15. Мушриклар Қуръони карим олдида ожиз қолдилар

Агар Қуръон тушадиган бўлса нега обрўли, бадавлат бирига

тушмади? Валид бин Муғира “Мен Қурайшнинг кўзга кўринганларидан эмасманми? Майли Қуръон менга келмади, ҳеч бўлмаса Умаййа бин Халафга келмайдими?” дейди. Абу Жаҳл Жаноби Пайғамбаримизнинг “Аллоҳим, икки Умардан бири билан динни қувватлантиргин” деб дуо қилган икки кишидан бири эди. Ўғли Икрима, биродарларидан Салама ва Хорис (родиаллоҳу анҳум) мусулмон бўлиб, катта хизматлар қилади.

- - Сарваримиз изларидан - 15

М. Саид АРВОС қаламидан

Абу Жаҳл бир қатор мўъжизага гувоҳ бўлади. Бир марта Расулуллоҳга “Қўлимда нима борлигини топсанг, имон келтираман” дейди. Шунда қўлидаги тошлардан садо келади: “Ашҳаду анла илоҳа иллаллоҳ...” Ойнинг иккига бўлиниш мўъжизасини ҳам ўз кўзлари билан кўради, лекин “Сеҳр қилдинг” деб инкор этади. Ҳолбуки, йўлдан келган карвондагилардан ҳам сўрайди, улар ҳам бу ҳодисага гувоҳ бўлгандилар.

Мушрикларнинг бошчиси нима ҳақ, нима ботил эканлигининг фарқига борарди, аслида. Халқни ояти карималарни тинглашдан маън этадилар, аммо ўзлари ҳузур қилиб эшитиш учун кечалари яширинча Расулуллоҳнинг уйига яқин бир бурчакдан жой излашарди. Расули зишон Қуръони каримни тиловат қилишни бошлаши билан қулоқлари динг бўларди. Атроф ёришгач, мушриклар бир-бирларини кўриб, айблашарди “Энди қайта келмаймиз” деб тарқалардилар. Кофирда лабз бўлармиди! Эртаси кечқурун яна шу ерга яширинча келишарди.

Ўзлари бу муборак манбадан роҳатланиб, яна кўриб-билиб туриб, ўзларини устун тутардилар. Агар Қуръон тушадиган бўлса, нега обрўли, бадавлат бирига тушмади?

Валид бин Муғира “Мен Қурайшнинг кўзга кўринганларидан эмасманми? Майли Қуръон менга келмади дейлик, ҳеч бўлмаса Умаййа бин Халафга келмайдими” дейди.

Ёки Сақиф қабиласининг улуғи Умайрус Сақофийга... Ёки Абдушшамснинг отаси сендай бирига!

Мушриклар жуда пасткаш эдилар. Расулуллоҳни ранжитиш учун (астағфируллоҳ!) “Аллоҳ пайғамбарлик учун сендан бошқасини тополмадими?” деб сўрайдилар. Улар халқ орасида “Муҳаммад коҳиндир, сеҳргардир, мажнундир, шоирдир” десалар ҳам, бир орага келганларида овозлари ўчарди.

Валид бин Муғира (Абу Жаҳлнинг амакиси, Холид бин Валиднинг отаси) “Йўқ, унинг ўқиганлари коҳиннинг гапи эмас. Биз коҳинларни биламиз. Ҳар доим ёлғон гапирадилар. Аммо Муҳаммад асло ёлғон гапирмайди. У мажнун ҳам эмас. Телбалик қандай бўлишини биламиз, унинг ақли жойида эканлиги кундек равшан. У шоир ҳам эмас. Биз шеърнинг барча турини биламиз. Унинг ўқиганлари умуман бошқача! Сеҳргар ҳам эмас, ип тугиш ва суяклар билан иш қилмайди.”

Валид бин Муғира Қуръони каримга бўлган ҳайратини яширмайди. Наҳл сурасининг 90-ояти каримасини (жума хутбасининг сўнггида ўқиладиган) эшитиши билан “Валлоҳи, бу калималарда шундай бир ҳаловат, шундай гўзаллик ва порлоқлик борки... Худди серсув жойда ўсган, меваси кўп дарахт каби... Йўқ, булар башарият сўзи эмас!” дейди. Абу Жаҳл қараса, энг кучли иттифоқчисини йўқотадиган, дарров олдини олади: “Эшитдингми, мусулмонлар сен учун садақа тўпламоқдалар. Гўёки, сен фақирлашибсан ва бир неча тийинга эришиш учун уларга ён босаётган эмишсан.”

