Қайнота ва қайнона

Савол: Қайнота ва қайнонага “ота-она” дейиш жоизми?

Жавоб: Қайнота-қайнонага “ота-она” дейиш ақлга тўғри келмайдигандек туюлса ҳам, аждодларимиз уларга ҳурмат маъносида “ота-она” деганлар.

Бақара сурасининг 133-ояти каримасида Яқуб алайҳиссаломга Отанг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқ деб буюрилган. Маълумки, Яқуб алайҳиссалом Исҳоқ алайҳиссаломнинг ўғли. Исмоил алайҳиссалом амакиси, Иброҳим алайҳиссалом эса бобосидир.

Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси Торуҳ бўлгани ҳолда амакиси ва ўгай отаси Азар учун Қуръони каримда Иброҳимнинг отаси ифодаси келган. (Анъам, 74)

Пайғамбар жанобимиз амакиси Абу Толиб ва Абу Лаҳабга “ота” дегани ҳадиси шарифларда билдирилган. Кўпгина мамлакатларда кекса кишиларга ҳурмат маъносида “Ота” дейилади. Кекса аёлларга ҳам, масалан “Ойша она”, “Фотима она” ёки “Ҳожи она” деб айтилади. Бундай дейиш, яъни ота дейиш билан у бизнинг отамиз бўлиб қолмаганидек, она деган аёлимиз ҳам онамиз бўлиб қолмайди. Булар ҳурмат учун гапирилади. Бундан ташқари, кекса кишиларга қариндошимиз бўлмагани билан уларга “Амаки, бобо, хола, буви” деймиз. Бу ҳам ҳурмат маъносидадир.

Қайнота ва қайнонага ота-она дейиш эса, табиийдир.риё мақсадида айтилса риё, ҳурмат маъносида айтилса ҳурмат бўлади. Булар мубоҳ бўлган одатлардир. Гуноҳ бўлмаган одатларга эргашишнинг зарари йўқ. Ҳатто мубоҳ бўлган одатга эргашмаслик шуҳратга, кўнгил оғритишга сабаб бўлса, бундай одатларга эргашилади.