Беморнинг ғусли

Савол: Автоҳалокатга учраган, оёқлари синган ва ўрнидан туролмайдиган одам қандай ғусл қилади?

Жавоб: Таҳорат аъзоларидан барчасининг ярмидан кўпи ёки тўртта таҳорат аъзосидан иккитаси соғлом бўлса, таҳорат олиб жароҳатли аъзоларини масҳ қилади. Масҳ ҳам зарар берадиган бўлса, ўралган бинт устига масҳ қилади.

Таҳорат аъзоларидан ярмидан кўпи жароҳатли бўлса, таяммум қилади. Таяммум қилган кишининг баъзи жойларини ювиши жоиз эмас.

Намозга ва ғуслга таяммум бирдек олинади.

Таяммумни ўзи ололмаса, бошқа бировга ҳам қилдира олади. 

Савол: Қўли гипсда бўлган киши таҳорат ва ғуслни қандай олади?

Жавоб: Гипсли қўлига сув тегиши шарт эмас. Гипснинг устидан масҳ қилади. 

Савол: Бурун битиб қолганида бурун тешиклари берк бўлади. Бу ғуслга моне бўладими?

Жавоб: Машаққат бўлмаган миқдорига сув етказиш етарли. 

Савол: Солиҳ бир табиб ювиниш, чўмилишни тақиқласа, бемор ғусл ҳожат бўлганда таяммум қиладими?

Жавоб: Ҳа, таяммум қилади.