Аҳли суннат вал жамоат

Савол: Ягона тўғри йўл фақат аҳли суннат вал жамоат фирқасими?

Жавоб: Ҳа, фақат аҳли суннат вал жамоат фирқасидир. Бир ҳадиси шарифда “Умматим 73 фирқага ажралади. Булардан 72 таси Жаҳаннамга кетади, фақат бир фирқа қутулади. Жаҳаннамдан қутуладиган ушбу фирқа менинг ва Асҳобимнинг йўлида бўлганлардир” деб марҳамат қилинган. (Тирмизий, Ибни Можа)

Аҳли суннат вал жамоат суннат ва жамоат аҳли деганидир. Асҳоби киром - муҳтарам Пайғамбар жамоатларидир. Суннат - Пайғамбаримизнинг йўли демакдир.

Демак “Мен фақат Қуръон ва суннатга амал қиламан” дейиш билан мусулмончилик бўлмайди. Асҳоби киромни севиш ва уларнинг йўлида бўлиш ҳам шарт. Пайғамбаримиз “Фақат менинг йўлимдан юрган қутулади” демадилар, “Асҳобимнинг йўлидан юрган ҳам қутулади” деб марҳамат қилмоқдалар. Бу жуда ҳам муҳим бир хусусият. Саҳобаи киромнинг барчасини севиш фақат аҳли суннат вал жамоат фирқасига насиб бўлган. Тўғри йўлда бўлишнинг ўлчови Расулуллоҳ ва Асҳобининг йўлида бўлишдир. Дуч келган ҳар бир гуруҳ “Мен аҳли суннатман” деб даъво қила олади. Бунинг ҳаиқий ё қалбакисини аниқлашнинг имкони ва йўли бор. Аллоҳу таоло исломиятни тўғри ўрганишни астойдил истаганга буни насиб этишига ваъда берди. Аллоҳ албатта ваъдасидан қайтмайди. Икки ояти каримада маолан: “Тўғри йўлни излаганларни саодатга эриштирамиз” (Анкобут, 69),  “Аллоҳ ўзига йўналганни тўғри йўлга солади” (Шўро, 13) дейилган.

У ҳолда Аллоҳу таолонинг ваъдасига ва оятига ишониш керак. “Биз бешак тўғри йўлдамиз” десак ҳам “Ё Рабби, кимлар тўғри йўлда бўлса, Сенинг розилигинг кимлар билан бўлса, менга уларни севишни, улар билан бирга бўлишни насиб этгин” деб дуо қилиш керак. Агар тўғри йўлда бўлсак, бундай дуонинг умуман зарари йўқ. Бордию нотўғри йўлда бўлсак, ихлос билан қилган дуомиз сабабли тўғри-ҳақ йўлга тушамиз. Ҳар бир одам шундай дуо қилиш керак. Асло Аллоҳу таоло мени нотғўри йўлга тушириб юборади деб гумон қилмаслик керак.

73 фирқа ҳадиси

Савол:Умматим етмиш уч фирқага ажралади, бири Жаннатга, тўғри йўлдан адашган 72 таси Жаҳаннамга кетади” ҳадиси шарифи ҳақида баъзилар “Бу гап хоҳлаганча суистеъмол қилишга йўл очиб берадиган даражада фитнакор гап. Унақада ҳар бир фирқа ўзининг қутуладиган ягона фирқа эканлигини бемалол иддао қилади-ку” дейишади. Мана шундай гапириш тўғрими?

Жавоб: Ҳадиси шариф ҳақида бундай таҳқирловчи оҳангда гап қилиш жуда хатарли. Чунки ҳар бир одам ўз фирқасининг ягона тўғри фирқа эканлигини даъво қилмаса, шундай ишонмаса, у фирқада бўлмас эди. Шу маънодаги ояти карима ҳам бор: “Ҳар фирқа ўзларини тўғри йўлдамиз деб ўйлаб, севинмоқда.” (Муминун, 53; Рум, 32)

Юқоридаги ҳадиси шарифнинг давомида “Ушбу нажотга эришувчи фирқада бўлганлар, Менинг ва Асҳобимнинг йўлида бўлганлардир” деб марҳамат қилинган. Имоми Раббоний ҳазратлари “Жаноби пайғамбаримиз ўзларини айтганларидан кейин Асҳоби киромни ҳам айтишни лозим топдилар ва “Менинг йўлим, Асҳобим юрган йўлдир. Қутулиш, нажот йўли фақат Асҳобим юрган йўлдир” дегандир. Асҳоби киромнинг йўлидан юрган мусулмонлар ҳақиқий аҳли суннат вал жамоат фирқасидир. Жаҳаннамдан қутуладиган фирқа ҳам фақат мана шулар.” (1/80)