирида икки бармоқ кўринадиган катталикда йиртиқ бўлиб, иккинчисида ҳам ана шунча ёки бир бармоқ кўринадиган катталикда йиртиқ бўлса, ҳар иккала маҳсига ҳам масҳ тортиш жоиз бўлади. Чунки, учта бармоқ кўринадиган катталикдаги йиртиқ ўлчови, фақатгина бир маҳсига тегишли. Йиртиқлар текширилаётганда ҳар икки маҳси алоҳида текширилади. Ва ҳеч қачон бирининг йиртиғи иккинчисининг йиртиғига қўшилиб ўлчанмайди. Бир маҳсининг яроқсиз ҳолга келганини билдирадиган ўлчов - ундаги йиртиқнинг учта бармоқ учи сиғадиган даражада бўлиши эмас. Балки, бу учта бармоқнинг тамоми кўринадиган даражада бўлиши керак. Агар йиртиқ ундан кичик бўлса, у маҳсининг устига масҳ тортса бўлади.

2. ЯРА ва БИНТ УСТИГА МАСҲ: Яра ва қизамиқнинг устига ва бадандаги ёриқ, кесикларнинг ичига қўйилган малҳам, пахта, бинт, латта каби нарсалар олинганда ёки ечилганда ярага зарар етадиган бўлса, уларнинг устига масҳ тортилади.

Узрли киши хоҳлаган пайтида, таҳорат олиши мумкин. Ва бу таҳорати билан истаганича фарз, нофила намозлари ва Қуръони карим ўқиши мумкин. Лекин ҳар намоз вақти чиққанида таҳорати бузилади. Ҳар бир намоз вақти киргач таҳорат олиб, вақт чиққунча хоҳлаган ибодатини қила олади.

Узрли бўлиш учун, таҳоратни бузадиган нарсалардан биттаси давомли равишда ҳалиги кимсада мавжуд бўлиш керак. Яъни, бир намоз вақти ичида таҳорат олиб, намознинг фарзини адо этадиган вақт қадар таҳоратини тутиб туролмайдиган кимса, узр соҳиби бўлади. Узр соҳибининг вужудидаги таҳоратни бузадиган ҳол, кейинги намоз вақтларида ҳам такрорланса, у кимсанинг узри ҳам давом этаверади.