Саййид Тоҳо Хаккорий

Саййид Тоҳо Хаккорий ҳазратлари Туркияда яшаб ўтган буюк авлиёлардан эди. Силсилаи олиянинг ўттиз биринчисидир. Жаноби Пайғамбаримизнинг наслидан бўлиб, Саййид Абдулқодир Гейлоний ҳазратларининг ўн биринчи неварасидир. Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратларининг халифаларидан. 1853 йили Шамдинли яқинидаги Наҳри қишлоғида вафот этди. Қабри шу ерда бўлиб, зиёрат қилиниб, файз ва баракатларидан истифода этилмоқда.

Асил ва тоза оилага мансуб бўлган Саййид Тоҳо Хаккорийда гўдаклигидан буюклик ва комиллик ҳоллари кўриниб, зако, истеъдод, виқор ва ҳайбати билан барчанинг эътиборини тортарди. Уни кўрган ҳар одам келажакда буюк зот бўлишини айтарди. Кичик ёшидан Қуръони каримни хатм этди ва ёд олди. Сўнгра илм таҳсил қилишни бошлади. Сулаймония, Керкук, Ироқ, Арбил. Бағдод каби илм марказларига бориб, шуҳратли олимлардан тафсир, ҳадис, фиқҳ каби зоҳирий илмларни, замонининг фан ва адабиёт билимларини ўрганди.

Саййид Тоҳо Хаккорий талабалигида бир куни Бағдодга яқин жойда жуда оз оқиб турган сувдан таҳорат олаётганди. Дўстлари “Бу сув жуда кам, бу билан таҳорат олиб бўлмайди” деганларида “Бу маъи жоридир, яъни оқар сувдир. Динимизда бундай сув билан таҳорат олишга изн бор. Сизлар илм талабасисизлар, буни биласизлар. Ҳатто бу сувда балиқ ҳам яшайди” деб қўлини сувга тиқиб чиқарди. Дўстларига “Қаранглар бу сувда катта балиқлар бор экан” дея қўлидаги балиқни кўрсатди. Бу буюк кароматни кўрган дўстлари “Бундан кейин сен нима қилсанг қил, сенга қайтиб эътироз билдирмаймиз” дедилар.

Ҳижрий ўн учинчи асрнинг қутби бўлган Мавлоно Холид Ҳиндистонга бориб. Ғулом Али Абдуллоҳ Деҳлавийнинг ҳузури билан шарафланиб, лойиқ ва мустаҳақ бўлган фазилат ва камолотни олди. Сўнгра Аллоҳу таолонинг қулларига тўғри йўлни кўрсатиб, Ҳаққа қовуштириш учун ватанига қайтди. Ҳар тараф Мавлононинг қалбидан тараган нурлар билан мунаввар бўла бошлади. Бу вақтда дўсти бўлган Саййид Абдуллоҳ ҳам Сулаймонияга келган Мавлонони зиёрат қилгани мадраса томон борганди. Олимнинг суҳбатларига бироз вақт қатнаб, камолга келди ва халифаи акмали, яъни энг комил халифаси бўлди. Мавлоно Холид Бағдодийга биродарининг ўғли Саййид Тоҳонинг фавқулодда ва юксак истеъдоди ҳақида сўз очди. Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратлари кейинги келишида уни бирга олиб келишини амр этдилар. Саййид Абдуллоҳ иккинчи зиёратида жияни Саййид Тоҳони ҳам бирга олиб борди. Мавлоно ҳазратлари Саййид Тоҳони кўрар-кўрмас, унга Абдулқодир Гейлоний ҳазратларининг қабрига бориб, истиҳора қилишини буюрдилар. Саййид Тоҳо мақбара ёнидаги бинода, истиҳора қилди. Бобоси Абдулқодир Гейлоний ҳазратлари “Мавлоно Холид замонининг олими, авлиёларнинг буюгидир. Дарров унинг олдига бориб, таслим бўлгин, унинг амрига киргин!” деб буюрдилар.

