Намоз ўқиш

Динимизда иймондан кейин энг муҳим бўлган ибодат намоз бўлиб, беш вақт намоз диннинг таянчидир. Намоз - ибодатларнинг энг устуни ва Исломнинг иккинчи шартидир. Арабчада намозга «Салот» дейилади. Салот аслида, дуо, раҳмлилик ва истиғфор маъносида бўлиб, намозда ўша учта маъно жам бўлгани учун, салот дейилган.

Аллоҳу таолонинг энг кўп ёқтирадиган ва қайта-қайта амр этган буйруғи беш вақт намоздир. Аллоҳу таолонинг инсонларга иймондан кейинги энг муҳим амри бўлган намоз, динимизда фарз қилинган илк ибодатлардан бўлиб ҳисобланади. Қиёматда ҳам иймондан кейин биринчи бўлиб намоздан сўроқ қилинади. Беш вақт намознинг ҳисобини тўлиқ берган бахтиёр кимса, бошқа бутун ташвишу имтиҳонлардан осон қутилиб, абадий саодатга эришади. Жаҳаннам оташидан нажот топиб, жаннатга муяссар бўлиш, намозларни тўғри ва қусурсиз адо этишга боғлиқ. Комил намоз учун, аввало бенуқсон таҳорат олиш ва кечиктирмасдан намозга туриш керак. Намоздаги ҳар бир ҳаракатни энг мукаммал тарзда бажо келтиришга тиришиш керак.

Барча ибодатларни ўзида мужассам қилган ва инсонни Аллоҳу таолога энг зиёда яқинлаштирадиган хайрли амал - намоздир. Севгили Пайғамбаримиз “саллаллоҳу таоло алайҳи ва саллам” марҳамат қилиб айтдиларки: «Намоз диннинг таянчидир. Намоз ўқийдиган кимса, динини қувватлантирган, ўқимайдиган эса динини вайрон қилган бўлади». Намозини тўғри адо этишга мушарраф бўлган кимса, чиркин ва ёмон нарсалардан сақланган бўлади. Чунки Анкобут сурасининг 45-оятида маъолан: «Тўғри ўқиладиган намоз, инсонни фаҳшадан (чиркин, ифлос ва ман қилинган нарсалардан) асрайди» дейилган. Инсонни ёмонликлардан қайтара олмайдиган намоз, тўғри ва ҳақиқий эмас, балки фақат кўринишдагина намоз бўлиб ҳисобланади. Шундай бўлса ҳам, тўғри ва ҳақиқийсини ўқишга муваффақ бўлгунга қадар, кўринишда бўлса-да намозни қўлдан чиқариб қўймаслик керак. Ислом олимлари: «Бир ишнинг тамоми бажарила олмаса, қолганидан ҳам ажралиб қолмаслик керак» деб танбеҳ қилганлар. Чексиз эҳсонлар соҳиби бўлган Раббимиз, кўринишни ҳам марҳамати ила ҳақиқат ҳисобида қабул қилиши мумкин. Шунинг учун, чала ўқилаётган намоз эгаларига «Унақа, пала-партиш ўқигандан кўра ўқимай қўя қолганинг тузукроқ!»- дейишнинг ўрнига, «Намозни токайгача чала ўқиймиз, келинг кам жойларини тамомлайлик!»- дейиш лозим. Хатоларини тузатишга ёрдамлашиш керак.

Намозларни жамоат билан ўқишга ғайрат қилиш жуда муҳимдир. Намозда барча аъзоларимиз тавозеъ кўрсатиб туриши, қалбларимиз ҳам Аллоҳдан бироз қўрқув вазиятида бўлиши керак. Инсонни дунёда ва охиратда ташвишу фалокатлардан қутқарадиган ягона амал - намоздир. Аллоҳу таоло Муъминун сурасининг бошларида маъолан: «Мўминлар албатта нажот топишади. Улар намозларини хушуъ билан адо этувчилардир.» - деб буюрган. Таҳлика, хавф-хатар бўлган жойларда адо этиладиган ибодатларнинг савоби ҳам кўп бўлади. Душман ҳужум қилган пайтда, аскарнинг уларга қарши кичкина қаршилик кўрсатиши қанчалик қийматли бўлса, ёшларнинг ибодат билан машғул бўлиб, ҳар хил шаҳвоний истак, бемаъни ўйин кулги ва ҳаромлардан тийилиши ҳам шунчалик катта қийматга эга. Чунки, нафсларининг зарарли, шайтоний истакларини жиловлаб, унга қарши курашган бўладилар.

Навқирон ёшлик даврида инсонга мусаллат бўладиган уч хил душман, унинг ибодат қилишига қаттиқ тўсқинлик қилади. Булар: шайтон, нафс ва ёмон дўстдир. Ёш ўсмирлар ўша душманлардан келадиган ёмон истакларга бўйин эгмасдан намозларини ўқиб, ҳеч тарк этмасдан юрса, бу амалларининг қиймати шунчалик ошадики, эвазига қарияларнинг айни ибодат учун олган савобидан ҳам кўпроқ савобга ноил бўлишади. Яъни озгина ибодатлари учун жуда бисёр савоб олишади.