Ҳамма вақт мазҳабнинг ҳукмига итоат қилинади

Савол: “Ибни Обидин”, “Ҳиндия”, “Дурар” каби мўътабар асарларда келтирилган баъзи ҳадиси шарифлар ҳадис китобларидаги баъзи ҳадиси шарифларга ва оятларга зиддек туюлади. Мазҳабимизнинг баъзи ҳукмлари ҳам ҳадисларга ва оятларга мос келмайдигандек кўринади. Бу ҳолатда қайси бирига, Аллоҳнинг китобигами, Расулуллоҳнинг суннатигами ёки мазҳабимизнинг ҳукмларигами, қайси бирига амал қилишимиз керак?

Жавоб: Бундай савол қўйиш дуруст эмас. Ҳеч ҳам “Аллоҳнинг китобига ва Расулининг суннатига амал қилиш керакми?” деб сўраладими? Расулуллоҳнинг суннати Аллоҳнинг китобидан бошқача бўлармиди? Мазҳабимизнинг ҳукмлари ҳам Китобга ва Суннатга асло зид бўлмайди. Аввал қисқача тушунтириб ўтамиз:

1. Ҳадис оятга зид бўлмайди. Зиддек кўринса, ҳадиси шарифга амал қилинади. Чунки ояти каримани энг яхши Расулуллоҳ тушунганлар. Расулуллоҳнинг изоҳи оятнинг изоҳи бўлади.

2. Бир оят ёки бир ҳадис мазҳабнинг ҳукмига зиддек кўринса, мазҳабнинг ҳукмига амал қилинади. Чунки мазҳабимизнинг олимлари ояти каримани ва ҳадиси шарифларни албатта биздан яхшироқ билганлар. Ворис бўлган олимларнинг фарқли ижтиҳодлари эса, яна Расулуллоҳнинг амрига кўрадир. Аллоҳу таоло Расулини қандай вакил қилган бўлса, Расулуллоҳ ҳам ворисларини вакил қилиб қолдирганлар. Агар тўрт мазҳаб ва уларнинг фарқли ҳукмлари бўлмасдан, фақат биттагина ҳукм бўлганида эди, мусулмонларнинг ҳоллари жуда қийин бўларди. Ҳозирда бир мусулмон ўз мазҳабига кўра қила олмаган бир нарсани эҳтиёж туғилса, бошқа бир ҳақ мазҳабнинг ҳукми бўйича бажариши мумкин. Бу қандай катта неъмат!

“Мужтаҳид бўлмаган илм толиби ўқиган ҳадисидан ўз тушунгани бўйича амал қила олмайди. Мужтаҳидларнинг ояти карима ва ҳадиси шарифлардан чиқарган фатволари бўйича амал қилиши керак. “Тақрир” китобида ҳам шундай ёзилган.” (Кифоя)

Мужтаҳид бўлмаган кишининг бу ҳукмларни ҳадиси шарифлардан чиқариши мумкин эмас. Шунинг учун мужтаҳид бўлмаган киши ҳеч қандай раҳбарсиз ҳадис китобини ўқиса, ё ҳадисларни уйдирма деб гумон қилади, ёки ўз тушунгани бўйича нотўғри бир ҳукм чиқаради. Ҳар иккаласи ҳам ўзининг фалокатига сабаб бўлади. У ҳолда бир мусулмонга қилинадиган энг катта ёмонлик “Ҳадис китобини ол-да, ҳадисларни ўқи ва шулардан динингни ўрган!” ёки “Қуръон таржимасини ўқи, динингни асл манбадан ўрган!” дейишдир. Бу бир хастага “Тиббий жиҳозлар сотиладиган бир жойга бор, у ерда хоҳлаган тиббий жиҳозинг бор, шулар билан ўз-ўзингни операция қил!” ёки “Фалон дори фабрикасига ёки аптекага бориб, топганингни, ёқтирганингни олиб ичгин-да, шифо топгин!” дейишдан ҳам бадтарроқдир. Чунки дуч келган дорини ичган одамнинг хасталиги яна-да ортади, ногирон бўлиши ёки ўлиши мумкин. Лекин динини нотўғри ўрганган одам куфрга тушиб, абадий Жаҳаннамда қолиши мумкин. Олим бўлганликлари ҳолда 72 бузуқ фирқанинг бошчилари ва уларга тобе бўлганлар жаҳаннамга тушадилар. Улар ояти карималарга ўз калта ақллари билан маъно берганликлари учун йўлдан адашишган.