Саййид Тоҳо катта бобоси Саййид Абдулқодир Гейлоний ҳазратларининг маънавий амри ва изни билан Мавлононинг ҳузурига келди. Бу шундай келиш эдики, жуда оз кишиларга насиб бўлганди. Қандай бебаҳо илмларни қўлга киритиб кетиши шу келишидан маълум эди. Мавлоно Саййид Тоҳонинг етилиб камол топишига, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган, қалблар тушуна олмаган мақому мартабаларга эришишига устози астойдил ҳиммат кўрсатиб, ёрдам бердилар. Кейинчалик замонининг энг буюк олими ва авлиёси бўладиган тарзда уни тарбияладилар. Риёзатида ҳеч қусур қилмадилар.

Мавлоно ҳазратлари етиштириш ва тарбия асносида Саййид Тоҳога тоғдан тош олиб келтиртирди. Бу ҳол талабалари орасида таажжубга сабаб бўлиб “Устозимиз Мавлоно Расулуллоҳнинг аҳли байтига жуда ҳурматкор бўлганлари ҳолда Саййид ҳазратларини тоққа юборишида қандай ҳикмат бор?” дейишарди. Ҳазрати Мавлоно эса, бу хусусда сукут сақларди.

Саййид Тоҳо ҳазратлари Мавлоно Холид Бағдодийнинг ёнида саксон кун қолганидан кейин авлиёликда жуда юксак даражага эришди. Кашф ва каромат соҳиби бўлиб, хилофати мутлақо билан шарафландилар.

Саййид Тоҳо ҳазратлари хилофотга мушарраф бўлиб, Бардасурга борадиган вақт Мавлоно уни катта бир жамоат билан кузатдилар. Хайрлашгандан кейин Саййид Тоҳо Мавлононинг кетганлигини ҳис этиб, отига минмоқчи бўлганида узангини биров тутиб турганини пайқади. Қараганида устози Мавлоно эканлигини кўрди. “Астағфируллоҳ” деб, ортга чекинди. Мавлоно Саййид Тоҳо ҳазратларига “Бир вақтлар нафсингизни тарбиялаш учун сизга тоғдан тош ташиттирардим. Энди Расули акрамнинг Аҳли байтига бўлган ҳурматим туфайли узангингизни мендан бошқа кимса тутолмайди. Сиз ҳам бундан қочолмайсиз” дедилар. Саййид Тоҳо сиқилиб “Амр адабдан устундир” сўзига риоя этиб, отига миндилар. Бир муддат минглаган олим, талаба ва халқ кузатувида юрди. Сўнгра Мавлоно тўхтади. Қўлидаги тизгинни Саййид Тоҳога бериб “Бундан кейин тизгинларингиз ўз қўлингизда. Тарбия ва таълимингизда асло қусур қилмадим. Жаноби Ҳақ ёрдамчингингиз, буюкларнинг руҳлари мададкор бўлсин” дедилар. Саййид Тоҳо Хаккорий ҳазратлари Мавлоно Холид Бағдодийнинг халифаси сифатида Бардасурга келдилар.

Амакиси Саййид Абдуллоҳ Наҳрида талаба етиштириш билан машғуллигида, у ерга жуда яқин бўлган Бардасур қишлоғига Саййид Тоҳонинг юборилиш ҳикматини тушунмаган баъзилар “Бундай буюк икки халифанинг битта жойга юборилишининг сабаби нима?” дердилар. Буни оз вақтдан кейин Саййид Абдуллоҳ вафот этганидан сўнг тушундилар. Бундан кейин у ернинг халқи тарафидан Саййиди Бузург (Буюк устоз) дея машҳур бўлган Саййид Тоҳо ҳазратлари Наҳри қишлоғига келиб, иршодни бошладилар. Бу ерда қирқ икки йил илм толибларига, Ҳақ ошиқларига ва Ҳақни излаганларга илм, файз ва нур сочдилар. Ошиқлар узоқ-яқиндан парвона каби бу иршод ва нур манбаининг атрофига тўпландилар.

