Убайдуллоҳ Аҳрор

Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратлари Туркистоннинг буюк авлиёларидан. Силсилаи олиянинг ўн саккизинчисидир. 1403 йилда Тошкентда туғилиб, 1490 йили Самарқандда вафот этди. Қабри Самарқанд шаҳрида.

Туғилганидан эътиборан устун ҳоллари кўринди. Онаси нифосдан тозаланганидан кейин эмишни бошлади. Юзидан шундай нур таралардики, кўрганлар ҳайратда қолиб, унга дуо қилардилар. Тилидан Аллоҳу таолони исми ҳеч тушмасди. Бобоси ҳам олим ва авлиё эди. Вафот этиши олдидан неваралари билан алоҳида-алоҳида видолашди. Убайдуллоҳ Аҳрор у вақтлар жуда кичкина эди. Уни кўриб қучоқлаганча йиғлаб шундай деди: “Мен бу болам буюк зот бўлганида ҳаётда бўлмайман. У исломиятга хизмат қилади. Жаҳон подшоҳлари унинг гапига қулоқ соладилар.”

Тасаввуфда юксак даражаларга эришгандан кейин нафақасини ҳалолдан топиш учун деҳқончилик билан шуғулланди. Қисқа вақт ичида бой-бадавлат бўлди. 1300 дан ортиқ деҳқончилик қиладиган ва чорва етиштирадиган экин далалари бор эди. Ҳар бирида уч минг ишчи меҳнат қиларди. Аллоҳу таоло унинг ҳосилига шундай барака бердики, ҳар йили 800 минг ботмон (700 тонна) заҳира ушр берарди. Омборларда сақланаётган ҳосил ҳар гал олиб чиқилганида у ерга қўйган пайтларидагидан ҳам мўлроқ бўлиб чиқарди. Ўзлари бу ҳақида: “Бизнинг молимиз фақирлар учундир. Бунча молнинг сири мана шу нуқтададир” деганлар.

Яқинларидан бир киши кечаси биттасини шароб олиб келиш учун юборди. Бу кимса шаробни олиб келгач, уйининг олдига келиб, шароб идишини юқоридан туширилган сават ичига жойлади. Шаробга юборган киши саватни юқорига торта бошлади. Тортаётганида сават деворга тегиб, ипи узилди ва сават ерга тушиб, кўза синди. Шароб олдирган киши ҳеч ким билмасин деб, саҳарлаб туриб, синган кўзанинг парчаларини тўплади. Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратлари у кишининг уйига келиб: “Кечаги синган кўзанинг овози қулоғимга чалинди. Агар бу кўза синмаганида менинг кўнглим синарди ва бошқа сен билан учрашувимга ҳожат қолмасди” дедилар.

Бир талабаси баён қилади:

Сафарда эдик. Ярим кечада менга “Дарров туриб, нарсаларни йиғиштир ва ташқарига чиқ!” дедилар. Ортимдан ўзлари ҳам ташқарига чиқиб “Бу атрофдагиларни уйғотинг. Кейин орқамдан юринглар” дедилар. Бир тепаликка қараб тез-тез юриб кетдилар. Биз ҳам дарров йиғиштирилиб, изларидан чопдик. Тепага чиққач тўхтадилар, биз ҳам ёнларига бориб турдик. Баъзи бировлар биз билан келмаганди. Биз тепаликда турганимизда тўсатдан қўрқинчли сел келди. Сел олдидан чиққан дарахт, қоя, девор, нима бўлса барини суриб кетарди. Биз ташлаб чиққан уйлар ҳам сув тагида қолган, келмаганлар эса, селда ғарқ бўлганди. Селдан қутулганлар Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратларининг бу кароматини кўриб, унинг буюк бир авлиё эканлигига яна бир марта ишонч ҳосил қилдилар.

Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратлари айтдиларки:

“Кишининг қалби қорайганлигига аломат қилган гуноҳларидан сиқилмаслиги, гуноҳ қилишда бардавом бўлиб, оёқ тираб туриб олишидир. Ишлаган гуноҳлари сабабли қалби шундай қораядики, энди унга насиҳатлар таъсир қилмайди, ғафлатдан уйғонмайди.”

“Агар биз шайхлик қилганимизда замонимизнинг ҳеч бир шайхи ўзига шогирд топа олмасди. Лекин бизга бошқа иш амр этилди. Бизнинг ишимиз мусулмонларни зулмдан ҳимоя қилишдир.”

“Тасаввуф бу – вақтини энг қийматли нарсага сарф этишдир.”

“Тасаввуф – ҳамманинг юкини кўтариш ҳамда ҳеч кимга ўз юкини солмасликдир.”

“Тасаввуфдан мақсад ўзини мажбурламасдан туриб, ҳар он Аллоҳу таолони хотирлашдир.”

“Инсоннинг қиймати: идроки бу йўлнинг буюкларидаги ҳақиқатларни тушуниши қадардир.”

“Балоларга сабр қилиш, ҳатто шукр қилиш керак. Чунки Аллоҳу таолонинг бири биридан аччиқроқ бўлган балолари бор.”

“Инсоннинг яратилишидан мақсад қуллик қилишидир. Қулликдан мақсад эса, ҳар қандай шароитда Аллоҳу таолони унутмасликдир.”

“Бутун кароматларни бизга берсалар, лекин эътиқодимиз аҳли суннат бўлмаса, ҳолимиз харобдир. Агар бутун харобликларни, аламларни берсалар, лекин эътиқодимиз аҳли суннат бўлса, ҳеч ғам чекмаймиз.”