7. Ҳали сенмисан Каъбага ҳужум қиладиган?

Яман подшоси Абраҳа Абдулмутталибга “Менинг сен ҳақингда тасаввурим бошқача эди. Мен аждодинг маъбади (ибодатхонаси)ни бузишга келсам-у, сен ўз туяларингнинг ғамида юрибсан. Бу иш сенга ярашадими?” дейди. Ҳазрати Абдулмутталиб “Мен ўзимга тегишли мулкимни сўраяпман. Каъбанинг эса ўз соҳиби бор, шубҳасиз, У ўз байтини ҳимоялайди. Сени огоҳлантириб қўяй, кейин пушаймон бўладиган ишлар қилма!” деб жавоб берди.

- Сарваримиз изларидан - 7

М. Саид АРВОС қаламидан

 Абраҳа Ашрам аслан Яман тахтини ҳийла билан қўлган киритган бир ҳабашли эди. Узоқ йиллар ўлкани усталик билан бошқариб, хазинаси ортади, аскари кучаяди, кибрга берилади ва ҳаддан ошади!

Арабларнинг Каъбага дарёдек оқиб келишларига ҳасад қилиб “Каъбадан ҳам ҳашаматли, ундан ҳам чиройли шундай бир маъбад қурдирайки ҳамма шу ерга келадиган бўлсин” дейди.

Византия императорининг ёрдами билан Санъа шаҳрида Куллайс номли улкан бир черков қурдиради. Энг уста меъморларни, энг моҳир наққошларни ишлатади. Ичини ноёб матолар, жавоҳирлар билан тўлдиради. Лекин араблар бунга эътибор ҳам бермайдилар. Ҳатто улардан бири кириб, ичига таҳорат ушатади.

Бошқа бир ривоятга кўра, бир араб черков яқинида олов ёқади. Шунда шамол кучайиб, учқунлари черковнинг ёғочдан ишланган қисмига туташади. Олтин суви билан безатилган устунлар куйиб кул бўлади. Хуллас, Абраҳа ғазабга келиб “Каъбангни толқон қилмасам отимни бошқа қўяман!” деб аҳд қилади.

Ҳабаш қиролининг Маҳмуда исмли бир жуда катта фили бор эди. Бу фил қайси қўшинда бўлса, ҳамиша шу тараф ғолиб чиқарди. Абраҳа 300 000 аскар ва 4000 фил билан Каъбага юриш қилади. Яман ва араб қабилалари қаршилик кўрсатсалар-да мағлуб бўладилар. Ортидан Нуқайл бин Лабид қаршилик кўрсатади, уни ҳам асир оладилар. Нуқайлнинг араб чўлларини кафтидай билишини кўриб, уни йўл раҳбари қилиб, Маҳмуда филининг устига миндирадилар.

Макка яқинига келиб қўнган кунлардан бирида Абдулмутталиб Абраҳанинг олдига келади. Яман подшоҳи унинг сахийлиги, насаби тозалиги, юксак ҳоллари ҳақида эшитганди. Ҳайбатига, виқорига, нуроний сиймосига лол қолганди. Ғайри ихтиёрий равишда ўринидан туриб, уни ҳурмат билан кутиб олади. Ҳатто Абдулмутталибнинг салобати шунчалик босадики,  “Ортингга қайт!” деса борми, лом-мим демай қайтиб кетадиган ахволда эди.

Абдулмутталибдан “Нима хизмат? Сизга қандай ёрдамим тегиши мумкин?” деб сўрайди. Абдулмутталиб “Аскарларингиз менинг бир неча туямни олиб кетишибди. Шуларни қайтариб берсангиз?” деб арзини айтади. Бу гапдан кейин ҳурматкор мутавозе вазиятдан бирданига ишшайган мутакаббирона тусга бурканган Абраҳа Абдулмутталибга сенсираб “Менинг сен ҳақингдаги тасаввурим умуман бошқача эди. Мен аждодингни маъбадини толқон қиламан деб келсам-у, сен уни ҳимоя қилишни ўрнига ўз туяларинг ғамида юрсанг. Ҳе, амир деган шунақа бўладими. Бор ол, шунча туя мен учун мулк ҳам эмас. Унақанинг қанча мислини мен ҳар куни садақа сифатида тарқатаман”- дейди.

- Мен ўз мулкимда бўлган нарсаларимни сақлаб қолишга ҳаракат қилаяпман. Каъбанинг эса, ўз соҳиби-эгаси бор! Шубҳасиз, У ўз уйини-байтини ҳимоялайди.

- Бекор гап! У уйнинг эгаси менинг қаҳримни даф эта олмайди.

- Ўзинг биласан, лекин огоҳлантириб қўяй, кейин пушаймон ейсан!