Саййид Тоҳо ҳазратларининг суҳбатлари баракати билан кўплаб кишилар Аллоҳу таолонинг розилигини қозонди. Уни кўрган муслим ёки ғайри муслим шу онда-ёқ Аллоҳу таолони хотирларди.

Инкорчи ва бидъат соҳибларидан сақланиш хусусида шундай деганди:

“Мункирдан (инкорчидан) ва бидъат аҳлидан арслондан қочгандек қочинг! Мункирнинг нонини еган кишининг қалби қирқ кун зикр этолмайди. Бу мункирлар Расулуллоҳ замонида бўлганларида У зотга имон этмасларди.”

Саййид Тоҳо Хаккорий ҳазратлари вафо ва садоқатда ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, шижоат ва адолатда ҳазрати Умар, ҳаё ва ҳилмда ҳазрати Усмон, вилояти куброда ҳазрати Алини (родиаллоҳу анҳум) тамсил этардилар. Гўё Расулуллоҳга яқин бўлган Асҳоби киромдан бири каби эди.

Виқор ва ҳайбатидан атрофидагилар муборак юзига тик қарай олмасдилар. Юзидаги ҳайбат нури ўн тўрт кечалик ойдек кўзларни қамаштирарди. Пешонаси кенг, қошлари қалин, икки қошларининг ораси очиқ, муборак кўзлари қора, юзлари юмалоқдан келган, чамбар соқолли, ўрта бўйли худди бир нур парчаси эдилар. Кўнгил соҳиблари кўришлари билан зотига руҳан ошиқ бўлар эдилар. Суҳбатларида иштирок этганлар ошиқликдан ўзларидан кетиб қолардилар. Наҳри ҳудудига кирганида файз ва муҳаббат ифорлари ақлли бўлган ва кўнгил соҳибларини истило этарди. Зиёратчилар таҳоратсиз ҳолда Наҳрига киролмасдилар.

Саййид Тоҳо ҳазратлари таҳажжуд намозини аксарият ўз уйида, баъзан масжидда ўқирдилар. Чошгоҳ намозини ҳар доим масжидда ифо этардилар. Ҳар куни мадрасаларни назорат қилар, мударрис ва талабаларнинг таҳсилини тадқиқ этардилар. Мударрисларнинг мушкул масалаларини ҳал этарди. Наҳри чумоли инидек доим солиҳлар ва толиблар билан қайнаб ётарди. Минглаб кўнгил соҳиблари файз олиш учун бўйинларини эгиб, бу даргоҳга оқиб келардилар. Кечаю кундуз бу мақомнинг зикр, фикр, ибодат ва тоатсиз бир они ҳам бекор ўтмасди. Саййид Тоҳо ҳазратлари даргоҳга ташриф буюрганларида барчанинг қалби кўнгли инжу сочилган тилларидан чиқадиган сўзларга боғланарди.

Аср намозидан кейин “Хатми хажагони кабир”, сўнгра имоми Раббоний ҳазратларининг “Мактубот”и ўқиларди. Саййид Фаҳим ҳазратлари Наҳрида бўлса унга, бўлмаса муҳтарам куёвлари ва халифалари Саййид Абдулаҳад ҳазратларига ўқитардилар.

Бунда баъзи калима ва жумла устида қилинган кенг изоҳлар суҳбатларининг асосини ташкил этарди. Наҳрида меҳмонлар, масалан бош вазир бўлса ҳам, шом билан хуфтон орасида овқатланишга танаффус берилмасди. Бу вақт зикр, фикр ва ибодат билан ўтказиларди. Кечки овқат шом намозидан аввал ейиларди. Мухлислари ва талабаларидан ҳеч кимни унутмас, ҳар бирининг аҳволини сўраб-суриштирардилар. Кимнинг бирон ташвиши бўлса, дарров уни ҳал этишга ҳаракат қилардилар. Силаи раҳмга, қариндошлар зиёратига аҳамият берар, муҳтожларнинг эҳтиёжини қондирардилар. Устозининг тавсиялари бўйича, давлат одамлари билан алоқа қилмас, фақат баъзи мусулмонларга зарар етмаслик учун уларга мактуб ёзардилар. Ҳолбуки Султон Абдулхамид хондан бошлаб, бутун давлат одамлари у зотнинг ҳар бир амрларига тайёр эдилар.

