Тўрт мазҳабдан бирига тобе бўлиш

Савол: “Мазҳаб имомига тобе бўлиш - Аллоҳни ва Расулини қўйиб, қулга қул бўлиш демакдир. Кейинги мусулмонлар мужтаҳидларни худди пайғамбарлардек бошларига кўтариб олишди. Етмагандек, Қуръон йўлидан ажралиб “Мужтаҳиднинг сўзи турганда Қуръон билан амал қилинмайди” дейишди. Улар кейин келган олимларга лоқайд муносабатда бўлишди. Ҳолбуки кейин келган олимлар аввалгилардан анча билимли ва кучли  бўлади. Масалан Имом Молик бир мазҳабни билса, Абдуҳ ҳамма мазҳабни билади” дейдиганларга қандай жавоб бериш керак?

Жавоб: “Мужтаҳидларни пайғамбарлардек бошига кўтаришди” деган гап бир мусулмоннинг оғзидан чиқиши мумкин эмас. Чунки бу сўз тўрт мазҳабдаги миллионларча мусулмонларга кофир тамғасини босиш билан тенг. Мусулмонга кофир деган кимсанинг ўзи кофир бўлади. Бир мазҳабга тобе бўлган мусулмонни "Қуръон йўлидан ажралиш" билан айблаш ундан ҳам катта туҳмат.

Мазҳаб - Қуръон ва Суннат йўли деганидир. Бир мазҳаб имомига тобе бўлиш, ўша имомнинг Қуръонга ва Расулуллоҳга тобе бўлганига комилан ишониб, изидан юриш демакдир. Ҳеч бир мусулмон “Мужтаҳиднинг сўзи турганда, Қуръон билан амал қилинмайди” демайди. Бу  мазҳабсизларнинг пок мусулмонларга қилган жирканч туҳматларидан бири.

Мусулмон қандай ўйлайди

Бир мазҳабга тобе бўлган мусулмон шундай дейди: “Қуръони карим ҳукмлари билан амал қилишни истайман. Лекин Қуръони карим ва ҳадислардан ўзим бевосита ҳукм чиқаришга қодир эмаслигимни тан оламан. Оят-ҳадис ўқиганимда, ўзимча тушунган ва чиқарган маъноларимнинг тўғрилигидан амин бўлмаганим учун ишонмайман ва у билан амал қилмайман. Мазҳаб имомининг тушунганларига эса, шаксиз ишонаман ва унга амал қиламан. (Дунё ишларида ҳам бирор жойим оғриса нотариусга эмас, докторга мурожаат қилсам, ўзимни ўзим даволашдан тийилиб, соҳанинг мутахассисига борсам тўғри бўлади-ку ахир.) Чунки у менга нисбатан беқиёс даражада илм соҳиби. “Қуръонга ўз райи ва тушунчаси билан маъно берган кимса кофир бўлади” ҳадиси шарифидан қўрқаман. Илмлари-ю тақволари кейин келадиганлардан кўп марталаб устун эканлиги ҳадиси шарифлар билан тасдиқланган бу улуғ олимларнинг Китоб ва Суннатдан чиқарган ҳукмларининг ўзи бир-бирига ўхшамайди. Насслардан ҳукм чиқариш осон бўлганда, ҳаммаси бирдай маънони тушунган ва бирдай ҳукмлар чиқаришган бўларди.”

“Кейин келган олимлар аввалгиларга нисбатан анча кучли ва билимли бўлади” деган гап, фан илмлари учун айтилган бўлса, албатта тўғри. Дин илмларида эса, Расулуллоҳнинг “Ҳар аср ўзидан аввалги асрдан ёмонроқдир. Қиёматгача шундай давом этади” ҳадиси шарифи эътиборга олинади. Бу ҳадиси шариф фан соҳаси намояндаларининг шахсий-маънавий баркамоллиги ва фан воситаларидан одамзоднинг саодати ё фалокатида фойдаланишлари жиҳатидан ҳам аҳаммият касб этади.

