Диний китоблар тижорати

Савол: Фақат мусҳаф, диний китоб, диний ёзувлар ва диний шеър ёки катта ашула ёзилган кассеталарни сотишнинг зарари борми?

Жавоб: “Мусҳафни Қуръони карим ўргатилишига сабаб бўлиш нияти билан сотиш жоиз ва савоб бўлади. Олган пули ҳалол бўлади. Лекин бундай ниятнинг аломати китобнинг устига жуда кам нарх қўйиб сотишдир. Агар фойдасини бошқа китоблар билан қоплаётган бўлса, мусҳафларни ўз нархига сотиш керак.” (Ширъа)

Мусҳаф, диний ёзувлар, илмиҳол китоблари тижорат моли эмас. Амри маъруф мақсадида сотилади. Бозорларда сотилмайди. Дўконларда токчаларга қўйилиши керак. Ўқиш, баракатланиш учун хонага осилади. Зийнат ашёси эмас. Диний ёзувларни ва бошқа диний асарларни ерга ташлаш уларга нисбатан ҳақорат бўлади. 

Савол: Ҳамма “Шайх ота” деб атайдиган киши қўшнимизнинг аёлига “Эрингдан ўғирлаган пулни менга олиб кел. Мен ҳаром пулни ҳалолга айлантираман” деб айтибди. Шайхнинг бундай ваколати борми?

Жавоб: Шайхнинг ҳаром пулни ҳалолга айлантирадиган ваколати йўқ. Бундай кимсалар сохта шайхдирлар. Баъзилари “Намозни сендан соқит қилдим” дейди, баъзилари “Сизларни биродар қилдим” деб эркак ва аёлнинг ёлғиз қолишига замин тайёрлайди. Ҳозирги замон шайхларидан узоқроқ бўлиш керак. 

Савол: Китоб сотиш билан шуғулланаман. Диний китобларни фойда кўриш учун сотиш жоиз эмаслигини билганим учун диний асарларни сотмайман. Баъзилар “Сен сотувчисан, ризқингни топиш учун ҳар қандай китобни сотишинг мумкин” дейишади. Ҳозирги даврда араб ўлкаларидаги мазҳаб тан олмайдиган шайхларнинг китоблари кўпроқ сотилади. Шундай бидъат аҳлининг бузуқ китобларини ҳам сотишим гуноҳ бўлмайдими?

Жавоб: Албатта гуноҳ бўлади. Юқоридаги гап қассобга “Ризқингни топишинг учун тўнғиз гўштини ҳам сотишинг мумкин” деганга ўхшайди. Хайрли ишга васила бўлган киши яхшилик қилгандек бўлгани каби, ёмонликка васила бўлган киши ҳам гуноҳ ишлаган бўлади. Масалан, спиртли ичимлик ичган киши гуноҳга ботганидек, бу ичкиликни сотган киши ҳам гуноҳга ботади. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Шу ўн киши лаънатланган: Шароб учун узум эзган, эздирган, кўтариб олиб борган, ўзига олиб келган, тарқатган, сотган, пулини еган, сотиб олган, ўзи учун сотиб олганлар.” (Термизий)

Бидъатни қилган, бидъатни ёйган, уларни ҳимоя қилган, китобларини сотадиганлар ҳам шу гуноҳга шерик бўлади. Ҳадиси шарифда “Бидъат чиқарганга ҳам, уни ҳимоя қилганга ҳам лаънат бўлсин!” деб марҳамат қилинган. (Бухорий)

“Кимё-и саодат” китобида айтиладики: “Динни ҳазил-мазах қилган кимсаларга, ёлғон-яшиқ китоблар ёзиб, динни бузишга уринганларга қоғоз сотиш гуноҳдир.” (Саодати абадия)

Бузуқ китоб ёзган кимсаларга қоғоз сотиш гуноҳ бўлганидан кейин, бузуқ китобларни сотиш бундан ҳам каттароқ гуноҳ бўлади. Тўғри дин китобларини эса динга хизмат қилиш ниятида устига нарх қўймасдан сотиш яхши бўлади.