Мерос

Савол: Мерос меросхўрлар орасида ҳали тақсимланмасдан аввал улардан бири ўз улушига тегадиган ҳиссасини ўзгага ҳадя қилиши жоизми?

Жавоб: Ҳажм ва вазн билан ўлчанадиган муштарак молни ўлчамасдан, тортмасдан ҳадя қилиш фоиз бўлади. Уй, полиз, газлама, уй ашёси каби нарсаларни ҳадя қилиш мумкин.

Савол: Мерос қолган пулни уч ака-ука бўлишмасдан туриб, бировга қарзга бериш жоизми?

Жавоб: Уччовининг розилиги билан бўлса, жоиз.

Савол: Отамнинг давлатдан оладиган пенсия маошида укамнинг ҳам ҳақи борми?

Жавоб: Мерос бўлмагани учун ҳақи йўқ.

Савол: Отам ҳаётлигида “Шу полизни уканг Аҳмадга бердим” деди. Аҳмад буни эшитмади. Тортиғи саҳиҳми?

Жавоб: Хабар етгандан кейин саҳиҳ бўлади.

Савол: Дўстим “Менинг полизимга экин эк. Ҳақи керак эмас” деди. Дўстим вафот этгач, ворислари ҳақини сўрамоқдалар. Беришим керакми?

Жавоб: Ҳа. Чунки дўстингиз ҳаётлигида мулкнинг эгаси ўзи эди. Энди бу полиз меросхўрларники. Улар билан келишиш керак.

Савол: Ворис, мерос қолган мулкнинг ҳаромдан йиғилганини билиб турса, уни олиши жоизми?

Жавоб: Ҳа, жоиз бўлади.

Савол: Менинг ворисим, яъни меросхўрим йўқ. Молимнинг қанча қисмини баъзи нарсаларга сарфлаш учун васият қила оламан?

Жавоб: Вориси бўлмаган одам бутун молини васият қилиши мумкин. Вориси бор одам эса, молининг учдан бир қисмидан ортиғини васият қила олмайди. Васият қилса ҳам, молининг учда биридан ортиғи берилмайди.

Савол: "Ўлган кишининг кийимларини уйда қолдириб бўлмайди” дейишади. Вафот этган одамнинг бутун кийимларини бева-бечорага тарқатиб юбориш керакми ёки баъзиларини хотира сифатида олиб қолиш мумкинми?

Жавоб: Марҳумнинг кийим-кечаги ворисларнинг мулкига ўтади. Ворислар зўзаро бўлишиб олганларидан кейин хоҳласа ўзлари кийишади ёки бошқа бировга бериб юборишади. Лекин мерос тақсимланмасдан аввал ҳеч кимга берилмайди.

Савол: Динимиз бўйича мерос тақсими ҳисобларидан бизга бир мисол бера оласизми?

Жавоб: Вафот этган кишининг меросхўрлари сифатида қуйидагилар қолса, мерос шу тартибда бўлинади:

 

1 қиз, 1 ўғил = Қиз 1/3, ўғил 2/3 ҳисса олади.

 

1 қиз, 2 ўғил = Қиз 1/5, ўғиллардан ҳар бири 2/5 ҳисса олади.

 

2 қиз, 2 ўғил = Қизларнинг ҳар бири 1/6, ўғилларнинг ҳар бири 2/6 ҳисса олади.

 

2 қиз, 1 ўғил = Қизларнинг ҳар бири 1/4, ўғил эса 2/4 ҳисса олади.

 

3 қиз, 1 ўғил = Қизларнинг ҳар бири 1/5, ўғил эса 2/5 ҳисса олади.

 

1 қиз, 3 ўғил = Қиз 1/7, ўғилларнинг ҳар бири 2/7 ҳиссадан олади.

 

3 қиз, 3 ўғил = Қизларнинг ҳар бири 1/9, ўғилларнинг ҳар бири 2/9 ҳиссадан оладилар.

