Аёл-эркак ва она

Савол: Оят ва ҳадисларда она ҳақининг аҳамияти катта эканлиги, шу жиҳатдан аёлнинг эркакдан устун эканлиги айтилади. Устунлигининг жинси билан алоқаси борми?

Жавоб: Динимизда ирқ, ранг ва жинс устунлиги йўқ. Устунлик тақвога, Аллоҳ олдидаги даражасига кўрадир. Мусулмон бўлган ҳабаш аёл, мусулмон бўлмаган оқ рангли бир қиролдан устундир. Ҳатто қиёслаб ҳам бўлмайди. Бири абадий Жаннатлик, наригиси эса абадий Жаҳаннамликдир.

Она ҳақи аҳамиятлидир. Онага ҳурмат ва хизмат отадан аввал келади. Бири савол берди:

- Ё Расулуллоҳ, инсонлар орасида яхшилик қилишимга энг лойиқ бўлган ким?

- Онангдир.

- Ундан кейин?

- Онангдир.

- Ундан ҳам кейинчи?

- Отангдир. (Бухорий, Муслим)

Бошқа бир ҳадиси шарифда Аввал онангга, сўнгра отангга, кейин опа-синглингга, ака-укангга ва тартиби билан бошқа яқинларингга яхшилик қил деб марҳамат қилинди. (Насоий)

Устунлик ва ҳақ

Устунлик бошқа, ҳақи бўлмоқ, яхшиликка лойиқ бўлмоқ бошқа. Она кофир бўлса ҳам, унга яхшилик қилиш керак. Бир кимса “Ё Расулуллоҳ, онам мушрик. Унга яхшилик қилишим жоизми?” деб сўради. Расулуллоҳ Ҳа, онангга яхшилик ва эҳсонда бўл деб марҳамат қилдилар. (Абу Довуд)

Ҳар бир пайғамбар ўз онасидан ҳам устундир. Бунга қарамай пайғамбарлар ҳам ўз оналарига хизмат этиб, ҳурмат қилганлар. Чунки она, ҳақ соҳибидир, хизмат ва ҳурматга лойиқдир. Ҳақи бўлмоқ, хизмат ва ҳурматга лойиқ бўлмоқ бошқа, устун бўлмоқ бошқа. Бир зот сўрадики:

- Ё Расулуллоҳ, жиҳодга боришни истайман.

- Онанг ҳаётми?

- Ҳа, ҳаёт.

- Унга хизмат эт, Жаннатни уни рози этиш билан қозонасан. (Табароний)

Жиҳодга боришни истаган бошқа бирига Онангнинг ёнидан ажралма, Жаннат унинг оёқлари тагидадир деб марҳамат қилдилар. (Насоий)

Ҳақ соҳиби бўлиш устун бўлишни талаб қилмайди. Ҳадиси шарифда Инсонлар ичида энг катта ҳақ соҳиби эркакнинг устида она ҳақи, аёлнинг устида эрининг ҳақидир деб марҳамат қилинди. (Ҳаким)

Ота-онанинг фарзанди устида ҳақи бўлганидек фарзанднинг ҳам улар устида ҳақлари бор. Эрнинг аёли уститда ҳақи бўлгани каби, аёлнинг ҳам эри устида ҳақи бор. Фақат ота-она ва эр ҳақи аввал келади. Бу аввал келиши устунлигини кўрсатмайди. Бундан “Исломият аёлга ва фарзандга ҳақ-ҳуқуқ бермаган” деб маъно чиқариш туҳмат бўлади. Кимнинг имони қувватлироқ ва ким Аллоҳу таолонинг амрларига кўп риоя қилса, у устунроқ бўлади. (Кимёи саодат)