Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ (родияллоҳу анҳ)

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ пайғамбарлардан кейин жами инсонларнинг энг устунидирлар. Ашъараи мубашшаранинг, яъни Жаннат билан суюнчиланган ўн саҳобанинг биринчисидир. Жаноби Пайғамбаримизнинг қайнотаси, ҳазрати Оишанинг отасидир. Ҳазрати Абу Бакр Расулуллоҳга ўзгача садоқат ва муҳаббат билан боғланган эди. Ҳатто вафотига Пайғамбаримиздан ажралиб қолишдан туйган қайғуси, ғами ва ҳасрати сабаб бўлганди. Чунки Расули акрамга бўлган муҳаббати ва ошнолиги калималар билан таъриф қилиб бўлмайдиган даражада кучли эди. Жаноби пайғамбаримиз ҳам уни жуда севарди.

Ҳазрати Абу Бакр (родияллоҳу анҳ) Расулуллоҳ вафот этган куни халифаликка сайланди. Халифалиги 2 йил, 3 ой ва 10 кун давом этди. 63 ёшида ҳижратнинг 13 (м.634) йили Жамозиал-охир ойининг еттиси душанба куни хасталаниб, 15 кун ётгач вафот этдилар. Жаноза намозини ҳазрати Умар ўқитди. Пайғамбаримизнинг қабри жойлашган Ҳужра-и Саодатга дафн этилди.

Ҳазрати Абу Бакр Расулуллоҳнинг энг яқин дўсти эди. Ундан ҳеч ажралмасди. Уларнинг мана шу ошноликлари Маккадан Мадинага ҳижратда ҳам давом этди. Расулуллоҳга ғорда шерик бўлдилар. Ғорда уч кун қолганларидан кейин бир туяга миниб, йўл юрдилар. Мадинага боргунга қадар Расулуллоҳнинг бутун хизматларини қилдилар. Мадинада масжид қурилаётганда Расулуллоҳ билан бирга меҳнат қилдилар. Ҳеч бир хизматдан, фидокорликдан четда қолмадилар. Ҳазрати Абу Бакр Пайғамбаримиз билан бутун жангларда бирга бўлган, баъзиларида қўшин қўмондонлиги вазифаси унга берилган эди. Шиддатли жангларда Расулуллоҳнинг ҳимоясида бўлдилар. Расулуллоҳга ўз баданини қалқон қилдилар. Бадр, Ухуд ва Хандақ жангларида катта қаҳрамонликлар кўрсатдилар. Табук жанггида байроқдорлик вазифасини бажардилар.

Расул алайҳиссаломнинг сўнгги хаста бўлиб ётган кунларида уч кун умматга имом вазифасида бўлиб, ўн етти вақт намозни ўқитдилар. Буларнинг уч вақтида Пайғамбаримизнинг ўзлари ҳам ҳазрати Абу Бакрга иқтидо қилиб, орқасида намоз ўқидилар.

Ҳижрий 10 (м.632) йили Пайғамбаримизнинг вафотидан кейин Асҳоби киромнинг ижмоси (сўз бирлиги) билан халифа қилиб сайланди. Пайғамбарларнинг охиргиси бўлган Муҳаммад алайҳиссаломдан кейин мусулмонларнинг халифаси, яъни Пайғамбаримизнинг ер юзидаги вакили ва мусулмонларнинг раиси ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ бўлди.

Асҳоби киромнинг энг илмлиларидан эдилар. Ҳар илмда ҳужжат, ҳар соҳада бурҳон эдилар. Исломий илмларнинг бутун масалаларини биларди. Шу қадарки, Расулуллоҳ жанобимиз у зот ҳақида “Кўксимдаги маърифатларнинг, илмларнинг барчасини Абу Бакрнинг кўксига оқитдим” деб марҳамат қилгандилар. Шу тариқа у зот Муҳаммад алайҳиссаломдан кейин инсонларнинг энг юксаги бўлдилар. Ҳижрат йўлида Аллоҳ расулининг йўлдоши, ғорда рафиқи эдилар. Ҳаётида Пайғамбаримиздан ҳеч ажралмадилар. Ҳар ишида Унинг вазири бўлдилар. Расулуллоҳ бир масалада Асҳоби киром билан маслаҳатлашаётганида ҳазрати Абу Бакрни ўнг тарафига, ҳазрати Умарни чап тарафига ўтқазарди. Кўрилаётган масалалар хусусида аввало бу иккисининг фикрини сўрар, сўнгра бошқа саҳобаларнинг мулоҳазаларини тингларди.