“Ким?! Менми, асло!”

Аслида кўп нарсани кўрган инсонлар эди, зодагонлар эди. Бунга қарамай паст кетадилар. Кап-катта эркаклар (аёллар) Фахри оламнинг эшиги олдига ахлат тўкадиган, тикон сочадиган даражада майдалашадилар. Намоз ўқиётганида устига туя ичак-қорнини ташлаб, қотиб-қотиб куладилар. Икки жаҳон сарвари исломни таблиғ этаркан, ортларидан қолмай уни таъқиб қиладилар. Азият кундан-кунга ортади. Айниқса ўз қуллари ва фарзандларининг имон этганини билганларида ҳадларидан ошади.

Ҳабаш Билол (родиаллоҳу анҳ)нинг бошидан ўтказганларини барчамиз биламиз... Абу Жаҳл чўриси Зинниранинг кўзига шунчалик кўп урадики, охирида бечора аёлнинг кўзлари кўрмай қолади...

Сумайя волидамизни эса қўллари ва оёқларидан туяларга боғлайдилар. Туяларни икки тарафга ҳайдаб, бечора аёлни парча-парча қиладилар. Нафратдан шунчалик кўзлари кўр бўлиб қолгандики, оналари тенги аёлни парчалашдан уялмайдилар.

Мусулмон бўлган укаси Саламани ҳам уриб-сўкиб, бир неча кунлар оч ва сувсиз қолдиради. Мушрикларнинг бошчилари вақти-вақти билан Абу Толибнинг олдига келиб, кулгили таклифларда ҳам бўладилар: “Муҳаммадга айтгин, мол-мулк, нима истаса берамиз. Энг гўзал қизларга уйлантирамиз. Бошимизга раис қилиб кўтарамиз. Фақат бу сўзларидан воз кечсин...”

Расули зишоннинг жавоби муҳташам эди: “Ўнг қўлимга қуёшни, чап қўлимга ойни берсалар ҳам воз кечмайман. Ё Аллоҳу таолонинг динини жаҳонга ёяман ё бу йўлда жонимни бераман!”

Ва яна бемаъни бир таклиф: “Эй Абу Толиб сен бизга жиянингни бергин, биз сенга итоатли бир ёш йигит берамиз!” Абу Толиб “Шу ҳам гап бўлдими? Мен сизларга жиянимни бераман, сизлар уни ўлдиринглар, эвазига сизлар юборган болангизни мен қўйнимда боқиб берайин, шундайми?!” дейди.

Абу Жаҳл ҳам ҳақни билишда, ҳам инкор этишда биринчилардан эди. Бир марта саждага борганида Жаноби Пайғамбаримизнинг бошини эзиш учун уринади. Катта бир тошни кўтариб урмоқчи бўлади, лекин тошни ташлаб, ортига қайтиб келади. Ундан сўрайдилар: “Нима бўлди?” “Сўраманглар, қаршимда умримда кўрмаган бир жонзот пайдо бўлди, сал бўлмаса менга ташланарди” деб жавоб беради.

Кўради, аммо инкор қилади.

Абу Жаҳл Пайғамбаримизнинг кўплаган мўъжизаларига шоҳид бўлади. Ойнинг иккига бўлиниш мўъжизасини ҳам ўз кўзлари билан кўради, лекин “Сеҳр-жоду қилдинг” деб инкор этади. Ҳолбуки, йўлдан келган карвондагилардан ҳам сўрайди, улар ҳам бу ҳодисани тасдиқлашади. Мушрикларнинг бошчиси нима ҳақ, нима ботил эканлигининг фарқига борарди, аслида.

Кофирларнинг бошчиси бўлган Абу Жаҳл ўлдирилган Бадр қудуқлари ҳудуди

Куфри инодий

Ҳазрати Ҳамза камон билан уриб бошини ёрганида одамлари қиличларини яланғочлаб, уришмоқчи бўлади. Абу Жаҳл уларга “Керак эмас. Мен ўзим шу зарбага лойиқ эдим. Сенлар аралашманглар” дейди. Унинг қўрққани ҳазрати Ҳамзанинг мусулмонликни қабул қилиши эди. Нотўғри давоси учун шахсий масалаларини кечиктириши, керак бўлганда ортга ҳам қадам ташлаши мумкин эди.