Абдулмутталиб Абраҳадан қайтариб олган туяларнинг барчасини қурбонликка ажратади. Сўнгра Масжиди ҳарамга келиб, инграган овоз билан муножот қилади: “Ё Рабби, сен ҳамма нарсага қодирсан! Уларга фурсат бера кўрма!”

Ҳужум куни маккаликлар тоғларга чиқиб кетишади. Абраҳанинг қўшини ерни титратиб, юришни бошлайди. Минога келганларида Нуқайл бин Лабид Маҳмуданинг қулоғига эгилиб “Хабаринг борми, сен билан Байтуллоҳни бузишмоқчи. Эҳтиёт бўл!” дейди. Фил Маҳмуда юрмасдан туриб олади. Тортсалар ҳам, итарсалар ҳам юрмайди. Силаб-сийпаб ҳам, уриб-савалаб ҳам юргизолмайдилар. Калтак ҳам, яхши кўрадиган емлари ҳам бефойда. Улар Маҳмуда билан овора бўлиб турганда денгиз тарафдан қора рангли, бўйни яшил қушлар пайдо бўлади. Қалдирғочга ўхшайди, лекин қалдирғоч эмас. Тумшуқларида ва оёқларида нўхатдан кичик, маржимакдан сал каттароқ тошлар бор. Бу тошларнинг ҳар бирига битта аскарнинг номи ёзилган. Ташлаган тошлари мўлжалга аниқ тегиб, аскарларнинг бошларидан кириб, товонидан тешиб чиқарди. Ҳатто зирҳ дубулға кийган бўлсалар ҳам, қалқон тагига яширинсалар ҳам куя еган барглардек илма-тешик бўлишдан нажот йўқ эди. Абраҳа жон ҳавлида жанг майдонини ташлаб қочади. Қочиб қаерга ҳам борарди. Унга аталган тош аллақачон ёзиб қўйилган!

Ҳазрати Аббос “Биз болалигимизда Умми Хонийнинг уйида шу тошларни кўргандик. Улар билан ҳар хил ўйинлар ҳам ўйнардик” деб айтганди.

Қурайшликлар босқинчилардан қолган от-улов, қурол-аслаҳа хуллас жуда катта ғаниматга эга бўлишади. Лекин жасадлар ҳидланиб, шаҳарни қўланса ҳид тутиб кетади. Абдулмутталиб яна Каъбанинг ҳалқаларига ёпишади. Жаноби Ҳаққа ёлворади. Шунда ҳеч кўрилмаган бир ёмғир ёғиб, сув сел бўлиб оқади ва бутун жасадларни оқизиб, чўлга чиқариб ташлайди.

Ҳа, юзи суви ҳурматига коинот яратилган Сарварнинг ташрифлари жуда яқин. Беш кунгина қолди.

***

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг оналари Омина хоним айтиб беради: У ҳазрат дунёга келадиган он яқинлашганида уйда ёлғиз эдим. Хўжайиним Абдуллоҳ тўрт ой аввал Мадинада вафот этганди. Қайнотам Каъбани тавоф қилиш учун чиқиб кетганди. Уйнинг шифт тарафидан оппоқ нуроний бир нарса тушди. Мени қўрқув қоплади. Бир оқ қушнинг қаноти билан мени силаганини ҳис этдим, қўрқувим тарқади. Сўнгра менга сутдек оқ шарбат бердилар. Чанқаган эдим, олиб ичдим. Узун бўйли, юзлари кичик аёлларни кўрдим. айни Абди Маноф қабиласининг қизларига ўхшарди. Кўкдан ергача тушиб турган оқ ипакдан бир ёпинчиқ келтирдилар. Улардан бирининг “Уни инсонларнинг кўзидан яширяпмиз” деганини эшитдим. Гала-гала қушларни кўрдимки, тумшуқлари зумраддан, қанотлари ёқутдан эди. Шу вақт кўзимдан пардани олдилар. Шарқдан ғарбгача ер юзини сайру томоша қилдим.

Муҳаммад алайҳиссалом туғилар-туғилмас бошини саждага қўйди. Бармоғини самога кўтарди. Сўнгра бир булут тушиб, уни олиб кетди. “Муҳаммадни олиб бутун оламни айлантириб чиқинглар. Бутун махлуқот Уни исми билан, сурати-ю сифати билан танисин, билсин!” дейилди. Ўша булут Муҳаммадни қайтариб олиб келди. Уни оқ жунга ўраб қўйгандилар. Йўргаги сутдан оқ, ипакдан юмшоқ ва енгил эди. Яна бир булут келди, унинг ичидан отнинг кишнаганлари эшитиларди. Бир овоз эшитдим: Унга Одамнинг поклигини, Нуҳнинг марҳаматини, Иброҳимнинг дўстлигини, Исмоилнинг лисонини, Юсуфнинг жамолини, Яъқубнинг басоратини, Аюбнинг сабрини, Яҳёнинг зуҳдини ва Исонинг карамини (алайҳимуссалоту вассалом) бердик.