Саййид Тоҳо Хаккорий ҳазратларининг жуда кўп кароматлари бордир.

Бир кеча ўғри Саййид Тоҳо ҳазратларининг омборига кириб, бир қоп ун ўғирламоқчи бўлди. Қопни тўлдирди, лекин уни кўтаролмади. Ярмини бўшатди, лекин барибир кўтаролмади. Яна бироз бўшатди. Яна кўтаролмади. Шу вақт Саййид Тоҳо ҳазратлари омборга келиб “Нима қопни кўтара олмаяпсанми? Сенга ёрдамлашай” дедилар. Ўғри буни эшитиб, тахтадек қотиб қолиб, ҳеч нарса деёлмади. Саййид ҳазратлари қопни кўтариб, ўғрининг елкасига қўйгандан кейин “Буни ол-у бу ердан кет, бизнинг одамларимиз кўрмасин. Кўриб қолишса, озор беришади. Энди яна бирон эҳтиёжинг бўлса, омборга эмас, бизга келгин!” деганида ўғри тавба қилиб, содиқ талабаларидан бўлди.

Устози Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратлари унга ёзган бир мактубида айтдики: “Аллоҳу таоло қалбим севгилиси Саййид Тоҳони фано ва бақо мақомларининг ниҳоясига эриштириш билан шарафлантирсин. Бу фақирга муҳаббат ва ихлос боғи билан боғлиқлигингизни билдирган мактубингиз келди. Юксак Нақшибандия йўлига хизмат этаётганингиз ва Қуръони каримни бир усул билан хатм қилаётганингиз ҳақидаги хабарга жуда севиндик. Ихлосли бўлиш шарти билан инсонлар сизнинг воситангизда Аллоҳу таолога ибодат этиш, жаноби пайғамбаримизнинг суннати саниясига эргашишдек нима иш қилсалар ҳам, улар қозонган савоб қадар сизнинг амал дафтарингизга ҳам савоб ёзилади. “Яхши йўл очган кишига очган йўлининг савоби берилганидек бу йўлда юрадиганларнинг ҳам савоби берилади. Бу билан бирга уларнинг савобидан зарра қадар камаймайди” ҳадиси шарифи бу сўзимизга очиқ далилдир. Сизга Аллоҳу таолонинг саломи, раҳмат ва баракати бўлсин. Қулларнинг энг заифи Холид Нақшибандий.”

Саййид Тоҳо ҳазратлари талабаси Саййид Сибғатуллоҳ Арвосийга ёзган форсча бир мактубида шундай деганди: “Икки нарсани муҳофаза қилмоқ лозимдир. Булар диннинг соҳибига чамбарчас боғлиқлик ҳамда устозига ихлос ва муҳаббатдир. Бу икки нарса бўлса, нима берилса ҳам неъматдир. Бу иккиси қувватли бўлиб, бошқа ҳеч нарса берилмаса ҳам хафа бўлмаслик керак. Охирида барибир берилади. Агар, Аллоҳ сақласин, бу икки нарсадан бирида камчилик ва нуқсон бўлса-ю, бу билан бирга ҳоллар ва завқлар берилса, буларни истидрож деб билиш керак. Тўғри йўл будир. Аллоҳу таоло муваффақ қилсин!”