Расулуллоҳдан жуда кўп файзларга қовушган, Қуръони каримнинг маъноси ва ҳақиқатига оид бутун билимларни шахсан Расулуллоҳдан олгандилар. Қуръони каримдан ҳукм чиқариш хусусида устун бир қудрат ва маҳорат соҳиби эдилар. Ояти карималарнинг ва ҳадиси шарифларнинг маъно ҳамда ҳақиқатларини тўла ўрганган эдилар. Асҳоби киром ва Тобеъиннинг олимлари кўплаган ояти карималарнинг тафсирларини ундан олиб билдирганлар.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ тасаввуф илмининг барча юксак маърифатларига эришганди. Расулуллоҳнинг қалбларига келган файзлар, маърифатларнинг тамоми унга ҳам берилганди. Расулуллоҳдан кейин Аллоҳу таолони энг яхши таниган ва энг кўп ибодат қилган киши ўша кишидир. Тасаввуф - Расулуллоҳнинг изида бўлиш, У кўрсатган йўлдан ажралмасликдир. Инсонларнинг яратилишлари бошқа-бошқа бўлганидан тасаввуф йўллари ҳам бўлак. Бу умматнинг кейин келган авлиёси Расулуллоҳдан келган файзларга, нурларга икки йўлдан эришади. Бири нубувват йўли, иккинчиси вилоят йўли. Мусулмонлар нубувват йўлининг барча маърифатларига ҳазрати Абу Бакр воситаси орқали эришишади. Асҳоби киромнинг барчаси Аллоҳу таолога (муҳаббатига ва ризосига) мана шу йўлдан эришдилар.

Ҳазрати Абу Бакрнинг фазилатлари, устунликлари жуда кўп. Буларнинг ҳар бири Қуръони каримнинг, ҳадиси шарифларнинг ва Асҳоби киром ҳамда бошқа дин олимларининг хабар бериши орқали маълум. Бу уммат ичида даража ўлароқ пайғамбаримиздан кейин туриш саодатининг соҳиби ҳазрати Абу Бакрдир. Чунки динни қувватлантириш ва Жаноби Пайғамбаримизга ёрдам бериш учун молини сарфлаш, жиҳод қилиш, яъни душманлар билан шиддатли жанг қилиш ва шон-шарафини фидо қилишда энг биринчилардан эдилар. Ҳазрати Абу Бакрнинг ҳамма мусулмонларнинг энг устуни бўлишининг сабаби имонга келиш, мол-мулкининг кўп қисмини ва жонини фидо қилиш, бошқа турли хизматларда ўзгалардан ҳамиша аввал бўлишларида эди.

Расулуллоҳ инсонларни имонга даъват қилдилар. Абу Бакр Сиддиқ ўша чақириққа қулоқ бериб имон келтирганлар биринчиси бўлдилар. Шу тариқа ушбу қутлуғ имон йўлилда Расуллоҳдан кейинги иккинчи одам бўлдилар. Сўнгра ўз ғайратлари билан инсонларни Аллоҳга ва Расулига имон этишга чақирдилар. Кўпчилик бу даъватни қабул этди. Шу тариқа даъватда ҳам иккинчилардан  бўлдилар. Ҳар бир жангда Расулуллоҳнинг ёнида шай турдилар. Бадрда ҳам Унинг соясидек ажрамай юрдилар. Расулуллоҳ хасталанганида ўринларига уммат одида имомлик қилиб, ҳамманинг олдига ўтдилар. Бу хусусда ҳам пай5амбаримиздан кейин иккинчи киши бўлдилар. Расулуллоҳдан кейин унинг мақбарасига дафн қилиниш жиҳатидан ҳам иккинчи бўлдилар. Буларнинг барчаси Расулуллоҳга жуда яқин бўлишнинг далилларидир. Аллоҳу таоло Расулининг дўсти сифатида ҳазрати Абу Бакрни Қуръони каримда зикр қилиб “Ўшанда Расулим дўстига маҳзун бўлма деди” деб марҳамат қилган. Ўша икки кишининг учинчилари Аллоҳу таоло эди. Аллоҳу таоло билан бирга бўлган киши, шубҳасиз, шараф ва фазилат жиҳатидан бошқаларидан устундир.

