Ҳаром ишга қўл уриш рўзани бузадими?

Савол: Рўзадор вақтда бирон гуноҳ иш қилиб қўйиш, ғийбат қилиш рўзани бузадими?

Жавоб: Рўзани бузмайди, лекин рўзадор пайтда гуноҳлардан қаттиқ тийилиш керак. Ҳадиси шарифда: “Ғийбат қилиш, сўз ташиш, ёлғондан қасам ичиш, номаҳрамга шаҳват билан қараш рўзани бузади” деб марҳамат қилинди. (Дайламий)

Имом Аъзам ҳазратлари бу ҳадиси шарифни “Бу гуноҳлар рўзанинг савобини бузади, сиҳҳатини бузмайди. Тутилган рўза макруҳ бўлади” деб шарҳлаганлар. Яъни бу гуноҳларни қилган одам рўза қарзидан қутулса ҳам, рўзага махсус бўлган катта савобларга эриша олмайди. Ҳадиси шарифда: “Қанча-қанча рўза тутувчилар борки, улар кун давомида очлик ва чанқоқликдан бошқа ҳеч нарсага эришолмайди” деб марҳамат қилинди. (Ибн Можа)

Рўза мўминлар учун бир неъмат ва омонатдир. Омонатни эҳтиёт қилиш керак. Унинг бекор кетмаслиги учун шартларига риоя қилиш керак. Ҳаромга қарашдан сақланиш керак! Ҳадиси шарифда: “Ҳаромга қараш шайтоннинг заҳарли ўқларидан бир ўқдир. Аллоҳ қўрқуви билан буни тарк этган одамга Аллоҳу таоло шундай бир имон берадики, бу имоннинг лаззатини ўша заҳоти-ёқ қалбида сезади”- деб марҳамат қилинди. (Ҳаким)

Рўза тутган мусулмон тилини ҳам ҳар хил бекорчи гаплардан тийиши керак. Ҳадиси шарифда: “Рўза оташга қалқондир. У ғийбат билан парчаланиб кетмагунича эгасини ўтдан ҳимоялайди. Рўзадор жоҳиллик қилиб, ёмон гап гапирмасин! Ўзига заҳм-заҳмат етказганларга мен рўзадорман, десин!”- деб марҳамат қилдилар. (Бухорий)

Кўз ва тилимизни гуноҳлардан сақлаганимиздек қулоғимизни ҳам сақлашимиз керак. Гапирганда ҳаром бўладиган нарсани тинглаш ҳам ҳаром бўлади. Қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни ҳам ҳаромлардан тийиш керак. Рўза тутиб, аъзолари билан гуноҳ ишлашда давом этган киши, дори ўрнига заҳар ичган хастага ўхшайди. Чунки гуноҳ заҳардир, у савобларни йўқ қилади. Бир гуноҳ қилгандан кейин пушаймон бўлиш, яхшилик ва ибодат қилишда давом этиш керак.