Улуғларни севганлар маҳрум қолмайди

Жунайд Бағдодий ҳазратларининг бошқа шаҳарда яшайдиган мухлисларидан бири ҳикоя қилади:

Бир куни бозорда бир гўзал аёлни кўриб, ўзимни ушлай олмай унга қайта-қайта қарадим. Сўнгра пушаймон бўлиб, тавба-истиғфор этдим. Кечқурун уйга келганимда аёлим “Бугун юзингиз қорайиб қолибди. Нима бўлди?” деди.

Кўзгуни олиб қарасам, ҳақиқатан юзим қорайиб қолган. Нимадан бўлганини ўйлаётиб, хаёлимга ҳалиги аёлга қараганим эсимга тушди. Бир ғорга кириб, бирнеча кун чиқмасданг кўз ёш тўкдим, гуноҳимнинг авфи учун Аллоҳга ёлвордим. Барибир кўнглим ҳузур топмади. Кейин эсимга Жунайд Бағдодий ҳазратларини бир зиёрат қилсам деган фикр келди. Шайхнинг остонасига бориб эшикни қоққанимда менга “Киргин, эй Абдуллоҳ, сен бозорда гуноҳ қилгин-да, биз Бағдодда истиғфор этайлик, шундайми” дедилар.

Ичкарига кириб муборак қўлларини ўпиб, ўтирдим. Жуда уялиб, ўзимни йўқотиб қўйган эдим. Жунайд Бағдодий ҳазратлари шундай деб давом этдилар:

- Пушаймонлик, надомат ва тавба киши учун қандай улуғ неъматдур. Қалбнинг ёрдами бўлмаса, аъзоларнинг дин амрига бўйсуниши жуда қийин. Қалбда улуғ зотларнинг севгиси бўлмаса, қалбнинг ёрдами ҳам бўлмайди. Буларни уддасидан фақат Аллоҳ одамлари - валийлар чиқа олишади. Ул зотларнинг вазифасидур бу! Улуғларни севган қалб маҳрум қолмайди.