Мазҳаб имомларини тан олмай, Китоб ва Суннат деб жаврайдиган мазҳабсизлардан сўраймиз: “Мазҳаб имомлари оят ва ҳадисларга амал қилмаганларми? Улар оят ва ҳадисларни ҳатто бизчалик ҳам тушуна олмаганларми? Нима учун бу қийматли олимларнинг англаганларига эмас, ўз тушунганимиз бўйича амал қилишимиз керак? Ҳатто кундалик ишларда ҳам ҳар бир иш ўз арбобига қўйиб берилади-ку. Операция учун жарроҳни қўйиб, адвокатга борилмайди-ку?” Шунинг учун соҳанинг мутахассиси бўлган мазҳаб имомларимизга эмас, ўз тушунчамиз биланг амал қилиш нақадар таҳликалидир.

“Доимо биргаликда Аллоҳнинг ипига маҳкам ёпишинглар, бўлинманглар” маолидаги ояти карима ҳақида Сайиид Аҳмад Таҳтовий ҳазратлари айтганларки: “Бу ерда "Аллоҳнинг ипи" дейишдан мақсад, жамоатдир. Жамоат эса фиқҳ ва илм соҳибларидир. Фиқҳ олимларидан бир қарич бўлса ҳам ажралган одам залолатга тушади. Сиводи аъзам - фиқҳ олимларининг йўлидир. Фиқҳ олимларининг йўли эса, Расулуллоҳ ва Хулафои рошидиннинг йўлидир. Бу йўлга тобе бўлмаган кимса бидъат аҳлидан бўлади ва оқибатда жаҳаннамга тушади.” (Таҳтовий)

Савол: “Барчага лозим бўлган имон” китобида “Мужтаҳид бўлмаган бир мусулмон бирон саҳиҳ ҳадисни ўрганиб, мазҳаб имомининг бунга мос келмайдиган ҳукмига эргашиш оғир келса, бу мусулмоннинг тўрт ҳақ мазҳаб орасида ушбу ҳадисга мос ижтиҳод қилган мужтаҳидни топиши ва бу ишини ўша мазҳаб бўйича бажариши лозим” дейилган. Биз ҳадислар билан амал қила оламизми?

Жавоб: Бу ифода ҳадиси шариф билан амал қилишни эмас, эҳтиёж ҳолида бошқа мазҳабни тақлид қилишни билдирмоқда. Масалан, оч қолиб крабга ўхшаган денгиз жониворидан бошқа ейдиган нарса тополмаган киши “Денгиздан чиқарилган ҳар қандай жонивор ейилади” ҳадиси шарифи бўйича ижтиҳод қилган мазҳаблардан бирини тақлид қилиб, денгиз жониворини ейиши жоиз бўлади, деган маънодадир. Йўқса, “Саҳиҳ ҳадис бор экан” деб ўз мазҳабига зид ҳаракат қила олмайди. Чунки Муҳаммад Ходимий ҳазратлари айтганларки:

“Тўрт ҳақ мазҳабдан бирида бўлган кишилар учун ўзи амал қилаётган мазҳабининг ҳукми далил, ҳужжатдир. Чунки улар носсдан, яъни оят ва ҳадисдан ҳукм чиқара олмайдилар. Шунинг учун бир мазҳабнинг ҳукми носсга мос келмайдигандек кўринса ҳам, шу мазҳабга тобе бўлиш керак. Чунки носс ижтиҳод, таъвил талаб қилиш мумкин, насҳ этилган бўлиши мумкин. Буни эса фақат мужтаҳидлар била оладилар.” (Бариқа)

Расулуллоҳни ўрнак қилиб олиш

Савол: Ибодатларимни Пайғамбаримизнинг ҳатти-ҳаракатлари бўйича бажо келтиргим келади. Расулуллоҳ ҳазрати Абу Бакрга иқтидо қилиб намоз ўқиётганларида имом орқасида Фотиҳа сурасини ўқиганмидилар? Агар ўқиган бўлсалар, бизга ҳам ўқиш лозим-ку деб сўраяпман. Шунингдек Пайғамбаримизнинг баданлари аёл кишининг очиқ баданига текканида ёки бирор жойи қонаганида бошқатдан таҳорат олганмилар?