Бу қоида аксарият инсон ва соҳа учун қиёматгача кучда қолади. Ҳар асрда бундан мустасно бўлганлар ҳам чиқиб туради. Мазҳабсиз реформистлар фан илмлари билан дин илмларини бир-бирига чалкаштириб, фан илми билан фан одамини ҳам бир деб ҳисоблашмоқда. Фан албатта тараққий этиб, ривожланади, илгарилайди. Лекин бу ривожланиш фан одамларининг ҳам маънавий-руҳоний томондан такомиллашиб, солиҳ инсонга айланганини кўрсатмайди. Кейин келган фан одамлари орасида аввалгилардан ҳам қолоқроқ, ахлоқан бузуқ ва тубан одамлар кўп чиққан.

Дин имомларимиз Қуръони каримдан ўз райлари бўйича маъно чиқаришга уринишмади. Ўзларини бунга ожиз деб билдилар. Расулуллоҳнинг Қуръони каримга қандай маъно берганини Асҳоби киромдан сўраб-суриштириб ўргандилар. Асҳоби киромнинг англаб тушунганларини ўзлари тушунган тушунчалардан афзал деб қарадилар. Имоми Аъзам ҳар қандай саҳобанинг сўзини ўз тушунганидан устун кўрарди. Расулуллоҳдан ва Асҳобдан келган бир хабар топмаса, ўзи ижтиҳод қилишга мажбур бўларди.

Буни ваҳҳобийлар ҳам таъкидлашган. Масалан  “Фатх-ул мажид” деган ваҳҳобий китобининг 388-саҳифасида: “Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) айтадики: Китобуллоҳга, Расулуллоҳнинг ҳадисига ва Саҳобанинг сўзига мос келмаган бирон гапимни топсангиз, менинг сўзимни ташланг! Уларнинг сўзларига амал қилинг! Имоми Шофий айтган: Китобимда Расулуллоҳнинг суннатига мос келмаган бир нарса топсангиз, менинг сўзимни қўйиб, Расулуллоҳнинг суннатига амал қилинг!” дейилган.

Аҳли суннат олимларининг Китобуллоҳга ва ҳадиси шарифларга қанчалик маҳкам ёпишганликларини ваҳҳобий китобининг ёзувлари ҳам тасдиқлаб турибди. Шунинг учун Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг тўғри маъоларини билмоқчи бўлганлар аҳли суннат олимларининг калом ҳамда фиқҳ китобларини ўқиши керак. Китобни ва суннатни изоҳлаган (аҳли суннат) олимларининг китобларини ўқишдан қочганларнинг Ҳақдан қочган жоҳилларга ўхшашини ваҳҳобий китоблари ҳам ёзган.

Ҳар асрда келган ислом олимлари ўзларидан аввал келганларнинг улуғликлари, устунликлари, варо ва тақволари олдида беадаблик қилиб қўйишдан чўчиб, титраб туришарди. Уларнинг қавлларини мустаҳкам далил, 0увватли ҳужжат, кучли васийқа сифатида қабул қилшарди.

Бу дин одоб дини, тавозе динидир. Жоҳил одам журъатли бўлади, ўзини олим деб ҳисоблайди. Чинакам олим бўлган зот тавозе кўрсатади. Жаҳаннамга кетишлари хабар берилган 72 фирқанинг асосчилари бўлмиш раислари ҳам чуқур билимга эга олим кишилар эди. Лекин улар имларига ишониб, Китоб ва Суннатдан бевосита маъно чиқаришга ҳаракат қилишди. Шу тариқа Асҳоби киромга тобе бўлиш шарафига ноил бўлиша олмади. Уларнинг тўғри йўлидан адашишдан ўзларини ва эргаштирган одамларини қутқара олишмади.

Тўрт мазҳабнинг олимлари, олимлик мартабаси тақозо қилган тавозелари туфайли ўз теран ва юксак илмларини тўғридан Қуръони каримдан ҳукм чиқариш мақсадида ишлатишмади. Бунга жасорат қила олмадилар. Улар беқиёс илмларини Расулуллоҳ ва Саҳобалари хабар берган таълимотларни пухта тушуниш ишида қўлландилар.