 

Байтуллоҳ Аллоҳнинг уйи

Алайҳиссалоту вассалам жанобимиз Каъбаи муаззамани кўриши билан “Эй Аллоҳим! Бу байтнинг шарафини, ҳайбатини, кароматини орттиргин. Ҳаж ва умра ибодатларини бажо келтирган мўминларнинг ҳам дин ғайратини, карамини зиёда қилгин” деб дуо қилардилар.

Тайрон абобил

Абраҳа 300 000 аскар ва 4000 фил билан водийга киради, заминни титратиб олға юрадилар. Каъбага етишларига озгина қолганди.
 

Аббос (родиаллоҳу анҳ) Расулуллоҳга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдики: Сиз бешикда ётганингизда ой билан гаплашардингиз. Бармоғингиз билан қайси тарафга ишора қилсангиз, ой шу тарафга ўтарди. Мени ўша вақтларда исломга чақирганингизда ҳам тараддудсиз қабул этардим.

Мавлуди шариф

Омина хонимки Муҳаммаднинг онаси,

Шул садафдин туғилди ул дур донаси,

Чунки Абдуллоҳдан бўлди ҳомила.

Вақти етди ҳафта ву айём ила.

Муҳаммаднинг ташрифи бўлди яқийн.

Кўп аломат кўринди келмасидин.

Раббиул аввал ойининг нечаси,

Ўн иккинчи куни душанба кечаси.

Шул кеча туғилди Ул хайрул башар,

Онаси анда нелар кўрди, нелар.

Деди “Кўрдим” ул Ҳабибнинг онаси,

"Бир ажиб нур, қуёш ким парвонаси,

Барқ уриб чиқди уйимдин ногаҳон,

Кўкларга қадар нур билан тўлди жаҳон.

Само ёрилди ву фатҳ бўлди зулам,

Уч малак кўрдим, қўлларида аълам.

Мағрибу машриқда иккиси анинг,

Бири турди томида Каъбанинг.

Улардин билдимки, халқнинг шарифи

Бу жаҳонга яқин қолмиш ташрифи.

Эндилар самодан малаклар саф-саф,

Каъба каби қилдилар уйим тавоф.

Ёрилиб чиқди девордин ногаҳон,

Келди уч ҳурий, менга бўлди аён.

Баъзилар айтарки, бу уч дилбарнинг,

Осия эди бири ул моҳипайкарнинг.

Бири Марям хоним эди ошикор,

Яна бири ҳурийлардин бир нигор.

Менга яқин келиб ўлтурдилар,

Мустафони суюнчилаб турдилар.

Айтдилар ўғлинг янглиғ бир ўғил,

Дунё яратилгандин келмабдур, бил.

Шу сенинг ўғлингдек қадри жамил,

Бир онага бермабдур ҳеч ул Жалил.

Улуғ давлат топдинг, эй дилдора сан,

Туғилгайдур сендан ул хулқи ҳасан.

Бу меҳмон илми ладун султонидур,

Бу меҳмон тавҳиди ирфон конидур.

Анинг ҳурматига давр айлар фалак,

Юзига муштоқ турур инсу малак.

Бу кеча шул кечадир ким ул шариф,

Нур билан оламларни айлар латиф.

Бу кеча шодон бўлур арбоби дил,

Бу кеча чун жон берур асҳоби дил.

Раҳматан лил оламиндур Мустафо,

Ҳам шафиъул-музнибиндур Мустафо.

Омина айтар чу вақт бўлди тамом,

Ки вужудга келгуси ул хайрул-аном.

Чанқадим бисёр, ҳароратдан қатъий,

Узатдилар жом тўла мева шарбати.

Шарбатни қаршимда тутди ҳурийлар,

Буни сенга берди Аллоҳ,- дедилар.

Қордин оқ ҳамда совуқ эрди,

Лаззати дахи қандда йўқ эрди.

Ичдим ани бўлди жисмим нурга ғарқ,

Эта олмадим ўзимни нурдан фарқ.

Келди бир оқ қуш қаноти бирла равон,

Орқамни силади, қувват бирла ҳамон.

Туғилди шу соатда ул султони дин,

Нурга ғарқ бўлди само ву замин.

Соллу Алайҳи ва Саллиму таслимо,

Ҳатта танолий жаннатан ва наимо.

Ассалоту вассалому алайка ё Расулаллоҳ,

Ассалоту вассалому алайка ё Ҳабибаллоҳ,

Ассалоту вассалому алайка ё Саййидал аввалина вал охирин.