Жавоб: Бу жуда нотўғри савол. Қуръон ва суннатдан бошқа далилни қабул қилмайдиган мазҳабсизларнинг саволларига ўхшаб турибди. Бу савол бир неча жиҳатдан нотўғри:

1. Динимизда тўртта далил бор. Иккисини инкор қилиш, бир ҳақ мазҳабга тобе бўлмаслик – залолатдир. Аввало мазҳабимизнинг ҳукми нима деб сўралиши керак эди.

2. Жаноби Расулуллоҳнинг даражаси бошқа. Унга фарз бўлган нарса бизга фарз бўлмаслиги мумкин. Масалан, таҳажжуд намози У зотга фарз, бизга эса, нофила. У зотга ҳаром бўлган нарсалар бизга жоиз бўлиши мумкин. Масалан, шеър ёзиш, шеър ўқиш, саримсоқ-пиёз ейиш Расулуллоҳга жоиз эмасди, лекин бизга жоиз. Демак Унинг қилган-қилмагани ўлчов эмас, бизга изн бериб-бермаганлиги муҳимдир.

У зотга жоиз бўлган баъзи нарсалар бизга жоиз бўлмаслиги мумкин. Масалан, Расулуллоҳга ажрашган аёлини қайта никоҳларига олишлари жоиз, бизга эса, жоиз эмас.

Бир киши ўлса, аёли бошқаси билан турмуш қура олади. Лекин Расулуллоҳнинг аёллари бошқаси билан турмуш қура олмайди. Чунки улар мўминларнинг оналаридир.

Демак, Расулуллоҳнинг шахсан қилганлари эмас, бизга буюрган ёки тақиқлаганлари муҳим. Буни ҳам биз била олмаймиз, фақат мужтаҳид олимлар билади. Шунинг учун ҳамма мусулмонлар мазҳабнинг ҳукми билан амал қилиши керак. “Расулуллоҳ буни қилди ёки қилмади” деб ўз калласидан ҳукм чиқариш дуруст эмас.

Савол: Бир киши “Мазҳабларга кўр-кўрона тобе бўлмайман, тақлид эмас, тадқиқ қиламан. Фақат тўғри бўлганларига тобе бўламан” деса, бу киши мазҳабсиз бўладими?

Жавоб: Асл мазҳабсизлик мана шу. Замонимизда ояти каримадан ва ҳадиси шарифлардан ўз тушунгани бўйича амал қилиб, мазҳабининг ҳукмларига тобе бўлмаган ҳар қандай одам мазҳабсиздир. Бундай қилиш - мазҳаб олимлари ҳақида ояти карима ва ҳадиси шарифларни тушуна олмаган деб ўйлаш, яъни уларни жоҳил деб билиш бўлади.

Бир мазҳабни ёқтирмасдан ундан чиқиш, Салафи солиҳинни жоҳил деб билиш, ёқтирмаслик бўлади. Бунга эса олимларимиз куфр бўлади деганлар.

“Ас-Савий” тафсирида Қаҳф сурасининг 24-ояти тафсири ҳошиясида айтиладики: “Тўрт ҳақ мазҳабдан бирида бўлмаган кишининг сўзи, саҳиҳ бўлган ҳадиси шарифга ёки ояти каримага мос кўринса ҳам, бу билан амал қилиш жоиз эмас. Тўрт мазҳабдан бирида бўлмаган кишининг эътиқоди бузуқдир. Бошқаларни ҳам ҳақ йўлдан адаштиради. Ҳақ бўлган тўрт мазҳабдан ажралиш куфргача олиб бориши мумкин.” (Ҳидоят-ул-муваффиқун, 65-бет)