“Саҳиҳ бўлмоқ” билан “қабул бўлмоқ” орасидаги фарқ

Савол: “Саҳиҳ бўлиш” билан “қабул бўлиш” дегани бир маънодами?

Жавоб: бир маънода эмас. Саҳиҳ бўлган бир ибодат қабул бўлмаслиги мумкин. Масалан, ўғирланган кийим билан намоз ўқиган кишининг намози саҳиҳ бўлиб, намоз қарзидан қутулади. Лекин савоби нуқсон бўлади. Бошқа бутун гуноҳлар ҳам шундай. Масалан, рўза тутган киши ифторини спиртли ичимлик билан қилса, рўзаси саҳиҳ бўлади, лекин рўзадан ҳосил бўладиган улкан савобларнинг ҳаммасига ҳам қовуша олмайди. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилинадики:

“Ҳаромдан келган кийим кийган кишининг ибодатлари қабул бўлмайди.” (Баззор)

“Ўн дирҳамлик либоснинг бир дирҳами ҳаромдан келган бўлса, бу билан ўқилган намоз қабул бўлмайди.”(И.Аҳмад)

“Ҳаромдан келган кўйлак билан ўқилган намоз қабул бўлмайди.” (Баззор)

“Бир луқма ҳаром еган кишининг қирқ кунлик гўзал амаллари қабул бўлмайди.” (Табароний, Дайламий)

“Шароб ичган кишининг қирқ кунлик намози қабул бўлмайди.” (Ҳаким, И.Нажжор)

“Закот бермаган кишининг намози қабул бўлмайди.” (Табароний)

“Ҳақни қабул қилмай оёқ тираб туриб олган кишининг фарзи ҳам, нофиласи ҳам қабул бўлмайди.” (Ҳаким)

“Ўзини хоҳламаган жамоатга имом бўлган кишининг намози қабул бўлмайди.” (Байҳақий)

“Сочларини туя ўркачидек қилиб олган аёлнинг намозлари қабул бўлмайди.” (Табароний)

“Қочиб кетган қулнинг хўжайини олдига қайтиб боргунича намозлари қабул бўлмайди.” (Муслим)

“Фарз намоздан қарзи бўлган кишининг нофила намозлари қабул бўлмайди.” (Дуррат-ул фоҳира, Футуҳ-ул-ғайб)

“Бола-чақасининг ҳақларини адо этмаган кишининг намозлари, рўзалари қабул бўлмайди.” (Муршид-ун-нисо)

“Қизини фосиққа турмушга берган кишининг фарзлари ҳам, нофиласи ҳам қабул бўлмайди.” (Ширъа)

Бу ердаги “қабул бўлмайди” ифодалари аҳли суннат эътиқодидаги мусулмон учун яроқли бўлиб, “саҳиҳ бўлмайди”, “бекорга кетади” деган маъноларда эмас. Саҳиҳ ва ихлосли бўлган ҳар қандай ибодатнинг савоби бўлади. Лекин гуноҳлар бу савобларни камайтиради, гуноҳнинг кўплигига қараб, барчасини йўқ қилиши ҳам мумкин.

Бидъат аҳлининг ибодатлари саҳиҳ бўлса ҳам, қабул бўлмайди. Яъни эртага ундан “Нимага намоз ўқимадинг, рўза тутмадинг?” деб сўралмайди. Лекин ундай адашганлар ибодатларига ва хайр-ҳасанотларига савоб ололмайди. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Аллоҳу таоло бидъат аҳлининг на дуосини, на закотини, на ҳажини, на намозини, на садақасини қабул қилади. Улар сарёғдан қил суғургандек диндан чиқади.” (Дайламий)

“Бидъат аҳли бидъатини Аллоҳ розилиги учун тарк қилмагунича ҳеч бир амали қабул бўлмайди.” (Ибни Нажжор)

“Асҳобимнинг бирига ёмон гап гапирган кимсанинг фарзи ҳам, нофиласи ҳам қабул бўлмайди.” (Табароний)

“Асҳобимга тил текказилганда ҳақиқатни биладиганлар тўғрисини билдирсин. Кучи етган ҳолда тўғрисини билдирмаган олимнинг ҳеч бир ибодати қабул бўлмайди.” (Абу Нуайм) 

Саҳиҳ ва қабул бўлиш 

Савол: “Таҳоратсиз намоз саҳиҳ бўлмайди, лекин қабул бўлади” дейилади. Таҳоратсиз намоз қабул бўладими?