“Мўминларни якка қолдирамиз. Ҳеч ким бир коса сут ҳам, бир ҳовуч буғдой ҳам бермасин.” “Эмбарго! (иқтисодий қамал)” Бу иблисона фикр ҳам Абу Жаҳлнинг калласидан чиқади.

Қурайшликлар карвон савдоси орқали кун кўрганлари учун атрофдаги қабилалар билан яхши муносабатлар ўрнатишга мажбур, ҳеч қайсиси билан арзимас келишмовчилик чиқариб олмасликка қаттиқ аҳамият беришарди. Масалан, карвонлари ўтадиган йўл устига жойлашган Ғифордан бўлгани учун Абу Зар ҳазратларининг сўзларига қарши чиқишмайди. Ҳолбуки энди шимолдаги асосий карвон йўлида жойлашган мадиналик мусулмонларнинг таҳдиди остида қолдилар. Ҳижрат қилиб кўчиб кетган мўминларнинг уй-жой, молларини талон-тарож этганликлари эвазига энди Мадина томонда уларнинг ҳам йўллари тўсилиш хавфи бор эди.

Абу Жаҳл гўё Шом карвонини ҳимоялаш учун қўшин тўплайди. Йўлда карвоннинг соғ-саломат Маккага етиб борганининг хабарини олади. Лекин қайтишга ҳаракат қилмайди. Қайсарлик билан “Мадинага ҳужум қиламиз” деб туриб олади. Истамаганларни мазах қилади, қўрқоқликда айблайди. “Мадиналиклар нари борса 300 киши тўплайди, бунинг устига улар деҳқон, жанг қилишни билмайдилар” деб ғалабасига амин бўлади. Дам олишга тўхтаганларида туялар сўйдириб, зиёфатлар беради. Аста-секин Бадр қудуқларига етиб борадилар...

Кутилмаган тош

Абдурраҳмон бин Авф баён қилади: Бадрда эдик, иккита ёш ўспирин келиб “Амаки, сиз Абу Жаҳлни танийсизми?” деб сўради.

- У билан нима ишларинг бор?

- Расулуллоҳга кўп азият берган экан, уни Пайғамбаримиз ёнига йўлатмасликка аҳд қилдик.

Шунда Абу Жаҳлни туя устида кўрдим. Атрофини тарафдорлари ўраб олган. Мана, излаётганларинг шу ерда. Бу иккита ўспирин шундай отилдиларки, суворийларнинг тагидан ўтиб, Абу Жаҳлнинг оёғига урдилар. Қўриқчилар ҳам уларга ташландилар.

Хуллас Афра хонимнинг икки ўғли Муаз ва Муавваз бу кофирни ағдаришга муваффақ бўладилар. Тасаввур қилинг, қўлларига энди биринчи марта қилич ушлаган, илк бора жанг майдонига чиққан икки ёш мусулмон...

Намруд подшони бир пашша қандай йиқитиб, ўлдирган бўлса, баҳайбат Абу Жаҳл ҳам иккита ёш йигитчанинг қўлидан таъзири ейди...

Албатта бу жуда ҳамиятига тегади, бундан ҳам оғири ярадорлар орасида ётганида кўримсиз кичик жуссали заиф саҳоба (Абдуллоҳ ибни Масъуд) уни таниб, кўкрагидан босади. Ҳаёти ўзига бино қўйиш билан ўтган барзангига бундан ортиқ шармандагарчилик бўладими. Агар кўксига оёқ қўйган киши Умар бўлганида бунчалик ғам чекмасди. Ҳеч бўлмаса Ҳамза ё Али бўлса эди...

Жон талашиб ётганига қарамасдан, шу ерда ҳам катта гапиради: 

- Сен бу ерда нима қилиб юрибсан эй чўпон!? Чиқиб олган жойинг тоғдан ҳам баланд, бундан хабаринг борми?

- Ўлиминг яқин, йиғиштир бундай кибрли гапларингни.

- Жангда ким ғалаба қозонди?

- Мусулмонлар, алҳамдулиллоҳ.

- Ўша пайғамбарингга бориб айт “Душманлигим ортса ортдики, асло камаймади”

- Умидсизлик ва аламга ботиб ўласан, хайф бўлсин сендай ҳарифга!

Сўнгги талабини эшитинг бу ношуднинг: “Бўйнимни елкамга яқинроқ жойдан кесгин, каллам баҳайбат бўлиб кўринсин!”