Сайфиддин Форуқий

Сайфиддин Форуқий ҳазратлари силсилаи олиянинг йигирма бешинчисидир. Имоми Раббоний ҳазратларининг невараси ва Урватул-Вусқо Муҳаммад Маъсум Форуқий ҳазратларининг бешинчи ўғлидир. Туғиладиган вақтида бир фаришта “Туғилган кун, вафот этадиган кун ва тириладиган кунда унга салом бўлсин” маолидаги Марям сурасининг 15-ояти каримасини ўқиб, мужда берганди. Кичик ёшлигидан бошлаб илм ўрганди. Амакиси Муҳаммад Саиддан ақлий ва нақлий илмларни ўрганиб, қисқа вақт ичида олим бўлди. Замонининг ягонаси ҳамда маърифат дарёси бўлган отаси Муҳаммад Маъсум Форуқийнинг таважжуҳ ва суҳбатлари билан илгарилаб, қисқа вақтда кароматларга қовушиб, олимларнинг бош тожи бўлди.

Камолга етканидан кейин отасининг амри билан Оламгир хон билан кўришиш учун Деҳлига бордилар. Деҳлига борганида шаҳарнинг дарвозаларида икки қутурган фил ва буларни забт этишга уринаётган икки ҳайбатли паҳлавоннинг сурати илинганини кўрдилар. Султонга бу суратларни олдириб, йўқотмагунча шаҳарга кирмаслигини айтдилар. Султон расмларни олиб ташлатгандан кейин шаҳарга кирдилар. Султон Оламгир хон ўз истаги билан келиб, у зотга шогирд тушди. Суҳбатлари билан шарафланди. Ёши катта бўлишига қарамай Қуръони карим ўқишни ўрганиб, ёд олди. Суҳбатларининг баракати билан Ҳиндистонда ғовлаб кетган қанчалаб бидъат ва бузуқликлар султон Оламгир хон тарафидан фармон чиқарилиб, йўқ қилинди. Унутилган суннатларни қайтадан юзага чиқарди. Бошқа вазирлар, ҳокимлар ва давлат одамлари ҳам Сайфиддин Форуқий ҳазратларининг давра суҳбатлари билан шарафланиб, ҳидоятга эришдилар.

У зотнинг ҳиммат ва баракати билан Ҳиндистоннинг ҳар тарафида исломият ёйилиб, мусулмонлар қувватланди. Бидъат соҳиблари ва кофирларнинг ҳоллари паришон бўлди.

Деҳлидаги суҳбат мажлислари жуда баракатли ўтар ва тумонот иштирокчилар билан тўлиб тошарди. Ён атроф вилоятлардан келган кофирлар ва фосиқлар ҳам ўша суҳбатларга келиб, ҳазратнинг юксак ҳузурлари билан шарафланиб, ҳидоятга қовушар, эски гуноҳларига тавба қилишиб, истиғфор айтишиб ортларига қайтишарди. Суҳбатининг баракати билан минглаб кишилар ҳидоятга эриб, баланд даражаларга етишганди. Даргоҳларига кунда бир неча минг одам келиб, файз оларди.