Дуолар нимага қабул бўлмайди?

Савол: Дуолар нимага қабул бўлмайди?

Жавоб: Шартларига риоя этиб қилинган дуо қабул бўлади. Ҳадиси шарифда “Раббингиз каримдир, ўзига узатилган қўлни бўш қайтаришдан ҳаё этади, қилинган дуони қабул этади” деб марҳамат қилинган.

Дуонинг қабул бўлиши учун баъзи хусусларга эътибор бериш керак. Сабабларга ёпишмасдан исташ қуруқ тиланиш бўлади. Ҳадиси шарифда “Ўзи ҳаракат қилмасдан дуо этган киши, қуролсиз жангга кирган киши кабидир” деб марҳамат қилинди. (Дайламий)

Қилиниши керак бўлган ишлардан баъзилари қуйида келтирилган:

Аввало гуноҳларига тавба қилиш керак. Истиғфор айтиш, садақа бериш, имонини тузатиш лозим. Дуонинг қабул бўлишига ишониши, тиз чўкиб қиблага юзланиб ўтириши, дуога бошлаётганда “Субҳона Роббиал алиййул алал ваҳҳоб” дейиши, аузу бисмиллоҳ айтиб, ҳамд ва саловот ўқиши, дуосини уч мартадан кўп айтиши керак. Қабул бўлмади деб умид узмаслик, қабул бўлганга қадар узоқ вақт такрор этиш лозим. (Фароид)

Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Сиз қабул этилишига ишониб Аллоҳга дуо қилинг. Аллоҳу таолони унутиб, ғафлатда қилинган дуо қабул бўлмайди.” (Термизий)

“Амри маъруфни ташлаб қўйсангиз, дуоларингиз қабул бўлмайди.” (Баззор)

“Бидъат аҳлининг дуолари ва ибодатлари қабул бўлмайди.” (Дайламий)

“Қизини фосиққа узатган одамнинг дуоси қабул бўлмайди.” (Ширъа)

Фарзларни бажармаганнинг, масалан, намоз ўқимайдиган кимсанинг дуолари қабул бўлмайди. Ҳаромлардан сақланмаган кимсанинг дуоси қабул бўлмайди. Абуллайс Самарқандий ҳазратлари “Ҳаром еган, ғийбат этган ва ҳасад қилган кимсанинг дуолари қабул бўлмайди” деган. Ҳадиси шарифда ҳам “Дуонинг қабул бўлиши учун еганлари ва кийганлари ҳалол бўлиши керак” деб марҳамат қилинди. (Тарғиб-ус-салот)

Ихлосли ва солиҳ бўлишга ҳаракат қилиш лозим. Қуръони каримда маолан буюриладики:

“Ихлос билан дуо қилинг.” (Мўмин, 14,65)

“Аллоҳу таоло фақат тақво соҳибларининг (солиҳларнинг амалларини ва дуоларини) қабул этади.” (Моида, 27)

Авлиёларни восита қилиб дуо этиш керак. Бухорий билдирган ҳадиси шарифда дуонинг қабул бўлиши учун Пайғамбарларни ва солиҳларни восита қилиш кераклиги айтилган. (Хисн-ул-хасин)

Масалан, силсилаи олиянинг исмлари ўқилиб, уларнинг ҳурматига дуо қилиш керак.

Дин биродарига орқасидан дуо қилиш лозим. Ҳадиси шарифда “Мўминнинг дин биродари учун ортидан қилган хайр дуоси қабул бўлади. Бир фаришта “Аллоҳ бу яхшиликни сенга ҳам берсин” деб дуо қилади. Фариштанинг дуоси рад этилмайди” деб марҳамат қилинди. (Ибн Аби Шайба)

Беш вақт намозни тўғри ва ихлос билан ўқиш ва ундан кейин дуо қилиш керак. Ҳадиси шарифда “Беш вақт намозлардан кейин қилинган дуолар қабул бўлади” деб марҳамат қилинди. (Бухорий)

Яна ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Аллоҳу таоло буюрадики: Кибрланмаган, кунини Аллоҳни ёдга олиш билан ўтказган (Аллоҳ рози бўлган ишларни қилган), гуноҳларда оёқ тираб туриб олмай, истиғфор этган, очларни тўйдирган, ғарибни ҳимоя этган, кичикларга марҳамат, катталарга ҳурмат кўрсатган кишиларнинг намозларини қабул қиламан. Бундай одамларнинг истаганларини бераман, дуо қилсалар, дуоларини қабул этаман.” (Дорақутний)