 

Марҳумнинг аёли ҳаёт бўлса:

1 қиз, 1 ўғил, 1 хотин = Қиз 7/24, ўғил 14/24, аёли 3/24 ҳисса олади.

 

1 хотин, 1 қиз, 1 ўғилнинг қизи, 1 сингил, 1 она = қиз, 12/24, ўғлининг қизи 4/24, аёли 3/24, онаси 4/24, синглиси 1/24 ҳисса олади.

 

Марҳуманинг эри бор бўлса:

1 қиз, 1 ўғил, эри = Қиз 1/4, ўғил 2/4, эри 1/4 ҳисса олади.

 

Эри, 1 ўғилнинг ўғли, 1 ўғилнинг қизи, 1 қиз, 1 ука = Қизи 6/12, эри, 3/12, ўғлининг ўғли 2/12, ўғлининг қизи 1/12 ҳисса олади. Укаси мерос ололмайди.

 

Эри, 1 ота, ўғилнинг 3 қизи, 1 онанинг онаси = эри 9/45, отаси 6/45, ўғилларининг қизларидан ҳар бири 8/45, онасининг онаси 6/45 ҳисса олади.

 

Эри, 1 она, 1 отанинг онаси, 1 онанинг онаси, уканинг 2 ўғли = эри 6/12, онаси 4/12, укасининг ўғилларидан ҳар бири 1/12 ҳиса олади. Онасининг онаси ва  отасининг онаси ҳисса ололмайди.

 

Марҳум(а)нинг ўғли бўлмаса:

1 қиз, 1 сингил, 1 ўғилнинг ўғли =  қизи 1/2, ўғлининг ўғли 1/2 ҳисса олади.

 

1 қиз, 1 ука, 1 ўғилнинг қизи = қизи 3/6, укаси 2/6, ўғлининг қизи 1/6 ҳисса олади.

 

1 хотин, 1 ўғилнинг қизи, сингил, 1 она = ўғлининг қизи 12/24, аёли 3/24, онаси 4/24, синглиси 5/24 ҳисса олади.

 

Марҳум(а)нинг наслидан ҳеч ким бўлмаса:

Эри, 1 она, 1 отанинг отаси, 1 сингил = эри 3/6, онаси 2/6, отасининг отаси 1/6 ҳисса олади. Синглиси ҳисса ололмайди.

 

1 хотин, 1 она, 1 ука, 1 сингил = аёли 9/36, онаси 6/36, укаси 14/36, синглиси 7/36 ҳисса олади.

 

1 хотин, 1 отанинг онаси, 1 сингил, 2 амаки = аёли 6/24, отасининг онаси 4/24, синглиси 12/24, 2 амаксидиан ҳар бири 1/24 ҳисса олади.

 

Марҳум(а)нинг отаси ҳам бўлса:

1 хотин, 1 қиз, 1 ўғилнинг қизи, 1 сингилнинг ўғли, 1 ота = аёли 3/24, қизи 12/24, ўғлининг қизи 4/24, отаси 5/24 ҳисса олади.

 

1 хотин, 1 ука, 2 сингил, 1 ота = аёли 1/4, отаси 3/4 ҳисса олади. Укаси ва сингиллари ҳисса олмайди.

 

Эри, 1 қиз, 2 сингил, 1 ўғилнинг қизи, 1 ота, 1 она = қизи 6/15, ўғлининг қизи 2/15, эри 3/15, отаси 2/15, онаси 2/15 ҳисса олади.

 

Марҳум(а)нинг онаси ҳам бўлса:

Эри, 2 ука, 2 сингил, 1 ота, 1 она = эри 3/6, онаси 1/6, отаси 2/6 ҳисса олади.

 

Эри, 1 ука, 1 она, 1 отанинг отаси, 1 отанинг онаси = эри 3/6, онаси 2/6, отасининг отаси 1/6 ҳисса олади.

