Фарзанд асраб олиш

Савол: Фарзандсиз бир аёлман. Бола асраб олишни истайман. Динда бу ҳақида нима дейилган?

Жавоб: Асраб олинган фарзанд улғайгач, эркак бўлса, сизга, қиз бўлса эрингизга бегона бўлади. Бегона киши билан ёлғиз қолмоқ эса жоиз эмас. Шунинг учун фарзанд асраб олаётганда қариндошларингиздан бирининг ўғлини ёки эрингизнинг қариндошларидан бирининг қизини асраб олсангиз муаммо бўлмайди. Ёки асраб олган ўғил фарзанд опа-сингилларингиздан бирини ё ака-укаларингизнинг аёлларидан бирини эмадиган бўлса, сизнинг жиянингиз бўлгани учун бегона ҳисобланмайди. Қиз фарзанд олганда ҳам эрингизнинг опа-сингилларидан бири ёки ака-укаларининг аёлларидан бири эмизса, унга ҳам жиян бўлиб, бегона ҳисобланмайди.

Савол: Асраб олинган фарзандга мерос бериладими?

Жавоб: Асраб олинган фарзанд дин бўйича меросхўр бўлолмайди. Фақат соғлигингизда молингизнинг бир қисмини ёки барини ҳадя этишнинг ҳеч зарари йўқ.

Савол: Асраб олинган фарзандга ўғлим ёки қизим дейиш жоизми?

Жавоб: Бу менинг ўғлим ёки менинг қизим дейиш ҳаром. Фақат чақираётганда ёки улар ҳақида гапираётганда ўғлим, қизим дейишнинг зарари йўқ.

Асраб олинган фарзандга “Биз сенинг ўз ота-онанг бўламиз” дейиш гуноҳ. Қуръони каримда маолан Аллоҳ асраб олган фарзандларингизни ўз ўғилларингиз сифатида танимади деб буюрилди. (Аҳзаб, 4)

Ҳадиси шарифда Отаси эмаслигини билиб туриб, бу менинг отам деган кимсага Жаннат ҳаром бўлади деб марҳамат қилинди. (Бухорий)

Савол: Қизи ёки ўғлини бировга фарзандликка берганидан кейин унинг фарзандлик ҳақи устидан кетадими?

Жавоб: Кетмайди, давом этади.

Савол: Охиратда бу фарзанд ота-онасидан ҳақ талаб эта оладими?

Жавоб: Албатта, ёмон бир кимсага берган бўлса “Нега намоз ўқимайдиган, ичкилик ичадиган кишига бердинг” деб сўраши мумкин.

Фарзандини бировга бераётганда мусулмон бир оилага ва динини ўргатадиган одамларга бериш керак. Фарзандини берган одам хоҳлаган пайтида қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Фарзандига яхши тарбия бераётганлигини назорат қилиши лозим. Асраб олгандан кейин янги оиланинг фарзанди бўлиб қолмайди. Меросларини олишга дин бўйича ҳақи бўлмайди. Ўғил бўлса, улғайгач уйдаги аёлларга номаҳрам бўлади. Шунинг учун балоғатга етгач, бу уйда тура олмайди. Қиз бўлса, улғайгач уйнинг эркакларига номаҳрам бўлади. Мана шундай зарарли томонлари ҳам бор.