Ироқдан икки саййид ўсмир ҳадяларни олти хачирга юклаб, Наҳрига Саййид Тоҳо ҳазратларига келтириш учун йўлга чиқдилар. Харунан қишлоғидан ўтаётганда Саййид Тоҳо ҳазратларининг буюклигини инкор этувчи Мусо бей исмли киши, хачирларни юклари билан бирга тортиб олди. Йигитлар йиғлаганча Наҳрига келиб, Саййид Тоҳо ҳазратларини хабардор қилдилар. Саййид Тоҳо ҳазратлари Мусо бейга хабар юбориб “Бу хачирларнинг юклари менга оид бўлганидан юклар сеники бўлсин. Бу ёш йигитлар саййиддир. Уларга марҳамат қилгин, хачирларини қайтариб бергин” дедилар. Муса бей амрларга қулоқ солмай, хачирларни қайтармади. Иккинчи марта хабар юбориб “Менинг номим ва ҳурматим учун берсин” деб илтимос қилдирдилар. Бунга ҳам қулоқ солмаганидан кейин Саййид Тоҳо қаттиқ ғазабланиб “Қани Жума келсин-чи, бермаганини кўрамиз” дедилар. Жума кечаси Наҳридан талабалари бориб, ишнинг натижасини кутдилар. Бей меҳмонхонасида ҳамтовоқлари билан, Саййид Тоҳонинг авлиёлигини инкор қилиб, бу хусусда ҳаддидан ошиб бўлмағур гаплар айтиб ўтирарди.

Бу фисқ мажлисидан сўнг ётоқхонасига кириб ётиши билан ошқозонида оғриқ пайдо бўлиб “Қорним!.. Қорним!..” дея жон берди. Вазиятни тушунган тўққиз ўғли зудлик билан хачирларни юклари билан Наҳрига олиб бориб топширдилар ва Саййид Тоҳога ёлвордилар: “Марҳамат қилиб отамизнинг дафн маросимида бўлиб, дуо қилинг!” уларга жавобан: “Менинг у ерга боришимнинг унга ҳеч фойдаси йўқ” дедилар. Фарзандлари ялиниб-ёлвориб қўймадилар. Ниҳоят ҳазрати Саййид ўринларидан туриб, жанозага бордилар. Майитнинг қоп-қора бўлиб қолганини кўрдилар. Дафндан кейин Саййид Тоҳо “Менинг келишимдан зарра қадар фойда кўрмади” дедилар. Жаноби Ҳақ бир саййидни ҳақорат қилишнинг, уни ранжитишнинг жазосини берди. Буни ҳамма очиқ-ойдин кўрди.

Ван шаҳрининг Гурпинор туманидан бир зот Наҳрига келиб Саййид Тоҳога шогирд бўлишни истади. Қабул этилганидан кейин ортига қайтиб, уйига келди. Талаба бўлганидан бир неча кун ўтгач, молларининг бир қисмини бўри еб кетди. Шайтон “Бу устозга шогирд тушиш сенга ярамади, хосиятсиз келди” деб васваса берди. Бу шогирд ниҳоят Саййид Тоҳо ҳазратларининг унга ҳадя қилган тасбеҳини қайтариб бериши учун Кўса Халифа номли устозининг халифасига ташлаб келди. Нияти устозидан ажралиш эди. Тасбеҳни Саййид Тоҳо ҳазратларига берганларида у зот шунчаки табассум қилдилар. Орадан ойлар ўтганди. Бир куни Саййид Тоҳо ҳазратлари пешин намозига тураётганида бирдан муборак қўлларини олдинга силкитиб “Даф бўл, ё лаъин!” деб намозни бошладилар. Намоздан кейин Кўса Халифа “Устоз, қўлларингизни силкишдан мақсад недир?” деб сўради. Саййид ҳазратлари “Гурпинорда бир мусулмон сакаротда экан, шайтон алайҳилаъна унинг имонсиз кетиши учун уринарди. Буюкларнинг баракати билан даф қилинди. Бу одам имон билан жон таслим қилди” деб жавоб бердилар. Халифа Кўса “Тасбеҳни қайтариб берган кишими?” деб савол қотди. Саййид Тоҳо “Ҳа, ўша” дедилар. “Устоз, нимага ёрдам қилдингиз. У одобсизлик қилиб, ҳадянгизни қайтариб берганди” деганида “Майли, у бир вақтлар бизни озгина бўлса ҳам севганди” деб жавоб бердилар.