Ҳазрати Абу Бакрнинг исми тилга олинганда ҳазрати Умар шундай дедилар:

“Умримдаги бутун амалларимнинг Абу Бакрнинг бир кеча-кундузлик амалидек бўлишини истардим. У шу маъсуд кечадурки, унда Расулуллоҳ билан бирга ғорга кирган эдилар. Ғор оғзига келганларида “Аллоҳ учун ё Расулуллоҳ, ичкарига кирманг! Аввал мен кирайин, ичкарида зарарли бирон нарса бўлса, менга бўлсин. Муборак зотингизга ҳеч қандай алам, ташвиш етмасин” деди ва ичкарига кириб, у ерни супуриб, тозаладилар. Ғор ичида бир неча тешиклар бор эди. Эгнидаги ҳирқасини йиртиб, тешикларни бекитдилар. Сўнгра Расулуллоҳга ичкарига киришларини айтдилар. Расулуллоҳ ичкарига кирдилар ва муборак бошларини ҳазрати Абу Бакрнинг қучоғига қўйиб ухладилар.”

Жаноби Пайғамбаримиз марҳамат қилдики:

“Бизга ҳар қандай неъмат бериб бирон яхшилиги теккан ҳар бир одамнинг мукофотини бердик. Лекин Абу Бакр қилган яхшиликлару икромларнинг мукофотини, эвазини бера олмадик. Бунинг эвазини Ҳақ таоло қиёматда бергай. Менга Абу Бакрнинг молидай бошқа ҳеч кимнинг моли фойда бермади. Агар мен дўст тутадиган бўлсам, Абу Бакрни дўст тутардим. Лекин билингизки, сизнинг соҳибингиз Аллоҳу таолонинг дўстидир.” (Масобиҳ)

“Аллоҳ Иброҳим алайҳиссаломни дўст тутгани каби мени ҳам халил тутди. Агар умматимдан бир кишини ўзимга дўст тутишим керак бўлганида мен Абу Бакрни дўст тутинардим.” (Муслим, Термизий)

Ҳазрати Умар айтдиларки:

"Абу Бакр бизнинг саййидимиз, энг хайрлимизки, Аллоҳ уни Расулига барчамиздан кўра севимлироқ қилди."

Ҳазрати Абу Бакр Расулуллоҳнинг вафотидан кейин ҳар ўтган кун сайин заифлашарди. Бир куни қизлари Оиша-и Сиддиқа волидамиз бу заифлашнинг сабабини сўради. Жавобида Расулуллоҳнинг ҳасрати шундай заифлатди дегандилар. 

Ҳазрати Абу Бакрнинг бебаҳо насиҳатларидан:

“Тақво - ақл билан қилинадиган ишларнинг энг гўзалидир. Ҳаққа осий бўлиш аҳмоқлик билан қилинган ишларнинг энг жирканчидир. Берилган омонатни ўрнига қўйиш энг устун тўғриликдир. Хиёнат сифатида энг биринчи бўлиб ёлғон келади.”

“Ўлимни ўзингга севдиргин. Чунки қачон ҳам бўлса келади.”

“Умрини фойдасиз, бекорчи нарсалар билан ўтказган киши полизга уруғ экиш вақтини ўтказиб юборган бўлади. Вақтида уруғ экмаган киши эса ҳосил йиғиш вақтида пушаймон бўлади.”

