Мутазила, Жабриячи ва атеист

Имом Аъзам ҳазратларига бир атеист, бир мутазила ва бир жабриячи келади. Атеист сўрайди:

“Аллоҳ бор бўлса, бор бўлган нарса кўринади. Борлигини исбот эт.”

Ўзини ақлли ҳисобловчи мутазила фирқасидаги кимса сўради:

“Жаҳаннамда олов бор. Шайтон ҳам оловдан яратилган. У ҳолда шайтонга жазо бериш мумкинми?”

Жабриячи сўрабди:

“Сен иродаи жузиа бор дейсан. Ҳамма нарсанинг яратувчиси Холиқ бўлса, инсон нимаям қила оларди?”

Имом Аъзам уч ҳовуч нам тупроқдан тўп ясаб, уч тўпни уччовига отади. Уччови ҳам қозига бориб, унинг устидан шикоят қиладилар. Қози имом Аъзамни чақириб, нимага уларга лой отганининг сабабини сўрайди.

Имом Аъзам ҳазратлари айтадики: “Улар менга савол бердилар. Мен эса жавоб бердим. Атеист Аллоҳ бор бўлса, бор бўлган нарса кўриниши керак деди. Тупроқ бошимни оғритди деб сизга шикоят қилмоқда. Модомики оғриётган бўлса, оғриқни менга кўрсатиши лозим бўлади. Агар оғриқни кўра олмаётган бўлса, Аллоҳни қандай кўради. Атеист ақлсиздир, ақли бўлса кўрсатарди. Руҳ ҳам ақл каби кўринмайди. Аммо қилганларидан билинади. Коинотнинг бор бўлиши ҳам унинг бир яратувчиси бўлиши кераклигини кўрсатади.

Мутазила эса тупроқдан яратилгани билан лойдан озор чекмоқда. Тупроқ тупроққа таъсир этганидек, олов ҳам оловга таъсир этади. Темир арра темирни кесгани каби олов ҳам оловни ёқади.

Жабриячи эса “Аллоҳ ҳар ишни мажбуран қилдиради” дейди. У ҳолда бу лойни Аллоҳ отди, нега мендан шикоят қилади. Ўзлари ўзларини ёлғончига чиқармоқда.

Ҳазрати Имомнинг бундай қисқа жавоблари кўп. Масалан, бир атеист билан соат ўнда учрашиб, мунозара этиш учун келишдилар. Ҳазрати Имом атайлаб учрашувга бир соат кеч келади. Атеист имомнинг кечикканига “Имомингиз қўрқиб, келмаяпти” дейди. Имом келгач, нимага кечикканлигини сўрайди. Имом “Қайиқ йўқ экан. Дарёдан ўтолмадим. Қарасам, дарахтлардан синиб тушган шохлар ўз-ўзидан қайиқ бўлишни бошлади. Қайиқ тайёр бўлгач, уни миниб, дарёдан ўтдим. Шу сабабли кеч қолдим” деб жавоб берибди. Атеист унинг устидан кулиб “Кўрдингизми, қандай ёлғончи. Ҳеч замон ўз-ўзидан, бир устаси бўлмасдан қайиқ қуриладими?” дейди. Ҳазрати Имом дарҳол жавоб беради: “Эй атеист, бир қайиқ устасиз ўз-ўзидан бўла олмаса, бу улкан коинот қанақасига ўз-ўзидан ҳосил бўлади.” Шу тариқа атеист билан мунозара этмасдан туриб, ғолиб чиқади.

Яна бир атеист “Агар Аллоҳ бор бўлса, бошланғичи бўлмагани каби сўнгсиз ҳм бўлолмайди. Яъни Аллоҳ азалий ва абадий эмас” дейди. Ҳазрати Имом “Бирдан аввал сон борми?” деб сўрайди. Атеист “Йўқ” деб жавоб беради. Ҳазрати Имом “Бўлмаса, сонларни охиригача сана” дейди. Атеист бироз санагандан кейин тўхтайди. Имом “Давом эт, охиригача сана” дейди. Атеист “Миллион, миллиард, триллион, катриллион... Буларнинг охири йўқ” дейди. Ҳазрати Имом “Сонларнинг 1дан аввали ва охири бўлмаганига кўра, коинотнинг яратувчиси азалий ва абадий бўла олмайдими?” дейди.

Имом орқасида нима учун Фотиҳа ўқитмайсан деганларга шундай жавоб беради:

“Сизлар қирқ кишисиз. Барчангизни алоҳида-алоҳида инонтирайми ёки энг ишонганингиз илм соҳиби инонса, сизлар ҳам қабул этасизларми?”

Одамлар “Қабул этамиз” дейдилар. Шунда ҳазрати Имом “Мунозара бошланмасдан тугади. Сизлар қирқ кишидан бирига ишонасиз, уни танладингиз. Мен ҳам имомнинг ўқигани етади, жамоатнинг ўқиши керакмас демоқдаман. Сизлар бир кишига қандай ишонган бўлсангиз, мен ҳам имомга шундай ишондим” деб жавоб беради.