Аллоҳу таоло инсонларга “Қуръони каримдан ҳукм чиқаринг” деб буюрмади. “Расулимнинг ва Асҳобининг чиқарган ҳукмларига тобе бўлинг, уларни қабул қилинг” деб буюрди. “Расулимга итоат қилинг, унга тобе бўлинг” деган ояти карима ва “Асҳобимнинг йўлига эргашинглар” деган ҳадиси шариф буни очиқча билдирмоқда. Шундай улуғ олимлар Қуръони каримнинг маъносини тушунишда ўз райларини баён қилишдан зиёда Саҳоба ва Расулуллоҳнинг қавлларини таржиҳ (танлашади) қилишади-ю, охирзамоннинг нодонлари муроди илоҳийни аниқ билмасдан туриб, "демак Аллоҳ ундай деган, Расулуллоҳ бундан деган"- деб ўз тушунчасини, қатъий равишда ишонч билан айта олади? Айтса ҳам, бу хулосалари қанақасига тўғри бўлади? Аллоҳу таоло бундай услубда гапиришни тақиқлаган. Тафсир олимлари ва мазҳаб имомлари ҳам бундай дейишга жасорат қила олмагандилар. Улар ўз тушунганларини баён қилгандан кейин “Бу менинг тушунганим, тўғрисини яна Аллоҳ билади” дердилар. Қуръони каримнинг маъносини ҳаттоки Саҳобаи киром ҳам тушунишга ожизлик қилиб, Расулуллоҳдан сўрардилар.

Абдуҳ издоши бўлмиш йигитга

Абдуҳчилар, мусулмонларнинг ва Ислом олимларининг асрлар давомида мавжуд тўрт мазҳабдан бирига тобе бўлиб келганликларига негадир чидай олишмайди. Шунинг учун бир қатор охирзамон бемазҳабининг гувоҳлигига асосланиб, ўзларича маълум бир мазҳабга тобе бўлишнинг жоиз эмаслигини исботлашга уринишмоқда. Далил сифатида илгари сураётган китобларини ўзлари ўқиб ҳам, уқиб ҳам кўрмаган, фақат дуч келган чалақалам мазҳабсизнинг китобидан узиб олганликлари аниқ. Чунки имоми Шаронийдек улуғ бир олимнинг “Мизон”идан нақл қилиб, имоми Аҳмаднинг, ўзи мужтаҳид ҳадис имоми бўлган Абу Довудга “Ҳеч кимни тақлид қилма, динни Расулуллоҳ ва Асҳобидан ўрган” деган сўзини келтиришган. Яна орқасидан “Кўрдингизми, Шароний ҳам тўрт мазҳабдан бирига тобе бўлишни тақиқлаяпти” демоқчи бўлишяпти.

Абдуҳчиларнинг билмайдиган иккита нарсаси бор.

Биринчиси: ҳар бир мужтаҳид ўз ижтиҳоди бўйича амал қилади. Ундай мужтаҳиднинг бошқа бир мужтаҳидга эргашиши жоиз эмас. Имоми Шофий ҳазратлари имоми Аъзамнинг жуда улуғ олим эканлигини билган ҳолда ўз ижтиҳодлари билан амал қилган.

Иккинчиси: имоми Шароний ҳазратлари 4 мазҳабнинг ҳақ эканлиги, мутлақо ушбу мазҳаблардан бирига тобе бўлиш кераклигини уқдириш учун “Мизон-ул кубро” китобини ёзганлар. Зоҳирий ва ботиний илмларнинг мутахассиси бўлмиш Абдулваҳҳоб Шароний ҳазратлари ҳадис ва фиқҳ олими бўлиб, Шофий мазҳабидадир. “Мизон”нинг фақат муқаддимасини ўқиб, унга амал қилган киши мазҳабсиз бўлишдан қутулади.

“Мизон”нинг муқаддимасида:

“Тўрт мазҳабдан бирини тақлид қилмаган одам залолат йўлига тушади. Зиндиқ бўлиб, ўзгаларнинг ҳам йўлдан чиқишида шайтонга ёрдамчи бўлади. Бугун мавжуд бўлган тўрт мазҳабнинг бари ҳақ ва саҳиҳдир. Бир-бирларидан устунлик томони йўқ. Чунки барчаси битта дин манбаидан олинган.

Тўрт мазҳабнинг имомлари ва уларни тақлид қилган олимларнинг барчаси ҳар бир мусулмоннинг тўрт мазҳабдан бирини танлашда эркин эканлигини билдирганлар. Аллоҳу таоло амалда мазҳабларга бўлинишдан рози эканлигини Ҳабиби воситаси ила маълум қилган. Расули бу хилма-хилликнинг илоҳий раҳмат эканлигини хабар берган. Мужтаҳид бўлмаган кишининг бирон бир мазҳабга тобе бўлиши шарт. Бир олим мужтаҳидлик даражасига юксалгач, ўзининг ижтиҳодлари бўйича амал қилиши керак. Имоми Аҳмаднинг “Илмни имомларингиз олган манбадан олинг, тақлидчилик билан қолиб кетманг” деган сўзи мана шуни тасдиқлаб турибди.