“Нима гапиришингга ва қачон гапиришингга диққат қилгин!”

Қўшин қўмондонларини бир ерга жўнатганида уларга:

“Аёлларни ўлдирманглар, болаларга ва кексаларга тегманглар. Мева дарахтларини кесманглар. Обод жойларни бузманглар. Тажовуз қилманглар. Қўрқманглар ва овқатланишдан бошқа мақсадларда қўй, туя сўйманглар. Монастирларидан паноҳ топган кимсаларга зарар берманглар” деб амр ва насиҳатлар қилардилар.

Бир хутбасида айтдиларки:

“Эй инсонлар, Аллоҳдан авф ва офият тиланглар! Чунки мўминга исломдан сўнгра авф ва офиятдан ҳам хайрлироқ нарса берилмаган.”

“Мусулмонлардан ҳеч бири бошқасини ҳақир кўрмасин. Зеро мусулмонларнинг кичиги Аллоҳ ёнида буюкдир.”

“Аллоҳу таолодан ўзини Қиёмат куни Жаҳаннам оташидан сақлашини истаган киши мўминларга нисбатан жуда марҳаматли ва юмшоқ муомалада бўлсин.”

 Бир куни Асҳоби киромга хитоб қилиб дедиларки:

“Аллоҳу таоло сизларга дунёни фатҳ эттиради, даврозаларни очади. Сиз ўз эҳтиёжингиздан ортиғини изламанг!”

“Шуни билгинки, бомдод намозини ўқиган киши Аллоҳнинг ҳимоясидадир. Аллоҳнинг ҳақини кичик кўрма, зеро У сени юзтубан қилиб Жаҳаннамга улоқтиради.”

“Аллоҳу таолога бўлган холис севгининг завқига тушунган киши дунёликдан воз кечади ва бутун инсонлардан юз ўгиради.”

“Кишининг каломи – ақлининг баёни ва фазилатининг таржимонидур.”

 Яна бир хутбаларида айтдиларки:

“Бутун ҳамд ва санолар Аллоҳу таолга махсусдир. Унга ҳамд этаман ва Ундан ёрдам истайман. Ундан авф тилайман, Унга имон этаман, Унга ишонаман. Ҳидоятни Аллоҳдан кутаман, бузуқлик, шубҳа ва кўрликдан Унга сиғинаман. Аллоҳ дуруст юришини насиб этган киши тўппа-тўғри йўлдан юради. У адаштирган кимса эса на бир дўст, на бир муршид топа олади... Бутун борлиғим билан ишонаманки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. У ёлғиз ва шериги йўқдир. Мулк ва салтанат Уникидир, ҳамд Унгадир. Тирилтирадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам У. У ҳеч вақт ўлмайдиган тирикдир. Тилаганини юксалтади, тилаганини хор қилади. Бутун хайрлар Унинг қўлидадир. У барча нарсага қодир.

Бутун борлиғим билан ишонаманки, Муҳаммад алайҳиссалом Унинг қули ва Пайғамбаридир. Уни бутун оламларга раҳмат, инсониятга раҳбар ва далил сифатида юборди. У юборилган пайтда одамзот тарихининг энг тубан кунларини бошдан кечираётган эди. Жаҳолат ва разолат зулматига ботган эди. Динлари уйдирма, даъватлари сохта ва ёлғон эди. Аллоҳу таоло ҳақиқий динини Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан азиз қилди.