Жавоб: Таҳоратсиз намоз ўқилмайди. Қасддан бундай қилиш намозни масхара қилиш бўлади. Унутган ҳолда ўқиган кишининг ҳолати бўлак. Агар унутган ҳолда ўқиб, кейин таҳоратсиз эканлигини хотирламаса, унутиш узр бўлгани учун бу намози қабул бўлади.  Ёдига тушса саҳиҳ бўлмайди, таҳорат олиб қайтадан ўқиши керак.

Саҳиҳ бўлиш билан қабул бўлиш дегани нима, аввало буларни изоҳлайлик:

Бир ибодатнинг саҳиҳ бўлиши дегани бу ибодатнинг яроқли ҳолга келиши учун лозим бўлган шартлар бажарилиши деганидир. Масалан, намоз ибодатининг саҳиҳ бўлиши учун ғуслнинг ва таҳоратнинг ҳам саҳиҳ бўлиши лозим. Бундан ташқари намознинг фарзларига, вожибларига ва муфсидларига риоя қилиниши керак. Бир ибодатнинг бутун шартлари бажарилса ҳам қабул бўлмаслиги мумкин. Лекин бир ибодатнинг қабул бўлиши учун бу ибодатга керакли бутун шартларга риоя қилиниши лозим.

Бир киши таҳоратсиз намоз ўқиса, кейин таҳоратсиз эканлиги ёдига тушса, бу намозни иёда қилиши фарздир. Намози саҳиҳ ва қабул бўлмаса ҳам таҳоратсиз ўқиган намози Аллоҳ розилиги учун ўқилганидан ниятининг савобига қовушади. Жаноби Пайғамбаримиз “Мўминнинг нияти амалидан хайрлидир” деб марҳамат қилганлар. (Табароний)

Бир мўмин холис ният қилиб “Шу тоғ олтин бўлса-да, мен уни муҳтожларга тарқатсам” деб ўйласа, бу холис нияти туфайли худди бир тоғ олтин тарқатгандек савобга ноил бўлиши дин китобларида ёзилган. Таҳоратсиз намоз ўқиган киши ҳам таҳоратининг бўлмаганини билмагани учун қилган холис нияти туфайли кўп савоб олади. “Ашбоҳ”да айтиладики:

“Бир ибодатда савоб ҳосил бўлиши учун холис ният қилиниши шарт. Холис ният қилиб бажарилган ибодат билмасдан бузилса, саҳиҳ бўлмайди. Лекин ният қилгани учун кўп савоб ҳосил бўлади. Масалан, бир киши таҳоратим бор деб ҳисоблаб, таҳоратсиз ўқиган намози (кейин таҳоратсиз экани маълум бўлса) саҳиҳ бўлмайди, лекин нияти эвазига кўп савоб берилади. Шартларига мос бажарилган ҳар намоз саҳиҳдир, лекин риё ва хўжакўрсинга ўқилган намозларга савоб берилмайди.”

Шартларига мос бўлган ва фарзлари бажарилган ҳар ибодат муҳаққақ саҳиҳ бўлади. Саҳиҳ бўлган ибодатнинг қабул бўлиб-бўлмаслиги қатъий аниқ эмас. Масалан, бидъат аҳлининг ибодатлари минг марта саҳиҳ бўлса ҳам, умуман қабул бўлмайди. “Қабул бўлмайди” дегани, саҳиҳ бўлса ҳам савоби бўлмайди, яъни бу ибодатга савоб берилмайди деганидир. (Радд-ул мухтор)

Демак таҳоратсиз намоз саҳиҳ бўлмаганидек қабул ҳам бўлмайди. Лекин таҳоратсиз эканлигини билмаганидан холис ният қилгани учун ниятининг савобига қовушади.