Расулуллоҳ жанобимиз Қуръони каримда қисқа ва ёпиқ маъноли бўлганларни изоҳлаб билдирмаганларида, Қуръони карим маъноси тушунилмаган куйда қоларди. Расулуллоҳнинг меросхўрлари бўлган мазҳаб имомларимиз ҳам ўз навбатида ҳадиси шарифлардаги мавҳум жиҳатларни изоҳламасаларди, пайғамбаримизнинг суннатлари ҳам уммат тарафидан тўғри тушунилмай қоларди. Шу тариқа ҳар асрда келган олимлар Расулуллоҳга эргашиб, диннинг мавҳум нуқталарини изоҳлаб боришди. Наҳл сурасининг 44-оятида: “Инсонларга нозил қилганимизни уларга баён қилгин” деб буюрилди. Баён қилиш - маъносини очиқлаб, изоҳлаб бериш демакдир. Агар нозил қилинганларни олимлар ҳам изоҳлашга қодир бўлишса эди ва Қуръони каримдан ҳар бири ҳукм чиқара олишса эди, Аллоҳу таоло Расулига “Сенга ваҳий қилганларимизни одамларга таблиғ қилгин” деб буюрарди, баён қилишларини амр этмасди.” (Мизон)

Тўрт мазҳабга тобе бўлганлар бир-бирларига биродардир. Имонлари бир. Амалдаги баъзи фарқлар эса Аллоҳнинг раҳматидир. Аллоҳу таоло мужтаҳид бўлмаган мусулмонларнинг бир мужтаҳидга эргашишини амр этиб “...ва улул-амрингизга итоат қилинг” деб буюрди. (Нисо, 59)

Улул-амр - насслардан ҳукм чиқара оладиган олимдир. (Нисо, 83)

Ҳадиси шарифда “Улул-амр фиқҳ олимларидир” деб марҳамат қилинди. (Доримий)

Имоми Суютий ҳазратлари Итқон тафсирида Ибни Аббос ҳазратларининг “Улуламр фиқҳ олимларидир” деб айтганини хабар берганлар.

Улул-амрнинг фиқҳ олими эканлиги "Тафсири кабир" 3-жилднинг 375-чи, Имоми Нававийнинг "Муслим шарҳи" 2-жилдининг 124-саҳифасида, "Маолим" ва "Нишопур" тафсирларида ҳам ёзилган. Исро сурасининг “У кунда ҳар фирқани имомлари билан чақирамиз” маолидаги 71-ояти “Руҳ-ул баён” тафсирида: “Мазҳаб имоми билан чақирилади. Масалан, эй Шофий ёки эй Ҳанафий деб чақирилади” деб тафсир қилинган.

Ибни Обидин ҳазратлари “Муайян бир иш ёки ибодатнинг саҳиҳ бўлиши учун уни тўрт мазҳабдан бирига тобе бўлган ҳолда бажариш керак. Бир ибодатни бажараётганда, унинг шартларидан бири бир мазҳабга, яна бири бошқа мазҳабга мос бўлса, бу ибодат саҳиҳ бўлмайди” деб ёзган. (Радд-ул мухтор, 51-б)

С.Аҳмад Таҳтовий ҳазратлари “Дурр-ул мухтор” хошиясининг “Забойиҳ” қисмида айтадики: “Бугун ҳар бир мусулмоннинг тўрт мазҳабдан бирида бўлиши вожибдир. Тўрт мазҳабдан бирида бўлмаган одам аҳли суннатдан ажралади. Аҳли суннатдан ажралган одам эса, ё залолатда ёки кофир бўлади.”

Ибн Хазм, Шавконий, Абдуҳ, Рашид Ризо, Сиддиқ Ҳасан каби мазҳаб душманларининг бир қисми тақлидни ҳаром ҳисоблаб, бошқа бир қисми эса мазҳабларни бирлаштириб, кўплаган мусулмонни залолатга етакламоқда.

