Намозга моне бўлган ишда хайр йўқ

Савол: Йиғилиб китоб ўқиётганда, суҳбатни ярмида узиб қўймаслик учун шом ва хуфтон намозини кечиктириб, макруҳ вақтга қолдириш жоизми?

Жавоб: Йўқ, жоиз эмас. Нима бўлса бўлсин, намозга моне бўладиган ҳар қанақа ишда хайр бўлмайди. Шом намозини ярим соат кейинга, хуфтон намозини эса кечанинг ярмидан кейинга қолдириш таҳриман макруҳдир. Имом Раббоний ҳазратлари айтадики: “Бир одобга риоя қилиш ва танзиҳан бўлса ҳам бир макруҳдан сақланиш зикр ҳамда тафаккурдан анча фойдалидир. Таҳриман макруҳдан сақланишнинг фойдасини бу ердан тушуниш лозим. Шундай экан, таҳриман макруҳ бўлиб ўқилган намозларни қазо этиш керак. Имом Аъзам ҳазратлари таҳоратнинг одобларидан бир одобни тарк этгани учун қирқ йил ўқиган намозини қазо этиб ўқиган.” (1/29)

Ҳолбуки одобни тарк этиш макруҳ ҳам эмас. Демакки, намоз ўқиётганда, таҳорат олаётганда одобларига ҳам риоя этишга ҳаракат қилиш керак. Айниқса, макруҳ ишлаш дуруст эмас.

Савол: “Саодати абадия” китобининг қазо намозлари баҳсида “Бир намозни вақти ичида такрор ўқишга иёда дейилади” деб ёзилган. Узр баҳсида эса “Намоз вақти чиққандан кейин кейинги намоз вақти ичида узрли ҳолати тўхтаса, аввалги намозини иёда этади” дейилган. Намоз ўз вақтидан кейинга қолса, қазо бўлмайдими?

Жавоб: Бир намозни ўқигандан кейин ҳар қанақа бир сабаб билан бу намозни қайта ўқишга иёда дейилади. Бу одатда шу вақтнинг ичида бўлади. Узр ҳоли эса бундан мустаснодир. Масалан, Ҳанафий мазҳабига кўра, пешин намози вақтида узрли ҳолати бошланган кимса, вақтнинг сўнггига қадар кутади ва намозини ўқийди. Аср намози вақтида узрли ҳолати тўхтаса, пешин намозини қайта ўқиши керак бўлади. Бунга ҳам иёда дейилади. У кимса намозини ўз вақтида ўқиган эди, қазога қолдирмаганди, аммо узри бўлгани учун узрли ҳолатда ўқиганди. Пешиндан сўнг узрли ҳолати тўхтагандан кейин намозини иёда этиши керак. Бундай ҳолатларда моликий мазҳаби тақлид этилса, намози саҳиҳ бўлади. Иёда этишга зарурат қолмайди.

Савол: Намозда “Оҳ”, “Уф” каби овоз чиқариш намозни бузадими?

Жавоб: Ҳа, бузади. “Уф” деб, ташвишини, ғамини билдириш ҳам бузади. Хастанинг ўз қўлида бўлмасдан “Оҳ”, “Уф” дейиши, йиғлаши намозни бузмайди. (Саодати абадия)