Эй мўминлар, Аллоҳ сизларнинг кўнгилларингизни бир-бирингизга мойил қилди. Унинг неъмати туфайли сизлар худди ака-укалардек бўлдингизлар. Авваллари оташ жарининг шундоқ чеккасида эдингизлар. Сизларни у ердан қутқариб холос қилган ягона Аллоҳдир. У ҳолда эй имон келтирганлар, Аллоҳга ва Унинг Расулига бўйсунинглар! Аллоҳу таоло “Расулга бўйсунган, бас Аллоҳга бўйсунибди” деб марҳамат қилган. (Нисо, 3)

Эй имон келтирганлар! Сизларга ҳар ишда, ҳар вазиятда Аллоҳу таолодан қўрқишни насиҳат қиламан. Ёқтирган ишларингизда бўлганидек, қийналган ишларда ҳам ҳақиқатга ёпишинг. Шуни билингки, тўғри сўздан бўлак ҳеч бир калом хайр ёки фойда келтирмайди. Ёлғон гапирган киши яратилиш ҳикматини бузди, буни содир қилган киши эса ҳалок бўлди демакдир. Эй инсонлар! Кибрланишдан сақланинг! Тупроқдан яратилиб, яна тупроққа қайтадиган мавжудотнинг кибрланиши нимаси? Бугун бор, эртага йўқ бўладиган бир жонлининг ўз-ўзини ёқтириши нақадар маъносиз!..

Эй инсонлар! Меҳнат қилинг ва нафсларингизни охират учун тайёрланг. Ҳал бўлиши қийинлашган масалаларни Аллоҳнинг илмига ҳавола қилинг. Нариги оламга кетишдан олдин шундай нарса тайёрлангки, у ёққа борганингизда олдингиздан чиқсин.

Аллоҳдан қўрқинг. Унинг амр ва тақиқларига қулоқ тутинг. Сиздан аввал келиб-кетганлардан ибрат олинг. Шуни унунтмангки, Раббингизнинг ҳузурига албатта чиқасиз ва катта-кичик бутун амалларингизнинг ҳисобини берасиз.

Шу билан бирга Аллоҳ истаганини авф эта олади. У кечирувчи ва авф этувчидир.

Ўзингизни яхши билинг ва фақат ўз нуқсонларингизни тузатинг. Ёрдам сўраладиган ёлғиз қудрат соҳиби Аллоҳу таолодир. Ундан ташқари ҳеч бир куч на қура олади, на буза олади.”

Ҳазрати Абу Бакрнинг фазилатларини билдирган ҳадиси шарифлар:

“Абу Бакр инсонларнинг энг устунидир. Лекин Пайғамбар эмас.” (Дайламий)

“Абу Бакрни севиш ва унга шукр қилиш ҳар бир мўминга вожибдир.” (Дайламий)

“Аллоҳу таоло Абу Бакрга “Сиддиқ” исмини берди.” (Дайламий)

“Қиёматда Абу Бакрдан бошқа барчадан ҳисоб сўралади.” (Хатиб)

“Бутун инсонларнинг имонларини тўплаб тортилса, Абу Бакрнинг имони барчасидан оғир келади.” (Маноқиби Ч.Ё.Гузин)

“Кўксимдаги маърифатларнинг, илмларнинг барини Абу Бакрнинг кўксига қуйдим.” (Радди равофиз)

“Ҳар пайғамбарнинг халили бўлади. Менинг халилим Абу Бакрдир.” (Дайламий)

“Жаброил келиб, қўлимдан тутди. Умматимдан бирининг Жаннат эшигидан ичкарига кираётганини кўрсатди. Абу Бакр айтдики: “Ё Расулаллоҳ! Ўша жойда сиз билан бирга бўлишни истайман.” Ё Абу Бакр! Жаннатга энг аввало сен кирасан деди.” (Термизий)

Бир зотга нисбатан севги-муҳаббат, ихлос ва садоқат қанчалик кучли бўлса, ул зотдан моддий-маънавий фойдаланиш ҳам шунчалик кучли бўлади. Шунинг учун ҳазрати Абу Бакр бутун Асҳобнинг энг устуни бўлдилар. Чунки Расулуллоҳга бўлган садоқати ва вафоси ҳаммадан зиёда эди. “Абу Бакрнинг устунлиги намоз ва рўзасининг кўплигида эмас, қалбидаги нарсададир” ҳадиси шарифида айтилган нарса Расулуллоҳнинг муҳаббатидир. (И.Ғазолий)