Бисмиллоҳга ҳурмат

Бишр Ҳофий ҳазратларининг тавбаси шундай бўлган:

Ёшлигида ичкиликка мубтало бўлганди. Бир куни йўлда сархуш ҳолида кетаётиб, устига “Бисмиллоҳ” деб ёзилган қоғозни кўриб қолди. Бунга қаттиқ юраги сирқираб, қоғозни ердан олиб ўпди. Лойларини артиб, тозалагандан кейин гўзал ҳидлар суриб, уйида адеворга илиб қўяди.

Кечаси олим бир зот туш кўради. Тушида “Бор, Бишрга айт. У бизнинг исмимизни тозалади. Биз унинг қалбини тозалаймиз. У бизнинг исмимизни улуғлаб, юқорига осди. Биз ҳам унинг исмини улуғлаб, буюк қулларим орасига қўшамиз. У бизнинг исмимизга гўзал ҳидлар сурди, биз ҳам унинг шахсини қиёматгача мусулмонлар учун гўзал ҳидлар сочадиган юлдуз қилдик” дейилди. Бу туш уч марта такрорланди.

Туш кўрган зот тонг отгач, Бишр Ҳофийни излаб майхонадан топди. Бишр келган зотга дедики:

- Менда сизнинг қандай ишингиз бўлиши мумкин? Мендан нима истайсиз?

- Сен учун муҳим хабарим бор.

- Ким ҳақида айтмоқчисиз?

- Аллоҳу таолодан...

Буни эшитган Бишр йиғлашни бошлади ва сўради:

- Ҳолим маълум. Менга шиддатли азоб берадими?

У зот тушини айтиб беради. Бишр дўстларига қараб шундай деди:

- Эй дўстларим! Мени чақирдилар, бундан кейин мени қайтиб бу ерларда кўрмайсизлар.

Сўнгра бу зотнинг ёнида тавба этди. Шу вақт оёғида пойафзали бўлмагани учун бундан кейин ҳам ҳеч пойафзал киймади. Сабабини сўраганларга “Сўз берган вақтим оёқ кийимсиз эдим, энди кийишга ҳаё этаман” деб жавоб берарди. Пойафзал киймагани учун унга “Ҳофий” (яланг оёқ) дердилар.