Соҳибини ким билмайди

Ислом олимларининг буюкларидан Абдуллоҳ бин Муборак бир неча қўй боқиб юрган болани кўрди. Унга ачинди. “Бечора бола! Кичиклигидан қўй боқяпти. Улғайгач, Аллоҳу таолонинг ибодат ва маърифатига қандай қовушади” деб ўйлади. “Бориб, болага Аллоҳу таолони таниши учун бир масала ўргатайин” деб унинг ёнига келди. Уларнинг орасида шундай суҳбат бўлиб ўтди:

- Ўғлим, Аллоҳу таолони биласанми?

- Қул ўз соҳибини қанақасига билмаслиги мумкин...

- Аллоҳу таолони қандай танидинг?

- Мана шу қўйлар ёрдамида танидим.

- Бу қўйлар билан Уни қандай танидинг?

- Бу бир неча қўй чўпонсиз ҳеч нарса қилолмайди. Уларни ҳимоя қиладиган биттаси керак. У уларга сув ва ўт берсин, бўри ва бошқа хавфлардан сақласин. Шундан тушундимки, бу оламдаги ҳамма нарса инсонлар, жин, ҳайвонлар, жониворлар, қанотли қушлар Яратувчисиз бўла олмайдилар. Мана шундай қилиб, қўйлар орқали танидим.

- Аллоҳу таолони қандай деб биласан?

- Ҳеч нарсага ўхшатмасдан биламан.

- Бундай эканлигини қаердан билдинг?

- Яна шу қўйлардан.

- Қанақасига?

- Мен чўпонман. Уларнинг ҳимоячисиман. Улар менинг ҳимоям ва тасарруфимдалар. Улар менинг нима ўйлаётганимни ва нима қилишимни билмайдилар. Уларга диққат билан қарадим. На улар менга ўхшайди, на мен уларга ўхшайман. Демак, чўпон қўйларига ўхшамаса, Аллоҳу таоло ҳам ўзи яратган қулларига ўхшамаслиги билдим. “Унга ўхшаган ҳеч нарса йўқ, у ҳамма нарсани эшитади ва кўради.”

- Яхши нарсаларни айтдинг. Бирор илм ўрганганмисан?

- Мен бу саҳроларда қанақасига илм ўрганаман?

- Яна бундан бошқа нималарни биласан?

- Уч илм биламан. Кўнгил илми, тил илми ва бадан илми.

- Булар нима?

- Кўнгил илми шуки, менга қалб берди. Уни Ўзини таниш ва севиш жойи қилди. Бу қалб билан Уни танийман. Унинг севганларига кўнглимда ер бераман. Севмаганларига жой бермайман ва улардан узоқ бўламан.

Тил илми шуки, менга тил берди. Тилни зикр этиш, Унинг исмини сўзлаш жойи қилди. Бу билан Уни хотирлаб, исмини сўзлашни, У ҳақида бўлмаган сўзлардан сақлашни, бундай гаплардан узоқ бўлишни истади.

Бадан илми шуки, менга бадан берди. Бу билан Унга хизмат этадиган барча нарсани қиламан. Хизмат бўлмаган нарсани эса баданимдан узоқлаштираман.

- Мошаллоҳ, ўғлим. Менга айтадиган гапинг борми?

- Эй жаноб! Олим эканлигинг юзингдан билиниб турибди. Агар илмни Аллоҳ розилиги учун ўрганган бўлсанг, инсонлардан исташни йиғиштир. Йўқ, дунё учун ўрганган бўлсанг, Жаннат орзу ва истагини қалбингдан чиқар.