“Очиқ-яширин кўп садақа беринг, ризқингиз ортади, ёрдамга лойиқ бўласиз ва дуонгиз қабул бўлади. (Термизий)

“Аллоҳу таоло дуонгизни қабул этади. Дуо этдим, дуом ҳалиям қабул бўлмади деб шошилманглар. Аллоҳдан кўп сўранг. Чунки карам соҳибидан истамоқдасиз.” (Бухорий)

“Кимки, Юнус алайҳиссалом балиқнинг қорнида ўқиган дуони ўқиса, дуоси қабул бўлади.” (Термизий)

“Кимга дард ва бало келса, Юнус алайҳиссалом ўқиган дуони ўқисин. Аллоҳу таоло уни муҳаққақ қутқаради. Дуо қуйидагича: Ла илоҳа илла анта субҳонака инни кунту миназзолимин. (Термизий)

“Дуоси қабул бўлишини истаган киши дардли одамни қувонтирсин.” (Ибн Абуддунё)

“Истиғфор ўқишда давом этган ҳар турли ғамдан ва етишмовчиликдан қутулади. Роҳатликка эришади, кутмаган жойидан ризққа қовушади.” (Насоий)

“Ташвишли бўлганида дуосининг қабул бўлишини истаган киши беташвиш вақтида кўп дуо этсин.” (Термизий)

“Ғам-ташвишли ёки қарздор бир кимса минг марта “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллоҳил алиййил азийм” деса Аллоҳу таоло ишини енгиллаштиради.” (Ширъа)

Савол: Аллоҳу таоло севган қулининг дуо этишини севгани учун унинг дуосини кечиктириши ростми?

Жавоб: Бундай ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Пайғамбар жанобимиз бир ҳадиси шарифда билдиради:

Аллоҳу таоло бир қулини севса ёки уни севган қули бўлишини истаса, унинг устига челаклаб қуйгандек мусибат ёғдиради, орқама-орқа балолар юборади. Бу кимса дуо этса, Жаброил алайҳиссалом дерки:

- Ё Рабби, бу севгили қулингнинг истагани берилмаслигининг ҳикмати нима?

Аллоҳу таоло буюрадики:

- Мен унинг овозини эшитишни севаман. Қўйинглар, дуода давом этсин.

Қул “Ё Рабби” дейди. Аллоҳу таоло “Лаббайк, сенинг ҳар истаганингни бераман ва мамнун этаман. Иззатимга қасам ичаманки, нима дуо қилсанг қабул этаман, нима истасанг бераман, фақат бу истакларингни ё дунёда, ё охиратда бераман. Агар охиратда берадиган бўлсам, истакларингнинг устунини бераман, бундан ҳам катта балоларни устингдан даф этаман” деб буюради.

Қиёмат куни тарозилар қурилади, намоз аҳли келтирилиб, ажрларини оладилар. Рўза тутганлар келтирилиб, ажрларини оладилар. Закот аҳли ҳам келтирилиб, улар ҳам ажр-мукофотларини оладилар. Ҳаж аҳли келтирилиб, улар ҳам ажрларини оладилар. Балога, мусибатга учраганлар келтирилиб, улар учун тарози қурилмайди. Ҳақлари, мукофотлари тортилмасдан, мўл-мўл қилиб берилади. Уларга берилган мукофотларнинг кўплигини кўрганлар “Кошки, биз ҳам дунёда пичоқ билан қийма-қийма қилинсайдик, биз ҳам бундай неъматларга қовушсайдик” дейдилар. Шу маолдаги ояти карима шуни билдиради: “Эй имон этган қулларим! Раббингиздан (амр ва тақиқларига риоя этмасликдан) қўрқинг. Бу дунёда (Аллоҳу таолога итоат этиб) яхши иш қилганлар учун (охиратда) бир гўзаллик (Жаннат) бор. Аллоҳнинг ери кенгдир (кофирлар ичида сиқилганингизда бошқа ўлкаларга ҳижрат этишингиз мумкин). Фақат (ибодатга, тоатга, балоларга ва ватанидан ажралиб, ҳижратнинг қийинчиликларига) сабр этганларга ҳисобсиз ажр-мукофотлар тўланади.” (Зумар, 10) (Дурр-ул-мансур – Имом Суйутий)