Ҳадиси шарифларни инкор қилиш

Савол: Миссионерларга алданган бир йигит “Исломдаги битта ҳадисни ҳам саҳиҳ деб айтиш мумкин эмас. Чунки биз на ўша ҳадисни айтган пайғамбарни, на уни ривоят қилган саҳобани кўрдик. Шунинг учун ҳар қандай ҳадисни мутлақ пайғамбар сўзи деб ишонч билан айтиш нотўғри бўлади. Шунга асосланиб, Бухорий ва Муслим ривоят қилган беш вақт намознинг фарз бўлиши ҳақидаги ҳадисни ҳам бошқа ҳадислардек уйдирма деб ҳисоблай оламиз. Агар Муҳаммад Мусодан устун бўлса, нимага унинг тавсиясига қулоқ солади?” деди. Бунга нима деб жавоб бериш мумкин?

Жавоб: Юқоридаги иддаоларни айтаётган кимса Пайғамбарни ҳам, саҳобани ҳам, олимларни ҳам танимайди. Тавотурдан, ижмодан, ҳадис илмидан хабари йўқ. Бир пайғамбар билмаган нарсасини бошқа пайғамбардан сўрай олади. У кимсанинг бундан ҳам хабари йўқ. Мусо алайҳиссалом улул-азм, буюк расулдир. Бунга қарамай билмаган илмларини ўрганиш учун бир кишидан ёрдам сўраганлиги Қуръони каримда билдирилмоқда.

“Бу орада иккиси бандаларимиздан бир бандани топдиларки, Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик. Мусо унга: “Сенга берилган илмдан, менга ҳам тўғри йўлни ўргатишинг учун сенга эргашсам майлими?” деди. У айтди: “Аниқки, сен мен билан бирга (илм машаққатларига) сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмайди. Ўзинг хабардор бўлмаган нарсага қандай сабр қиласан?” Мусо “Иншаллоҳ, сен менинг сабр-тоқатли эканлигимни кўрасан. Мен бирон ишда сенга осийлик, итоатсизлик қилмайман” деди.” (Қаҳф, 65-69)

Китоб соҳиби бўлган пайғамбар оддий бир кишидан илм талбида бўлганига қараганда, Жаноби Пайғамбаримизнинг ҳазрати Мусонинг тажрибасига суяниб берган тавсиясига қулоқ солганини бошқача тушунмаслик керак. Бу ҳадиси шариф “Бухорий” ва “Муслим” каби динимизнинг энг қийматли икки ҳадис китобидан ўрин олган. Бу икки китобга ишонилмаса, дин йиқилади. Чунки бу икки китобнинг тўғрилиги ҳақида ижмо ҳосил бўлган. Ижмо бу – олимларнинг иттифоқидир. Агар ижмога ишонилмайдиган бўлса, Қуръонга ҳам ишонилмайди. Бундан ташқари, намознинг қандай ўқилиши, намознинг фарзлари, вожиблари, макруҳлари, суннатлари, намозни бузадиган нарсаларни тўғридан Қуръони каримдан англаш мумкин эмас. Яна кўплаган маълумотларни Пайғамбаримиз изоҳлаб берганлар. Расулуллоҳнинг шарҳи бўлмаса, буларни билиб бўлмайди.

Мадорик тафсирида Нисо сурасининг “Мўминларнинг (эътиқод ва амалдаги) йўлидан ажралган одам жаҳаннамга кетади” маолидаги 115-ояти келтирилганидан кейин “Китоб ва суннатдан ажралишдек ижмодан ҳам айрилиш жоиз эмас” деб айтилган. “Байзовий”да шу оятнинг тафсирида “Бу оят ижмодан айрилишнинг ҳаром эканлигини кўрсатмоқда” дейилган.

Имоми Аҳмад хабар берган “Умматим залолат устида иттифоқ қилмайди” ҳадиси шарифи ҳам кўрсатадики, аҳли суннат олимларининг иттифоқ билан, сўз бирлиги билан айтган ҳукмларининг барчаси тўғри.

Ибни Саба бундай дейди: "Қуръон оятларини жамлаган саҳобалар, унга бегона сўзларни қўшиб, баъзи калималарни ўчириб ташлашди. Шунинг учун биз Қуръонга ишонмаймиз. “Ушбу Қуръонни Аллоҳ туширди ва уни ўзи ҳимоя қилади” деган оят ҳам шу тариқа тўқиб чиқарилган."

"Йўқ, биз Ибни Саба деган яҳудийдек эмасмиз" дейишса ва Қуръонга ишонсалар, у ҳолда Асҳоби киромнинг барчасининг жаннати эканлигига ҳам ишонишлари керак. Улар ривоят этган ҳадисларнинг тўғрилигига ҳам ишонишлари керак. Қуръоннинг ҳар бир ҳарфини улар жамлаб келажак авлодларга етказганидек ҳадисларни ҳам улар ривоят қилишди. Улардан атиги биттасини ёмонлаш ёки баъзи гапларига ишониб, баъзиларига ишонмаслик, динни хароб қилишнинг, исломиятга ишонмайман дейишнинг ниқобланган кўринишидир. Ҳадис олимларини тўқима ҳадис жамловчи ёлғончи, саҳиҳидан заифини ажарта олмайдиган жоҳил ва дин душмани деб билиш нақадар аҳмоқлик. Бухорий ва Муслим каби олимларга ишонилмаса кимга ишонилади? Уларга эргашиш керак. Чунки Қуръони каримда “Агар билмасангиз зикр аҳлидан сўранг” деб буюрилган. (Наҳл, 43) 

Расулга эргашиш

Савол: “Фақат Қуръон бор, Қуръондан бошқа манба йўқ” дейдиган бир гумроҳ “Қуръонда “Расулимнинг билдирганларига итоат қилинг!” деб буюрилган кўплаган оятлар бор. Биз Расулнинг айтганларини инкор қилмаймиз албатта, лекин бизнинг давримизгача ишончли, уйдирма бўлмаган бирон ҳадис етиб келмагани учун ҳадисларга эътибор бермаймиз. Пайғамбарнинг бутун сўзлари асрлар давомида ўзгаришларга учраб, эргашиладиган, амал қилинадиган ҳаққоний томони қолмагани туфайли биз фақат Қуръон деймиз” деб айтди. Нима Аллоҳ ҳадисларнинг ўзгартирилишини билмаганмидики, “Расулимга эргашинг!” деб буюрган?

Жавоб: Ҳадиси шарифларнинг катта қисми ишончли манбалар орқали бизгача етиб келган. Зарра қадар шубҳа йўқ. Айниқса, “Кутуби ситта”даги ҳадиси шарифлар ишончлидир. Фараз қилайлик “Фақат Қуръон” деган бузуқнинг айтганидек бутун ҳадиси шарифлар уйдирма бўлса, бундай жирканч иддао Аллоҳу таолони жоҳилликда айблаш бўлмайдими? Астағфируллоҳ, Аллоҳ ҳадисларнинг ўзгартирилишини билмасмиди? “Билмасди” деб айтолмайди. “Биларди” деса, нима учун уйдирма, хато, бузуқ, ботил нарсаларга эргашинг деган амрни берди?

Демак, бундай ўзгартиришлар бўлмаслигини, Расулининг муборак сўзлари ишончли санадлар билан етиб боришини билгани учун “Расулимга эргашинг!” деб буюрди. Чунки ҳадиси шарифларга эргашмасдан туриб, Расуллоҳга эргашилган бўлмайди.