Саййид Тоҳо ҳазратлари ўзини Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратларига олиб борган валинеъмати амакиси Саййид Абдуллоҳ ҳазратларига бу буюк неъматнинг шукри сифатида доим ҳурмат ва хизматда бўлдилар. Уни ҳар доим яхшилик билан ёд этдилар ва руҳига жуда кўп савоблар жўнатдилар. Бундан ташқари “Вафот этганимда қабримни қабристоннинг энг устки тарафига қазингки, мени зиёрат қилишга келганлар амаким Абдуллоҳ ҳазратларининг қабрлари орқали ўтишга мажбур бўлсинлар. Шу тариқа у зотни ҳам зиёрат қилиб, руҳига савоблар ҳадя этсинлар” дедилар. (Бу қабристоннинг ичида битта сўқмоқ йўл бор эди. Саййид Абдуллоҳнинг қабри киришда эди. Саййид Тоҳо ҳазратларининг қабрига бормоқчи бўлган киши Саййид Абсдуллоҳнинг қабри ёнидан ўтиши лозим.)

Бир куни Саййид Тоҳо ҳазратлари Саййид Сибғатуллоҳга айтдиларки:

“Мулла Сибғатуллоҳ! Устозга муҳаббат ва у билан суҳбат барча нарсадан устундир. Чунки устоз камол мартабаларининг энг юксагига эриштириш ва унга маърифатларни бериш билан шогирдининг дил хасталигини даволайди.”

Яна айтдиларки:

“Шоҳ-и Нақшбанд ҳазратлари йўлининг асосини Асҳоби киромнинг йўли устига қурганлар. Улар Расулуллоҳнинг муҳаббати билан етишганидек, бизга ҳам устозга бўлган муҳаббат етарлидир.”

Бир халифасига шундай дедилар:

“Халққа аввал ишора билан муоамала қилгин, бу фойда бермаса ибора (сўз) билан сўзлагин. Бу ҳам фойда бермаса, ундан юз ўгиргил. Сен бировдан юз ўгирсанг, Расулуллоҳгача бутун Силсилаи олия буюклари ундан юз ўгиради.”

Турли вақтлардаги суҳбатларида айтардиларки:

“Амалларингизни ужб (ўз-ўзига бино қўиш, ўзини ёқтириш, ибодатларини хуш кўриш) билан бажариш орқали зинҳор маҳв қилманг! Бизнинг йўлимиздаги йўлчиларнинг фойдалари ота-оналарига ҳам тегади.”

Тоҳо Хаккорий ҳазратлари Наҳрида қолган қирқ икки йил давомида исломиятнинг амр ва тақиқларини инсонларга билдириб, уларнинг дунё ва охиратда қутулишлари учун тиним билмай ҳаракат қилдилар. Бутун устозлари каби исломнинг гўзал ахлоқини атрофига ёйдилар. Сиёсатга аралашмадилар. Кўплаган авлиё етиштириб, уларга хилофат бериб. зиммаларига Исломиятнинг амр ва тақиқларини ёйиш вазифасини юкладилар. Халифаларининг энг машҳурлари: биродари Саййид Муҳаммад Солиҳ, Саййид Сибғатуллоҳ Арвосий, Саййид Фаҳм Арвосийдир. Булардан бошқа халифалари ҳам бор.

