Қуръонни ҳамма тушуна олармиш

Савол: Бир йигит “Қуръонни тушуниш учун олим бўлишнинг кераги йўқ, ҳамма тушуна олади, ҳатто чўпон ҳам тушунади. Ота-боболарингизнинг, яъни мазҳаб имомларининг йўлидан юришни йиғиштириб, Қуръон ўқинг. У ғоят очиқ, тушунарли, ҳамма тушунади” дейди. Қуръонни ҳамма тушуна оладими? Бунга қандай жавоб бериш керак?

Жавоб: Қуръони каримни фақатгина Жаноби Пайғамбаримиз тушунганлар. Салоҳияти бўлган олимлар мавжуд илмлари даражасидагина тушунадилар. Ҳамма тушуна олганида эди, Аллоҳу таоло пайғамбар юбормасди. Минглаган, миллионлаган ҳадиси шарифларга ҳожат қолмасди. Ҳамма Қуръонни тушунганида эди, маънолари очиқ бўлмаган калималарни бемалол шарҳлай олганларида эди ва Қуръони каримдан ҳукм чиқара олганларида эди, Аллоҳу таоло “Эй, расулим! Фақат ваҳий қилинганларни таблиғ қил, изоҳлашнинг кераги йўқ” дерди. Лекин ундай демади, қуйидагича буюрди:

“Бу Китобни инсонларнинг ихтилофга тушган нарсаларини изоҳласин деб сенга нозил қилдик.” (Наҳл, 64)

“Нозил қилганларимни инсонларга баён қиласан.” (Наҳл, 144)

Баён қилиш оятларни бошқа калималар билан ва бошқа тарзда тушунтириш деганидир.

“Келиша олмаган ишингизнинг ҳукмини Аллоҳга (Қуръонга) ва Расулига арз қилинг!” (Нисо, 59)

Сиз бу йигитдан қуйидаги саволларни сўранг:

1. Қуръонни чўпонлар ҳам тушунадиган бўлса, нима учун олим бўлганлар тушуна олмади?

2. Қандай қилиб мазҳаб имомлари, муҳаддислар ва муфассирлар тушуна олмади-ю, сен тушуна қолдинг? “Уларнинг йўлидан юрманглар” деб нимага уларнинг тўғри тушуна олмаганини даво қиляпсан?

3. Модомики ҳамма тушунаверадиган даражада очиқ ва содда бўлса, нимага ҳаммадан ҳам яхшироқ олимларнинг тушунишига эътироз қиляпти?

4. Қуръонни ҳамма тушуна оладиган бўлса, ҳар хил фирқалар чиқармиди? (Демак ҳар ким Қуръонни турлича тушунади.)

5. Жаноби Пайғамбаримизнинг изоҳидан нимага бунча қўрқади? Расулуллоҳга бўлган бу душманликнинг сабаби нимада? Аллоҳу таоло “Фақат Қуръонга амал қилинг, фақат менга итоат қилинг” демаганку. Аксинча қуйидагича буюрмоқда:

“Аллоҳга ва Унинг Расулига имон этинг, унга эргашинг, шунда тўғри йўлни топасиз.” (Аъроф, 158)

“Расулимга итоат қилган одам, Аллоҳга итоат қилган бўлади.” (Нисо, 80)

“Пайғамбарнинг амрига бўйсунинг, тақиқлаганларидан сақланинг.” (Ҳашр, 7)

6. “Қуръонни чўпонлар ҳам тушунади, олим бўлишнинг кераги йўқ” деган гап билан Қуръонга ишонмаслигини айтмаяпсанми? Нима учун илмни пастга уряпсан? Салоҳиятли билан салоҳиятсиз, олим билан жоҳил, билган билан билмаган одамлар бирдайми? Аллоҳу таоло олимларни мадҳ қилиб, “Улардан сўранг” деб буюрмаганмиди. Бир неча оят маоли қуйидагича:

“Аллоҳдан энг кўп қўрқадиган кишилар олимлардир.” (Фотир, 28)

“Келтирган бу мисолларимизни фақат олим бўлган кишиларгина тушунади.” (Анкобут, 43)

“Билмасангиз олимлардан сўранг.” (Наҳл, 43)

“Агар унинг ҳукмини Расулдан ёки улул-амр (олимлар)дан сўраганида эди, билиб олишарди.” (Нисо, 83)

“Ҳар илм соҳибининг устида бир олим бор.” (Юсуф, 76)

7. Бу оятларга қарамай олимларга, мазҳаб имомларига душманлик қаердан келмоқда? Қуръони каримга қўл ва тил теккизмаслик керак, ишни соҳанинг мутахассисига ҳавола қилиш керак. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Қуръонни ўз тушунчаси билан изоҳлаган одам тўғри изоҳласа ҳам, муҳаққақ хато қилган бўлади.” (Насоий)

“Қуръонга салоҳияти бўлмасдан туриб маъно берган киши Жаҳаннамда азоб кўради.” (Термизий)

“Қуръонни ўзича тушунгани бўйича тафсирлаган кимса кофир бўлади.” (Дайламий, Мактуботи Раббоний)