 Мазҳаблар биродардир

Бир мазҳабда бўлган мусулмон бошқа уч мазҳабдаги мсусулмонларни биродари деб билади. Уларни ранжитмайди. Бир-бирларини ҳурмат қилади, ўзаро ёрдамлашади. Аллоҳу таоло мусулмонларнинг имонда бирлашишларини амр этмоқда. Мана шундай эътиқодда бўлишга аҳли суннат дейилади. Бутун мусулмонларнинг аҳли суннат олимлари билдириганидек ишонишлари, эътиқод қилишлари керак. Кейиндан чиққан бидъат фирқаларининг тутган эътиқод йўлларининг бузуқ эканлигини хабар берган мўътабар китоблар жуда кўп.

Амалда мазҳабларнинг бир эмас, кўп бўлиши фойдали эканлиги ақл билан ҳам осон тушунилади. Инсонларнинг яратилишлари бир-бирига ўхшамаганидек жазирама чўлда яшаганларга бир мазҳабга тобе бўлиш қулай бўлса, қутбларга яқин жойда яшаганларга бошқа мазҳабга тобе бўлиш қулайроқ бўлади. Тоғда яшайдиганларга бир мазҳаб қулай бўлса, денгизчиларга бу мазҳаб қийинчилик туғдиради. Бир касалга бир мазҳаб қулайроқ бўлса, бошқа бир касалга бошқа мазҳаб қулайлик беради. Далада ишлайдиганлар билан фабрикда ишлайдиганлар учун ҳам бу фарқ осонгина билинади. Ҳар ким ўзига қулай бўлган мазҳабни танлаб, уни тақлид этади ёки унга тамоман ўтади.

Агар бидъат фирқалари хоҳлагандай фақат бир мазҳаб бўлганда эди ва бутун уммат бир мазҳабда бўлишга мажбур қилинганда эди, бу ҳолат жуда катта машаққатларга йўл очар, ҳатто амал қилиш имконсиз бўларди. Расулуллоҳ жанобимиз хабар берган тўрт ҳақ мазҳабдан бирига тобе бўлиш керак.

Қутулиш фирқаси

Савол: Бугун турли мусулмон гуруҳлари бор. Булардан фақатгина биттаси тўғри дейилади. У ҳолда тўрт мазҳабнинг тўрттаси ҳам қанақасига ҳақ бўлади? Бу мавзуда бир ҳадис борми?

Жавоб: Бу умматнинг турли гуруҳларга бўлиниши, биттасидан бошқа барча гуруҳларнинг бидъат фирқаси бўлиши, уларнинг Жаҳаннамга кетиши Расулуллоҳ жанобимиз тарафидан билдирилди. Бир ҳадиси шариф мазмуни қуйидагича: “Исроил ўғиллари 72 фирқага ажралди. Умматим эса 73 фирқага бўлинади. Улардан битта фирқа қолиб, бошқаси Жаҳаннамга кетади. Қутуладиган ўша битта фирқа менинг ва асҳобимнинг йўлида бўлганлардир.” (Термизий, Доримий)

Эътибор берган бўлсангиз “Фақат менинг йўлимдан юрганларгина қутулади” демадилар, “Асҳобимнинг йўлидан юрган ҳам қутулади” деб марҳамат қилмоқдалар. Асҳобининг ижтиҳодлари фарқли эди. Шунинг учун мазҳабларга бўлиниш хавфли эмас, ҳатто раҳмат эканлиги ҳадиси шарифларда билдирилди. Юқоридаги ҳадиси шарифда хабар берилган фирқа эътиқод жиҳатидан тўғри бўлган ягона фирқадир. Ҳақиқий олимлар ушбу ҳадиси шарифдаги қутуладиган фирқанинг "аҳли суннат вал жамоат" фирқаси эканлигини якдиллик билан билдиришган. Эътиқодда фарқланиш бўлмайди. Шунинг учун "нажот топадиган, яъни қутуладиган ягона фирқа" дейилди, бошқалари бидъат фирқаларидир. Бидъат аҳли эса, муҳаққақ Жаҳаннамга кетади. Бир ҳадиси шариф мазмуни қуйидагича: “Сўзларнинг энг тўғриси Аллоҳнинг китоби, йўлларнинг энг тўғриси Расулуллоҳнинг йўлидир. Ишларнинг энг ёмони эса бидъатдир. Ҳар бир бидъат бузуқлик ва залолатдир, ҳар бир залолатнинг жойи Жаҳаннамдир.” (Бухорий, Муслим, Насоий)