Саййид Тоҳо Хаккорий ҳазратлари 1852 йили аср вақтида Ҳарам чашмаси деган дарахтзорда шогирдлари билан суҳбат қиларди. Суҳбат вақтида иккита мактуб келди. Буларни қийматли куёви Абдулаҳад Афандига ўқитганидан кейин “Абдулаҳад! Шуҳрат офатдир. Энди бизнинг дунёдан кетиш вақтимиз келди” дедилар. Абдулаҳад “Тинчликми устоз? Шомдан келган бу икки мактуб нима эди?” деди. Шу куни суҳбатдан кейин хонаи саодатларига кирдилар ва бетоб тушдилар. Ўн бир кун хаста ётдилар. Хасталиги оғир бўлишига қарамай намозларини имкон борича тик туриб ўқишга ҳаракат қилдилар. Хасталигининг ўн иккинчи, шанба куни талабалари ва яқинлари билан рози-ризолик олиб, видолашдилар ва васиятини қолдирдилар. Укаси Саййид Солиҳ ҳазратларини чақиртирдилар. У ҳақида “Биродарим Солиҳ комил бир авлиёдир. Ҳамманинг боши унинг этакларидан ҳам пастроқдадир” дедилар. Ўрнига Солиҳ биродарини халифа қилиб қолдирдилар. Аср вақтида шогирдларининг Ёсини шариф тиловати асносида муборак руҳини калимаи тавҳид айтиб, таслим этдилар.

Қабри Наҳридадир. Уни севадиган ошиқлари узоқ жойлардан келиб, муборак қабридан тараётган нурлардан, файзлардан истифода қилмоқда, баракатланмоқдалар. 

Сен излаган нарса бу даргоҳда йўқ

Мусул тарафларда шайхлик давосида бўлган бир кимса шогирдларидан бирини Саййид Тоҳо ҳазратларининг ёнига юбориб, “Саййид Тоҳога суннатга хилоф бирон ножўя иш ишлатмасдан ортингга қайтма!” деди. Шогирди Наҳрига келди. Ааср намозидан сўнгра Саййид Тоҳо ҳазратларининг масжид олдида турган пойафзалидан чап пойини узоқроққа суриб қўйди. Бу билан масжиддан ўнг оёқ билан чиқишини ва шу тариқа суннатга мос бўлмаган бир иш қилдиришни режалаштирганди. Лекин Саййид Тоҳо ҳазратлари одамлар орасидан у кишига “Олган пойафзални дарров ўрнига қўйгин! Сен излаган нарса бу даргоҳда йўқ” дедилар. 

Ҳасса ва калтак

Харки қабиласидан Мулла Абдуллоҳ исмли бир мударрис иккита шогирди билан Наҳрига зиёратга кетаётганида йўлда анҳор бўйига дам олгани қўнишди. Мулла Абдуллоҳ гап орасида талабаларига “Ҳамма Наҳрига таҳоратли ҳолда боради. Ҳеч ким таҳоратсиз қишлоққа кирмаган. Мен ушбу одатни бузиб, таҳоратсиз бораман” деди. Талабалари “Устоз, биз ҳам одатни бузмасдан таҳоратли ҳолда борайлик” десалар ҳам “Нима бу диннинг ҳукмими? Мен қилмайман” деди. Бу орада юз-қўлини юваётганида қўлтиғидаги ҳассаси сувга тушиб кетди. Қўлини узатиб, ҳассасини олмоқчи бўлганида, ҳикмати илоҳий, ҳасса унинг юз-кўзига урилиб, башарисини қонга белади. Сўнгра ҳасса йўқ бўлди. Мударрис Мавлоно ҳақида гапирганларига пушаймон бўлди. Яраларини боғлаб, таҳорат олди. Наҳрига борди. Саййид ҳазратларининг ҳузурига кириб, ҳассасини деворда осилиб турганини кўрди. Нигоҳи ҳассада қотиб қолганида Саййид Тоҳо ҳазратлари “Менимча, мана шу ҳассадан калтак едингиз” дедилар. Мулла Абдуллоҳ қилганларига пушаймон бўлиб, тавба қилди. Талабаси бўлиб шарафланди.