 

Эри, 1 қиз, 1 сингил, 1 уканинг ўғли, 1 она = қизи 6/12, эри 3/12, онаси 2/12, синглиси 1/12 ҳисса олади.

 

Марҳум(а)нинг ота-оналаридан ҳеч бири бўлмаса:

1 хотин, 1 қиз, 2 ука, 1 сингил = аёли 5/40, қизи 20/40, укаларидан ҳар бири 6/40, синглиси 3/40 ҳисса олади.

 

1 хотин, 1 ўғил, 2 ука, 1 сингил = аёли 1/8, ўғли 7/8 ҳисса олади. укалари ва синглиси ҳисса ололмайди.

 

Марҳум(а) бўйдоқ бўлса:

1 сингил, 1 она, 1 ота = онаси 1/3, отаси 2/3 ҳисса олади. синглиси ҳисса ололмайди.

 

1 ука, 1 ота, 1 она = онаси 1/3, отаси 2/3 ҳисса олади.

 

1 ука, 1 она = онаси 1/3, укаси 2/3 ҳисса олади.

 

Авлодидан ва ота-оналаридан ҳеч ким бўлмаса:

Эри, 1 ука, 2 сингил = эри 4/8, укаси 2/8, сингилларидан ҳар бири 1/8 ҳисса олади.

 

1 хотин, 2 сингил, отабир 2 ука, 2 амаки  = аёли 6/24, сингилларидан ҳар бири 8/24дан, битта отадан 2 укасининг ҳар бири 1/24дан ҳисса олади.

 

1 хотин, 1 сингил, онабир 2 ука, 2 амаки  = аёли 3/13, синглиси 6/13, бир онадан 2 укасининг ҳар бири 2/13дан ҳисса олади. Амакилари олмайди.

 

Савол: Отам ва акам транспорт ҳодисасида оғир яраландилар. Аввал отам, бир неча соатдан кейин акам вафот этди. Мерослари қандай тақсимланади?

Жавоб: Кейин ўлгани аввалгисига ворис бўлади. Масалан, икки ака-укадан бири Хитойда, бири Европада бир кунда қуёш чиқаётганида вафот эса, Европада ўлгани наригисига ворис бўлади. Чунки қуёш Хитойда аввалроқ чиқади. (Дурр-ул-мунтақо, Радд-ул мухтор)

Отангиз аввал ўлгани учун аввал отангизнинг мероси ворисларга тақсимланади. Отангиз ўлганида акангиз тирик бўлгани учун отангизнинг меросидан ҳисса олади. Бу ҳисса қўшилганидан кейин акангизнинг мероси тақсимланади.

Савол: “Ҳаром аралашган мерос моли меросчиларга ҳалол бўлади” дейишади. Ҳаром қанақасига ҳалол бўлади?

Жавоб: Меросчи ҳаром эканлигини билса ҳам меросни олиши жоиз дейилган. Соҳиблари маълум бўлмаган ҳаром молнинг ворисларга ҳалол эканлиги билдирилди. (С.Абадия)

Аёл эрининг ҳаром пул билан сотиб олганини, ҳаром аралашган молини ейиши ёки ишлатиши мумкин. Гуноҳи эрига бўлади. (С.Абадия)

Савол: Тақсим этилмаган мерос молларини меросчиларнинг ишлатиши гуноҳми? Бўлишмасдан бир-бирига ҳадя қилсалар жоиз бўладими?

Жавоб: Бўлиниши мумкин бўлмаган, уй ва уй жиҳозлари каби молларни ҳадя қилиш билан бўлишиш мумкин. Масалан ворисларнинг барчасининг розилиги билан ворислардан бирига ёки ворис бўлмаган бошқа бировга берилиши мумкин. Ҳисобланадиган, ўлчанадиган нарсалар ва пуллар тақсим этилмасдан аввал ҳадя қилинмайди. Меросни тақсимламасдан айниқса бўлинадиган молларни ишлатмаслик ёки еб-ичмаслик керак.